Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:09

Грузин қишлоғи ўзбек фоҳишаларидан безор бўлган


Ажаранинг сўлим Гонио қишлоғи кўчаларидан бири.
Ажаранинг сўлим Гонио қишлоғи кўчаларидан бири.

Ҳиндистон¸ Бирлашган Араб амирликлари¸ Туркия¸ Хитой¸ Таиланд¸ Россия¸ Жанубий Корея ортидан Грузия ҳам ўзбекистонлик фоҳишалар учун муқим маконга айланиб бормоқда.

Гонио - Грузиянинг Қора денгиз соҳилида жойлашган сўлим қишлоқлардан бири. Ҳар ëзда ўн минглаб дам олувчи баробарида бу қишлоқни аксарияти Марказий Осиë¸ хусусан Ўзбекистондан келган фоҳиша қизлар ҳам ўзларига макон қилиб танламоқдалар.

Гонионинг тоза пляжларию румликлардан қолган қадим қасри йиллардан бери минглаб сайëҳларни ўзига оҳанрабодек тортиб келаëтган омиллар эди.

Бугунга келиб ана шу минглаб сайëҳларга хизмат кўрсатиш орқали пул қилиш иштиëқи юзлаб фоҳиша ва қўшмачиларни ҳам бу гўзал қишлоқнинг кунда-шундаларига айлантириб қўйди.

Қишлоқ аҳлининг Озодлик мухбирига айтишича¸ кейинги йилларда қишлоқда Марказий Осиë ва Кавказдан келиб¸ Туркия чегарасида жойлашган бу қишлоқда фоҳишачилик қилаëтганлар сони кўпайгандан кўпаймоқда.

Гонио кўчаларидаги ўзбек фоҳишалари.
Гонио кўчаларидаги ўзбек фоҳишалари.
Айтилишча¸ бу фоҳишалар хизматидан асосан Гониога визасиз ўтадиган қўшни туркиялик эркаклар фойдаланмоқда.

Ярим-яланғоч бу фоҳишалар қишлоқнинг истаган жойида истаган пайтида¸ хусусан Батумини Туркия билан боғловчи катта йўл бўйида ўз хизматларини очиқ таклиф қилади¸ дейди ҳар ëз фоҳишалар тўлқинидан безор бўлган гониоликлар.

- Аджара минтақасидагиларнинг барчаси Гониода қандай муаммо билан яшаëтганимизни яхши билади. Ўзбек аëллари қишлоқда мижоз излаб тинимсиз изғийди¸ буни болалар кўраяпти экан¸ деб салгина бўлсин истиҳола ҳам қилмайди булар. Ўзбек фоҳишаларию уларнинг турк мижозлари бутун Гонио¸ ҳатто бутун Батумини босиб кетди¸ дейди Озодликка гапирган қишлоқликлардан бири.

Бор-йўғи 3000 аҳоли яшайдиган Гониодаги келгинди фоҳишаларни илғаш қийин эмас. "Танасини сотиш учун бизнинг қишлоққа танда қўйган бу фоҳишалар биз амал қилиб келган қадрияту ахлоқни¸ бизнинг ҳисларимизни очиқчасига ҳақоратламоқда"¸ деб зорланади қишлоқ аҳли.

Улардан бири Мамума Малахмадзе гапиради:

- Бу ерга келаëтган турк эркаклари ҳамма аëлга бузуқ ва фоҳиша¸ деб қарайдиган бўлиб қолган. Биз жуда мағрур халқмиз. Агар кимдир хотинларимиз ëки аëл қўшнимизга яқинлашса¸ бошини балога тиққан бўлади. Қишлоқ аҳли нима учун бошқалар қилаëтган ахлоқсизлик учун товон тўлаши керак?¸ дейди Малахмадзе.
Гониоликлар¸ қишлоқ¸ қолаверса Батуми тарафларда фоҳишаларнинг урчиб кетгани учун бу муаммога кўз юмаëтган расмийларни айблайди.

Гонионинг румликлардан қолган қадим қасри бу қишлоққа сайëҳларни жалб қилаëтган асосий омил эди.
Гонионинг румликлардан қолган қадим қасри бу қишлоққа сайëҳларни жалб қилаëтган асосий омил эди.
Секс туризм оқимини тўхтатиш талаби билан гониоликлар мунтазам суратда пикет ўтказиб келмоқда. Яқинда гониоликлардан 450 нафари маҳаллий ҳоким¸ Аджара минтақаси маъмурияти ва президент Саакашвили идорасига шикоят хати билан мурожаат қилди.

Расмийлар¸ муаммони ҳал этиш учун айрим чоралар кўрилаëтганини айтмоқда.
Уларга кўра¸ маҳаллий полиция қишлоқда мунтазам рейдлар ўтказиб келмоқда.

Аммо қишлоқликларга кўра¸ полициячилар ичида фоҳишабоз тўдалар билан ҳамкорлик қилувчилар борлиги учун¸ бу рейдлар одатда ҳеч қандай самара бермайди –олдиндан огоҳлантириладиган фоҳишалар рейд маҳали кўздан ғойиб бўлади.

Яқинда Грузия суди Аджара минтақасидаги фоҳишалар тармоғини бошқариб келган шахсни 15 йиллик қамоққа ҳукм қилди.

Жорий ҳафта озарбайжонлик аëл фоҳишалик қилаëтганига иқрор бўлгач¸ 60 долларлик жаримага тортилиб¸ Грузия ҳудудидан ҳайдаб чиқарилди.

Аммо бундай чоралардан Гониодаги фоҳишалар сони камайиб қолаëтгани йўқ.

Ҳукуматга йўлланган шикоят хатига қўл қўйган гониоликлардан бири Давид Коколадзега кўра¸ жазосиз қолаëтган фоҳишалар борган сари сурбетлашиб бормоқда:

- Биз фоҳишаларга шикоят қилсак¸ улар биз билан урушиб кетади ва “бу сенинг ишинг эмас”¸ деб бизни ҳайдаб солади. Мижозлар орасида арман эркаклари ҳам бор. Фоҳишаларнинг энг кўпи ўзбекистонлик қизлар. Доғистон¸ Чеченистондан келганлар ҳам бор. Катта йўлдан ҳукумат вазиридан тортиб то деҳқонга қадар фойдаланишини ҳисобга олсангиз¸ бу кичик қишлоқда нималар бўлаëтганини тасаввур қилишингиз мумкин¸ дейди Коколадзе.

Кузатувчиларга кўра¸ Гониодаги фоҳишалар орасида ўз хоҳиши билан бу ишни қилаëтганлар баробарида¸ одам савдоси қурбонига айланган қизлар ҳам бор.

Грузия ҳукуматининг одам савдосига қарши кураш бобидаги саъй-ҳаракатларини олқишлаган АҚШ Давлат департаменти 2012 йилги ҳисботида Ўзбекистон ва айрим бошқа мамлакатлардан келган қизларнинг тижорий секс саноатига мажбуран жалб этилаëтганини танқид қилган эди.

Узоқ йиллар давомида¸ одам савдоси жараëнида транзит мамлакати бўлиб келган Грузия¸ АҚШ ҳисоботида айтилишича¸ кейинги йилларда бу жараëн муқим ўринлашаëтган манзилга айланмоқда.
XS
SM
MD
LG