Линклар

Россия Ташқи ишлар вазирлиги, агар АҚШ Конгресси адвокат Сергей Магнитскийнинг қамоқхонада ўлишига алоқадор рус расмийларини қора рўйхатга қўшишга оид қонун лойиҳасини тасдиқласа¸ Москва бунга тегишли жавоб қайтаришидан огоҳлантирди.

Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков¸ бундай қарордан Москва ҳукумати нафақат афсуслангани¸ балки ҳайратга тушганини билдирди.

- Бунга тегишли жавоб берилади. Бу ўзаро муносабатларимизда қўшимча мураккаблик чиқармайдиган мувозанатли жавоб бўлади . Аммо бу жавоб етарлича кескин бўлади¸ дея огоҳлантирди АҚШ Конгрессини Россия дипломатлари намояндаси.

Сешанба куни АҚШ Сенати қошидаги махсус гуруҳ Магнитский ўлимига алоқадор Россия расмийларига виза беришни тақиқлаш ва уларнинг АҚШдаги банк ҳисобларини музлатишга оид қонун лойиҳасини тасдиқлади.

Юқори даражали Россия расмийларини коррупцияда айблаганидан сўнг ҳибсга олинган Магнитский 2009 йил ноябрида 11 ой тутқунликда сақланганидан сўнг Москва ҳибсхонасида ўлган эди.

Тиббий муолажасиз қолдирилган адвокатнинг қамоқда қийноққа солингани айтилади. Магнитский ўлимида паст лавозимли врачлар айбланди¸ аммо бу ўлимга алоқадор асосий расмийлар жазосиз қолмоқда.

Магнитский ўлими¸ АҚШ Конгрессида¸ Россияда инсон ҳақлари вазиятининг ночорлигини кўрсатувчи рамзлардан бирига айланди.
XS
SM
MD
LG