Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:26

Қўшиқчи Жаҳонгир Отажонов виртуал пойгада илғор


125 мамлакатга оид ҳофизларнинг WOMAD жонли ижро виртуал танловида ëш ўзбек ҳофизи Жаҳонгир Отажонов учинчи ўринда бормоқда.

Фейсбукда 125 ижрочи орасида ўтказилаëтган жонли ижро танловида Жаҳонгир Отажонов “Бухоро мавригиси” ва “Четга чиқ аравакаш” қўшиқлари билан иштирок этмоқда.

Жаҳонгир Отажоновнинг Озодликка айтишича, бу икки қўшиқнинг туркий ва форсийда куйланиши унга берилган овозлар сонини кўпайтирувчи омил бўлган.

Озарбайжон, Эрон, Тожикистон ва Туркиядан жуда кўп мухлислар 125 ҳофиз ичидан Жаҳонгирга овоз бериб, унинг танлов пирамидаси чўққисига чиқишига кўмак беришган.



Айни пайтда Фейсбукда ҳофизлар учун овоз бериш жараëни давом этмоқда.

Сешанба эрталаб иккинчи ўринда бўлган Жаҳонгир Отажонов сешанба тушдан кейин учинчи ўринга тушди.

Биринчи ўринда эроннинг “Нўшбанд” мусиқа гуруҳи бормоқда.

Овоз бериш 27 июн куни якунланади.

Ғолибни ФАҚАТ Фейсбукда берилган овозлар, яъни Like (Thumbs Up) сони аниқлайди. Энг кўп овоз олиб 1-ўринни эгаллаган санъаткор июлда Лондонда бўладиган WOMAD жонли ижро халқаро фестивалида 45 дақиқа қўшиқ куйлаш ҳуқуқини қўлга киритади.

Фейсбукдаги жараëнни кузатаëтган 20 яшар АҚШдаги ўзбек юзери Нодирага кўра 125 давлат ҳофизлари ичидан Жаҳонгир Отажоновнинг учинчи ўринга чиқиши санъаткорнинг катта ютуғидир.

Жаҳонгир Отажоновнинг мухлиси бўлган Нодира фейсбукдаги ўзбекларнинг Жаҳонгир Отажоновни қўлламаëтганидан таассуф билдирди.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Жаҳонгир Отажонов ашулачи бўлишига бундан 20 йил бурун ўтказилган танлов сабаб бўлганини билдирди:

-Телевизорда классик қўшиқлар танлови бўлди. Мен ўшанда ипподромда савдо қилар эдим.

Танловда қатнашганимдан кейин бир пасда ҳамма танийдиган ҳофизга айландим¸ дейди Жаҳонгир Отажонов

Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажоновнинг жияни бўлган 41 яшар Жаҳонгир Отажонов Хоразм халқ қўшиқларини жонли ижро қилиб келаëтган ҳофиз сифатида кўрилади.

Ўз жияни Жаҳонгир Отажановнинг фейсбукдаги пойгасини кузатаëтган Ортиқ Отажонов Озодлик орқали унга омад тилади:

-Жияним Жаҳонгир Отажонов тўғрисида гапирса арзийдиган ашулачи. Жаҳонгир классикани ҳам яхши ижро қилади. Танбур чалади ўзи, консерваторияни тугатган, маълумоти яхши.
Яқинда мана Истиқлол саройида икки кун концерт берди. Икки кун концерт ҳам 100 фоиз жонли ижро бўлди. Бундай жуда қийин. Бугунги ëшларимиз кўпчилиги фонограммага ўрганиб қолган.
Лекин бу журъат қилдики, жонли ижро қиламан деб ҳаммага маъқул бўлди. Ҳамманинг оғзида Жаҳонгирнинг ижроси. Чунки жуда баланд-баланд пардаларда, 20-30 скрипкачилар, ҳар хил инструментлар ўтириб саҳнани тўлдириб бемалол икки соатдан зиëд концерт берди.
Ҳаммамиз қойил қоламиз. Чунки ўзбек қўшиқчилигига шундай журъатли, шундай юракли ашулачилар керак бўлади. Чунки бизнинг қўшиқчилигимиз паст пардаларда куйланадиган ашула эмас.
Ота-бобомиздан, ўтган пиру устозларимиздан қолган Фарғона, Тошкент йўллари, Бухоро, Самарқанд, Хоразм йўллари булар ҳаммаси баланд пардаларни талаб қилади. Пастга тушиб кетса қўшиқчилик унда халққа етиб бормайди. Халқимиз фидоийлигимизни, пешонамиз терини, ҳалол меҳнатимизни кўриб ўрганган. Халқимизга бугун паст пардаларда куйласак бўлмайди. Шунинг учун ҳам ëшларимизга, Жаҳонгирга соғлиқ, омонлик тилайман. Жуда ҳам муваффақиятли келаяпти ҳозир. Ҳаммаси ўнгидан келсин. Бу Ўзбекистонимизнинг фахри албатта. Мен Жаҳонгир жияним билан фахрланаман¸ дейди халқ артисти.


125 давлат вакиллари ичида Жаҳонгир Отажонов ҳам қатнашаëтган халкаро танловда овоз бериш мана бу саҳифа орқали давом этмоқда.

http://apps.facebook.com/womadbandcomp/?fb_source=search&ref=ts

Танлов иштирокчилари орасидан Jahongirни топинг ва унинг ёнидаги Thumbs Up ( ) ни босинг.

Босганингиздан сунг Thumbs Up ни ёнидаги рақам 1 га кўпайса, демак овозингиз қабул қилинди.

Овозлар янада кўпроқ тўпланиши учун буни ўз статусингизга жойлаштириб, дўстларингизни овоз беришга чорланг.
XS
SM
MD
LG