Линклар

Қирғизистонда коррупцияда айбланиб қамоққа олинган парламент депутати Наримон Тулеев бир неча кундан бери очликни тўхтатгани йўқ.

Қирғиз парламенти депутати Наримон Тулеевнинг адвокати Султон Баратов ўз ҳимоясидаги одам ўзининг ноқонуний қамоққа олинишига норозилик сифатида очлик эълон қилганини ва ўзига нисбатан адолатли қарор чиқарилмагунига қадар очликни тўхтатмаслик ниятида эканини билдирди.

Адвокатнинг айтишича,бир неча кунлик очлик оқибатида Наримон Тулеевнинг саломатлиги ёмонлашган.

Наримон Тулеев 24 июн куни Бишкек шаҳар Биринчи май туман судининг қарори билан 2 ойга ҳибс қилинган эди. Қирғизистон Бош прокуратураси депутатни 2008-2010 йилларда Бишкек шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турганида давлат бюджетига бир миллион 400 минг доллар зиён келтирганликда айбламоқда.

- Коррупция ўта оғир жиноят ҳисобланади. Қонунчиликда оғир жиноят содир этган депутатларни парламентдан рухсат олмай жиноий жавобгарликка тортишга рухсат берилган, -деди Қирғизистон Бош прокуратураси расмийси Жанибек Салиев.

Наримон Тулеев эса парламентда ҳукуматга ишончсизлик билдириш ҳаракатини қўллагани учун қамоққа олинганини, унинг иши “сиёсий буюртма”дан иборатлигини иддао қилмоқда.

Қирғиз парламенти депутатлари аввалига ўз ҳамкасбларининг ҳибс қилинишига қаршилик кўрсатган бўлсалар-да, Бош прокуратура баёнотидан сўнг Тулеевни очиқдан-очиқ қўллаб чиқишдан тийилмоқдалар. Парламент депутати Ўмурбек Текебаев “Депутатнинг қамоққа олиниши коррупцияга қарши курашга ижобий таъсир кўрсатишини” айтди. Унинг фикрини бошқа депутатлар ҳам қўллади.

- Ўта оғир жиноят қилган депутатларни жиноий жавобгарликка тортиш масаласида парламентдан рухсат олишга ҳожат йўқ. Коррупцияга аралашган ҳар қандай одам, у вазир бўладими ёки депутатми, албатта ўз жазосини олиши керак, -деди депутат Туратбек Мадилбеков.

Бундан аввалроқ Бош прокуратура парламент депутати Исхак Пирматовни коррупцияда айблаган эди. Бироқ парламентда кўпчилик депутатлар Пирматовга нисбатан жиноий иш қўзғалишига қарши овоз беришган эди.

Қирғизистондаги бир қатор нодавлат ташкилотлари шундан келиб чиққан ҳолда парламент депутатларидан Бош прокуратурага коррупцияда айбланаётган Наримон Тулеев ишини тергов қилишга ҳалақит бермасликни талаб қилмоқда.

YouTubeда тинглаш

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG