Линклар

logo-print

Ўзимни сен десам ҳам пластик карточкамни сизлаб юргандим. Пешона тери билан топганингизни сақлаб берганидан кейин, эҳтиётлаб ишлатаркансиз-да. Лекин аяган кўзга чўп тушиши рост, шекилли. Карточкам ҳе йўқ, бе йўқ ишдан чиқди-қолди. Нима жин урдийкин, деб ўн чоғли дўконда текширтириб кўрдим: чипи бузилибди, янгиламаса бўлмасмиш...

Эсим қурсин, “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Visaсини ишлатишимни айтмадим-а?

Кўпга келган тўй: бир неча йилдан бери моянамиз карточкага ўтказилади. Ихтиёрий-мажбурий тартибда! Билмадим, ширкатимиз раҳбарининг “Ўзсаноатқурилишбанк” раиси билан салом-алиги борми - ходимлардан сўраб-нетиб ўтирмасдан Visaни танлаган.

Ўғил бола гап, аввал-бошдан ундан ҳеч кўнглим тўлмади, тўлмади! Қолган банкларнинг карточкалари, ҳартугул, дўкон-пўкон, касса-пассаларда ўтади, лекин Visa деганлари худди кибор инглизларнинг сержило фунтидек анча-мунча жойда кўриниш бергиси келмайди денг! (Пулни нақдлаштириш имконсизлиги ҳақидаги дийдиёлар билан лўқиллаб оғриётган ярангизга туз сепмай қўя қолай, а?!) Кейин, тез ишдан чиқади. Мана, ўзимдан мисол, истифода қилаётганимга ҳали йил тўлгани йўқ, чипи соб бўлибди.

Ғазначимизнинг маслаҳати билан “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Мирзо Улуғбек тумани шахобчасига бордим. Дардимни дастурхон қилдим.

Бигизпошна туфли кийган димоғдоргина қиз гапларимни киприк қоқмай эшитди. Гап-сўзларига қараганда, карточкаси “брак” бўлганлар сероб. Алиштириб бериш эвазига 10 евро ушлаб қолинишини қистириб ўтди, янги карточка 10 кунда тап-тайёр бўлишига ваъда берди. Иш осон кўчганидан кайфиятим кўтарилиб, ашулани важанг қўйиб банкдан чиқдим. Аммо чучварани хом санаган эканман...

Ўн кундан кейин банкка келдим: чўнтагимга карточка эмас, яна бир ҳафтадан кейин ишим битиши ҳақидаги қуюққина ваъдани солиб ортга қайтдим.

Бунақа ҳафталардан бир нечаси ўтиб кетдики, арзанда карточкадан дарак йўқ. Бўзчининг мокисидек қатнадим ўзиям! Ҳар борганимда, банк ходимаси устида давараланиб турган беш-олти карточкаталаб мижозни кўраман. Олифта “ходимка” эса ўзининг асабийлиги етмагандек, ҳафсала билан бошқаларнинг ҳам асабини синовдан ўтказади. Мижозларнинг сутдек ҳалол ҳаққини эмас, онасининг маҳрига келган зормонда молни улашаётгандек тутади ўзини.

“Ўзсаноатқурилишбанк”нинг туман филиали ходимлари ҳамма айбни марказий идорага ағдаради: “Пластик карточка “Республика”да ҳал бўлади. Аризангизни топширганмиз, улар юбормагунча, ҳеч нарса қилолмаймиз”.

“Республика”чилар ҳам сиртига сув юқтирадиган анойилардан эмас: “Ҳаммасини тез кунда ҳал қиламиз, хавотирга ўрин йўқ!” (Ўзи, банкирларнинг “юзингда кўзинг борми” демай алдаш маҳоратига ҳавасларим келиб юради. Талант! Туғма талант!)

Тер тўкиб топганингиз “бор барака” қилиб карточкага ўтказиб юборилган бўлса, жаноби олийлари ишлашни хоҳламай, тўнларини терс кийволсалар, нима қилиш керак? Жиш полапонлардек оғзини очиб турган болаларингизга: “Сабр қилинглар, бир ҳафтадан кейин егулик олиб келаман” демайсиз-ку! Ё карточка янгилангунча, қозонни шартта тўнкариб, оғизга қулф уриб ўтириш керакми? Бир парча матоҳни ҳафталаб кўзи тўрт кутаётган мижозларни сарсон қилиш ўрнига қулайлик яратиш ҳақида ўйлаш маъқулроқ эмасми?!

“Инқироз ботқоғига бўйнигача ботган, табиий офатдан боши чиқмаётган” (Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларини кузатсангиз, шундай хулосага келасиз, ё нотўғри гапирдимми?) Америка банкларида карточка олиш қанчага чўзилиши қизиқ туюлди менга. Океанортидаги банкда ишлаётган танишимдан сўрадим. Дўстимнинг айтишича, карточкаcи йўқолган ё ишдан чиққан шахс мурожаат қилган заҳоти унга муваққат карточка (temporary card) берилади. Яъни у ўша пайтнинг ўзидан ҳисобидаги маблағни тасарруф этиш имконига эга бўлади. Доимий карточка эса 7-10 иш кунида мижознинг уйига почта орқали юборилади (камоли мижозпарварлик юзасидан – офисга келиб вақтдан ютқизмаслиги учун!)

Энди ўзингиз холис айтинг, “Ўзсаноатқурилишбанк” шундай савиядаги хизмати билан Америкада неча кун ишлай оларди? Дарвоқе, анави танноз ходималар-чи? Бир кунда бигизпошна туфлиси, э, кавуши тўғриланар...

Бу ёғини сўрасангиз, пластик карточка кўйида банкка нақ икки ой танда қўйдим. Дунёда адолат деган нарса бор бўлса, шунча қатнаганим учун мени банкка ишга олворишлари керак эди. Беҳазил! Картошка, минг бор узр, карточка қўлимга теккан ҳолатни бирор арзон-гаров сураткаш ёллаб, тарихга муҳрлаб қўймоқчи ҳам бўлдим. Ахир, бу кунга етишгунча озмунча югурдимми?! Лекин пластикага хизмат қиладиган сураткаш топилмади, ҳаммаси нақдга ишларкан. Афсус!..

Биттагина карточкани алиштириш аччиқ ичакдек чўзилгани синоатига етолмадим, барибир. Ким билсин, ростдан ҳам унга жин теккандир, шерюрак банкирлар сериддао махлуқни ҳайдаш учун махсус илми амал қилишгандир. Бу ёғи энди менга қоронғу.

Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичаркан. Янги карточкам ишлатмасдан ўраб-чирмаб ғаладонга солиб қўйдим. Тушунинг-да энди, фойдаланадиган бўлсам, чипи яна “чип-чип, жўжаларим” деб жуфтакни ростлаб қолиши мумкин. Кейин денг, кута-кут, чопа-чоплар... Зарил кептими?..

Тўзими тўзган мижоз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG