Линклар

Мухолифат Конституцияни ўзгартирмоқчи


Kyrgyzstan -- The constitution of the Kyrgyz Republic, 21-jan2010

Kyrgyzstan -- The constitution of the Kyrgyz Republic, 21-jan2010

Қирғизистонда 46 нодавлат ташкилоти ва 10 та сиёсий партия амалдаги Конституцияни ўзгартириш мақсадида Халқ Конституцияси кенгашини ташкил қилди.

Қирғизистонлик таниқли жамоат арбоби Мукар Чўлпўнбаев Халқ Конституциявий кенгаши штабининг аъзоси. Унинг айтишича, 26 июн куни Бишкекда ўтган мухолифат йиғинида Қирғизистоннинг амалдаги Конституциясини ўзгартириш қарори қабул қилинган. Мукар Чўлпўнбаев янги Конституция матни кузгача ишлаб чиқилиши, жамиятда муҳокама қилиниши ва парламентга тақдим этилишини билдирди.

- Йиғинга келган барча одамлар бир овоздан Текебаевнинг Конституциясини яроқсиз деб топди. Шунинг учун ҳам янги Конституцияни ёзиш қарори қабул қилинди, - деди Мукар Чўлпўнбаев.

2010 йилда парламент депутати Ўмурбек Текебаев ташаббуси билан Қирғизистоннинг парламент республикаси экани эълон қилинган амалдаги Конституция қабул қилинган эди. Мазкур Конституцияда асосий ваколатлар парламентга берилган. Ички ва ташқи сиёсатни юритиш Бош вазир зиммасига юклатилган. Президентга эса асосан рамзий маънодаги ваколатлар берилган. Масалан, президент давлат мукофотларини тақдим этади, парламент томонидан қабул қилинган қонунларни имзолайди. Агар президент қонунни имзолашдан бош тортса, муайян вақтдан сўнг президент имзоламаган қонун ҳам парламент қарори билан кучга киради.

Мухолифатчиларга кўра, амалдаги Конституцияда президент ваколатларининг кескин қисқартирилгани, асосий ҳокимият парламент ва Бош вазир қўлида жамлангани Қирғизистонда бошбошдоқликнинг кучайишига сабаб бўлмоқда.

Бироқ Конституцияни ўзгартириш борасида барча мухолифатчиларнинг фикрлари якдил эмас. Мухолифатнинг бир қисми Қирғизистонга парламент ҳокимиятини янада мустаҳкамловчи Конституция зарур деб ҳисоблайди:

- Ҳозирги Конституциянинг битта камчилиги бор, у ҳам бўлса Конституцияда парламентнинг эмас, Бош вазирнинг ҳокимияти мустаҳкамланган. Шунинг учун бизга президент ёки Бош вазир ҳокимиятини эмас, парламент ҳокимиятини мустаҳкамлайдиган Конституция зарур, -дейди мухолифатчи Қубатбек Байболов.

Амалдаги Конституциянинг муаллифи сифатида талқин этиладиган Ўмурбек Текебаев эса бош қонунга ўзгартириш киритиш учун асос йўқлигини айтади:

- Ўн саккиз йил ичида Қирғизистонда Конституция 10 марта ўзгартирилди. Ақаев Конституцияни охирги марта 2002 йилда ўзгартирди. Бироқ бу Конституция уни сақлаб қола олмади. Халқ уни 2005 йилда ҳокимиятдан ағдарди. Бакиев Конституцияни икки марта ўзгартирди. Учинчи марта 2009 йилда Бош қонунни ўзгартиришга ҳаракат қилди. Бироқ 2010 йилда халқ уни ҳам ҳокимиятдан ағдарди.

2010 йилда амалдаги Конституция қабул қилинди. Бу Конституция қабул қилингунига қадар ўрта ҳисоб билан ҳар бир йилу етти ойда Бош қонун алмаштирилиб турилган. Аммо мана икки йилдирки амалдаги Конституцияга бирорта ҳам ўзгартиришлар киритилмади. Амалдаги Конституция Қирғизистонда шу кунгача ўзгартирилмаган ягона Конституция бўлиб қолмоқда, -деди Ўмурбек Текебаев.
XS
SM
MD
LG