Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:10

"Гулноранинг тўйи"дан кейин қайтадан тўй ўтказилаяпти


Гулнора Каримовага қарашли “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси – Фонд Форум "ҳомийлигида" ўтказилаётган ҳашар тўйларидан сўнг айрим оилалар қайтадан маҳаллага тўй қилиб бераяпти.

Самарқанд шаҳар Каттақўрғон маҳалласида яшовчи 28 ёшли Камол Каримов уч ўғил - 6 ёшли Жамол, 4 ёшли Давлат ва 2 ёшли Элдорнинг отаси.

22 июн куни Самарқанддаги "Мўъжиза" ресторанида Фонд Форум ўтказган ҳашар тўйлар соҳиблари рўйхатида Камол Каримов ҳам бор.

Фонд Форум Камол Каримовнинг бирданига уч ўғлига суннат тўйларини ўтказиб берди.

Ўша кунги тўйни эсларкан Камол, бундай дабдабали тўйни умрида биринчи бор кўрганини айтади.

- Артистлардан Манзура, Сато гуруҳи бор эди, ўзимиздан Мардон Мавлонов бор эди. Тўғриси мен бундай тўй кўрмаган эдимда. Кутмагандим бундай бўлишини, лекин гап йўқ,- дейди суҳбатдош.

Камол бу каби ҳашаматли тўйни кўриш ўзининг қариндошларига насиб қилмаганини айтади. Боиси уларнинг ҳеч бири бу тўйга таклиф қилинмаган.

- Қариндошдан мен ҳеч кимни олиб кетмагандим. Ўзим, келинингиз, уч ўғлим кейин ўзимизнинг маҳалладан одам олиб кетганман, маҳаллқўмлар,- дейди Камол Каримов.

Ҳозирда шаҳардаги машина ювиш шохобчаларидан бирининг ишчиси бўлган Камолнинг айтишича, маҳаллий ҳокимликка оиласи учун моддий ёрдам сўраб борган пайти уни ҳашар тўйга кўндиришган.

- Бошқа нарса сабаб билан ҳокимиятга борган эдик. Шундай бўлиб қолди, тўйимни қилиб беришдида. Энди ўзи сабаб бошқа нарса эди борганимиз,- дейди Камол.

Камол уч ўғлини ҳам 23 июн куни суннат қилдирди. 25 июн куни эса маҳаллага қайтадан дастурхон ёзди.

- Кеча маҳаллада ош қилиб бердим ўзим. Барибир ўзим отасиманку. Ош қилиб, маҳаллада алоҳида яна тўйини бошқатдан қилиб бердим. Халқ ҳам билсин маҳаллалар деб. Ўзимнинг ҳам ниятим бор эдида. Энди ўзбекчиликда. Маҳаллада жўраларим бор, ўртоқларим бор, қариндошлар бор. Кейин айтмасинда, бу ўғлини кесдию бировни айтмади деб. Бизлар ҳам тўй еганмиз, шуни қайтариб бериш керакку,- дейди Камол Каримов.

"Каттақўрғон" маҳалла қўмитасининг ўзини таништирмаган ходими Камол Каримов моддий ёрдам сўраб ҳукумат идораларига мурожаат қилганда, унинг ўғилларига ҳашар тўй ўтказиш таклифи бўлганини тасдиқлади.

- Ўзи келиб мурожаат қилган эди, шу нарсага тушиб қолди. Ижарада турар экан. Келиб айтди аҳволимиз, шароитимиз оғир деб. Шуни кейин ташкиллаштирдикда. Учта болани боғчамизга жойлаштирдик. Онасини шу боғчага ишга жойлаштирдик. Шу ўртада тўйи ҳам нима бўлиб қолдида ҳокимият томонидан. Кейин шуни ҳам ўтказиб юбордик,- дейди маҳалла қўмитаси ходими.

“Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси – Фонд Форумнинг исмини ошкор қилмаётганимиз ходими ҳашар тўйлардан сўнг унинг соҳиблари орасида қайта тўй ўтказиш ҳолатлари бўлаётганини тан олди.

"Нукусда ўтказган никоҳ тўйларимиз соҳиблари орасида шундайлар бор эди. Икки жуфтлик биз ўтказган тўйлардан сўнг ўзлари пул йиғиб, яна тўй қилиш истагини билдирган эди. Бир келин-куёв менга жуда ёққанди. Улар бир-бирини жуда севиши шундоқ билиниб турарди. Улар тўй қилиш истагида бўлган. Бироқ ночорлиги боис бунга эриша олмаётган экан. Биз уларни никоҳдан ўтказиб, тўйини қилиб бердик. Тўй куни келин билан гаплашсам, барибир кейин бошқатдан тўй қилишга қарор қилишганини айтди", дейди Фонд Форум ходими.
XS
SM
MD
LG