Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:13

Ўзбекнинг боласи "бандит" бўлишни орзу қилади


Қайсидир маҳаллий телеканалга интервю беришга тайëрланган ўқувчи болакай¸ ўргатилганидек "Катта бўлсам банкир бўламан"¸ дейиш ўрнига¸ "Катта бўлсам бандит бўламан" деб юборади.



“Мен эккан дарахт ташлаган соянинг четига чиққунча патинкангиз йиртилади, укагинам, ҳали ёшсиз, ҳадеб анойи деяверманг мени!”

Бу гапни кеча Фаррухга айтдим.

Рост-да, ахир. Гапировради, гапировради.

“Соддасиз, Сарвар ака”, дейди. “Анойисиз”, дейди.

Анойимасман. Бироз ишонувчанлигим бор, холос.

Лекин, Фаррух эшитиб қолмасину, кеча Интертармоқда бир ролик кўриб қолганимдан кейин, чинданам анойийканман, девордим.

Ролик ҳақида кейинроқ айтай.

Олдин “Телевизор”нинг ўтган ҳафтадаги чиқишида тилга олинган бир эпизодни эсламоқчиман.

“Ахборот” дастурининг сюжетларидан бирида мухбир “Ўзбекистонда кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган болалар ҳамда меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ёзги лагерларда дам олишни бошлагани” тўғрисида ҳикоя қилган, сюжетда болакайлардан бирининг айтган мана бу гапи ҳам келтирилган эди:

“Ўтган йил ҳам лагерга келган эдим. Ўшанчун ҳамма шароитлар яратилгани учун бу йил ҳам келдим. Ҳамма нарсаси зўр”.

“Ўтган йили ҳам лагерга келган эдим”, деди болакай. Бироз расмийроқ, лекин, принципда, ўқувчи боланинг тилидан чиқиши мумкин бўлган, муайян информация ташувчи гап.

“Ҳамма нарсаси зўр!” Бу - ўқувчи боладан чиқиши мумкин бўлган жайдари гап.

Лекин аввалги гап билан кейинги гап орасидаги мана бу “Ўшанчун, ҳамма шароитлар яратилгани учун (таъкид бизники – C.У.) бу йил ҳам келдим” деган гапни бу болакай қаердан олақолди? “Шароитлар”нинг “ҳамма”си қандай бўлишини бу тирранча қаердан билақолди?

Бу саволлар хаёлимни бир зумга банд этгану ёз ёмғиридай из қолдирмай йўқолган эди – ишонгандим-да!

Тўғри, хаёлимдан “Ўзбекнинг боласи газета ўқиётгандай гапирадиган бўпти-я, “ҳамма шароитлар яратилгани учун бу йил ҳам келдим”нинг ўрнига нега “Бултур маза қилувдим, бу йил яна маза қимоқчиман”, деб қўя қолмайди?” деган гап ҳам ўтганди.

Чунки бу тўлмаган кўнгил, э, кўнгилни қўйинг, қулоқ жонли сўз эшитгиси келади-да!
Жонли сўзда юк бор-да! Ҳарорату ўлчам бор-да, жонли сўзда!

“Маза қилдим”, дейиши мумкин бола.

“Мазза қилдим”, дейиши ҳам мумкин.

“Маззза қилдим”, девориши ҳам мумкин.

З”лар миқдоридан келиб чиқиб, мен – томошабин - “шароитлар” қай даражада яратилганини ўзим тушуниб оламан.

“Мааззза қивордим”, деворса-чи?!

“Ҳамма шароитлар яратилгани учун”га ўхшаш жонсиз, руҳсиз жумлаларни ўзбек телевидениесининг кўрсатувларидан тез-тез эшитиш мумкин. Вақтингизни олмай, ўзингиз тингланг.

Бир пайтлар Мирзакалон Исмоилий домла ўз шогирдларини ҳикояларида “ва” боғловчиси ишлатгани учун обориб-опкелганларини эшитгандим. Идора ҳужжати тилида ёзмасликни, халқона ёзишни уқтирарди экан шогирдларига Исмоилий домла.

Хўш, қаердан келаяпти ТВ қаҳрамонлари тилидан чиқаётган сип-силлиқ, жонсиз ва руҳсиз жумлалар?

Мени анчадан бери ўйлантириб келаётган бу савол жавобини куни кеча кўзим тушиб қолган роликдан (анойи эканлигимга далил бўла оладиган роликдан) топдим.

Мана ўша ролик:



Эшитдингизми? Ҳайрон бўлдингизми? Оғзингиз очилдими?

Мен ҳам ҳайрон бўлдим. Менинг ҳам оғзим очилиб қолди.

Болакай ўз тили билан, ўз сўзлари билан, ўзининг орзусини айтиб қўйса осмон узилиб тушадими?

Масаланинг бошқа жиҳати ҳам бор.

Нима учун болакай мухбир қиз зўр бериб таклиф қилаётган “Банкир” сўзини “Бандит”, деб эшитаверди?

Нима учун у “Банкир”ни “Бакир”, “Башир” ёки “Бадр”, деб эшитмади?

Балки ўзининг исми “Жавоҳир”дир, “Жаҳонгир”дир?

“Болтабой” бўлса-чи? Бу ҳам яхши исм. ЎЗИНИНГ исми. Қувгина бола экан. Гап исм ҳақида кетмаётганини билаяпти.

“Банкир”ни “Банги”, деб эшитиб олиши ҳам мумкин эди. Маъносини билмаса ҳам қулоғига тушган бўлиши мумкин бу сўз қувгина болачанинг? Лекин барибир хаёлига келмади “Банги” сўзи.

Хўш, нега “Банкир” “Бандит” бўлиб қолди?

“Менимча, деди Фаррух, бу масалада “Қуш уясида эшитганини айтади” дейиш керак ўзбекнинг нақлини бироз қийшайтириб. Долларларини давлат нархида сотиб ололмаётган ота-онаси банкирларни бандит, деса керак”.

Бўлса бордир, дедим мен. Бу гапга ишондим. Ҳамма гапга ишоноврадиган содда, баъзида ҳатто анойи одамман.

Бир кун келар, болалар “банкир” сўзини “бахил”, деб эшитадиган бўлар. Ва бу адашиш табиий адашиш бўлади.

Чунки дунё дунё бўлибдики, банкир бахил бўлади. Бахил бўлмаса, банкир бўлолмасди.

“Банкир” “бандит”, деб эшитиладиган замондагина, мухбирлар болаларга нима дейиш керагу нима демаслик кераклигини ўргатади.
XS
SM
MD
LG