Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:48

Чиқиш визаси йўқ ўзбекистонликлар қўшни давлатларга чиқа олмайди


Ўзбекистон ҳукумати Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистонга борадиган фуқаролар учун чиқиш визаси олиш тартибини жорий қилди. Бу ўзгартишга қадар, ўз паспортида чиқиш визаси бўлмаса-да, ўзбекистонликлар қўшнилар ҳудудига ўтиши мумкин эди.

27 июн куни республика нашрларида эълон қилинган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг МДҲ ҳудудига, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи хориж фуқароларининг чет элга чиқишига оид вақтинча Йўриқнома”нинг 1 июндан бошлаб кучга киргани айтилмоқда.

Ўзбекистонда фуқароларни биометрик паспорт билан таъминлаш жараëни тугатиладиган 2015 йил охирига қадар амал қиладиган бу Йўриқномага кўра, қўшни Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистонга бормоқчи бўлган ўзбекистонликлар паспортида чиқиш визаси бўлиши шарт.

Йўриқномага кўра, Қирғизистонга чиқувчилар бу мамлакатда 60 кундан кам қоладиган бўлса, чиқиш визаси талаб қилинмайди.

Туркманистон ва Тожикистон чегарасига яқин ҳудудда истиқомат қилувчи ва баъзи тоифадаги фуқароларга ҳам бу мамлакатларга бориш учун чиқиш визаси талаб қилинмайди.

Сўнгги икки мамлакат билан Ўзбекистон ўртасида виза режими амал қилади. Лекин Тошкентдаги Тожикистон элчихонасининг ўзини таништирмаган мулозими, янги тартиб жорий қилингунига қадар Ўзбекистон фуқаролари Тожикистонга бориш учун чиқиш визасисиз, фақатгина бу мамлакат визаси билангина боришлари мумкинлигини маълум қилди.

- Бу тартиб нафақат бизга, бошқа мамлакатларга нисбатан ҳам жорий қилинди. Ўзи бундай тартиб авваллари ҳам бор эди, беш-олти йил аввал бекор қилинган эди, ҳозир қайта жорий қилинди. Бир ярим ойча аввал, Тожикистонга бориш учун чиқиш визаси талаб қилинмас эди. Принципда, бизга фарқи йўқ, ҳозир ҳам чиқиш визасисиз Тожикистон визасини олишингиз мумкин, лекин Ўзбекистон чегарасидан ўтишда муаммолар пайдо бўлиши мумкин, деди Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили.

Айни пайтда, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси вакили 1 июндан кучга кирган тартибнинг қўшни республикаларга сафар қилишга оид қисмида янгилик жойи йўқ, дея таъкидлади.

- СССР пайтида виза йўқ эди ҳозир бор. Бир ярим ой аввал чиқиш визасисиз Тожикистон ё Туркманистонга бориб келиш мумкин эди, деганлар бекор гапни айтибди. 3-4 йил бўлиб қолди, 2-3 ой эмас, виза режими жорий қилинганига 5-6 йил бўлди, деди ИИВ расмийси.

Ўзини таништирмаган суҳбатошимиз, янги тартиб жорий қилинишидан кўзланган мақсадни изоҳлашдан бош тортди.

Тожикистондаги қариндошларини кўриш учун тез-тез қўшни мамлакатга сафар қиладиган сирдарёлик Неъматжон, янги тартиб жорий қилинганидан хабари бор. Бир ой аввал борди-келдимиз қийинлашиб қолди, дейди у.

- Тўғри, бу 1 июндан кучга кирди. Олдин чиқиш визасини унчалик суриштирмас эди, ўтиб кетаварар эдингиз, Тожикистони визаси бўлса. Ҳозир Ўзбекистон берган чиқиш визаси бўлмаса, чегарачилар ўтказмаяпти, дейди 34 ёшли Неъматжон.

Айни пайтда, МДҲнинг бошқа давлатларига саëҳат қилиш тартиби ўзгармаган ва бундан кейин ҳам Ўзбекистон фуқаролари ўзаро виза тартиби жорий этилмаган Россия, Украина, Қозоғистон, Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Молдова ва Грузияга чиқиш визаси бўлмаса ҳам боришлари мумкин бўлади.

Ўзбекистон фуқароларининг хорижга чиқиш тартибига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, 15 ёшдан 18 ëшгача бўлган фуқаролар давлат чегарасидан ташқарига чиқиш учун нотариус томонидан тасдиқланган ота-она розилигига эга бўлиши шарт.

Шунингдек, 16 ёшга тўлмаган болани хорижга олиб кетаётган шахс чегара хизмати ходимларига боланинг паспорти билан ота-онасининг нотариус тасдиқлаган розилигини ҳам тақдим этиши лозим бўлади.

YouTubeда тинглаш
XS
SM
MD
LG