Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:10

“Тожик Эйр” ходимлари Кобулни тарк этолмаяпти


“Тожик Эйр” ширкатининг НАТО юкларини Афғонистонга ташиган иккита МИ-8 вертолёти ва яна 12 ишчиси Кобулда тутқунликда қолмоқда.

Улар, “Supreme Food” номли ширкат билан тузилган шартномага мувофиқ, сўнгги тўрт йил давомида НАТО ноҳарбий юкларини Афғонистонга ташиб келган.

“Тожик Эйр” ширкати муҳандиси Илҳом Қаюмовнинг Озодликка билдиришича, шартнома муҳлати бир ойча аввал тугаган, аммо Афғонистон хавфсизлик хизмати уларнинг ватанга қайтиши учун рухсат бермаган.

- Бир ойдан буён Кобул четроғидаги бинода, назоратчилар кузатувида яшамоқдамиз. Афғонистон хавфсизлик хизмати бу ерда бизни ноқонуний ушлаб турибди. Бу ерда қолаётганимизнинг сабабини аниқ билмаймиз. Аввалига бизни вертолёт ўғирлашда айблашди. Энди эса бизни солиқ тўламаганликда айблашмоқда. Ахир солиқни биз эмас, ширкат тўлаши керак. Тожикистон ҳукуматининг бу масалага бефарқлигидан жуда ташвишдамиз, -дейди Қаюмов.

Унинг айтишича, Афғонистон хавфсизлик хизмати 12 нафар тожикистонликнинг ҳужжатларини олиб қўйган.

“Уй қамоғи”да қолаётган тожикистонликлар тақдири ҳақида Озодлик радиоси “бироздан кейин” гапириб беришга ваъда қилган Афғонистон Миллий хавфсизлик хизмати сўзчиси Лутфулло ваъдасини тутмади.

Афғонистон Мудофаа вазирлиги матбуот бошлиғи Зоҳир Азимий эса бу масала “фақат мамлакат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлигига тегишли” эканини, бу ишнинг ўз идорасига ҳеч қандай дахли йўқлигини таъкидлади.

Тожикистон ҳукумати, тожикистонлик учувчилар таъкидича, сўнгги бир ой ичида бирор марта ҳам бу муаммони ҳал қилишга уринмаган.

Илҳом Қаюмовнинг айтишича, Тожикистон ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифийнинг Кобулга сафаридан аввал, яъни икки ҳафта муқаддам “Тожик Эйр” ширкати масъулларидан бири Исмоил Ғафуров асирликда қолаётган ходимлар билан учрашиб, муаммони ижобий ҳал қилишга ваъда берган.

- Бироқ, афсуски, ҳозиргача бирор ўзгариш бўлмади, - дейди Қаюмов.

“Тожик Эйр” ширкати ишчиларининг яқинлари ҳам юзага келган вазиятдан жуда ташвишда эканларини айтмоқдалар.

Улардан бирининг укаси Баҳром исмли йигит “тожикистонлик учувчиларнинг Афғонистонда ушлаб турилиши сиёсий аҳамиятга эга”, деган фикрда.

НАТО юкларини ташиш билан шуғулланувчи “Supreme Food” номли ширкат ҳамкорларининг мушкул вазиятга тушиб қолгани ҳақида аввал ҳам матбуотда гапирилган.

Ўтган йил кузида “Supreme Food” билан шартнома имзолаган Россияга тегишли “Ролкан” ширкатининг икки учувчиси - Владимир Садовничий ва Алексей Руденко Тожикистон ҳудудида ҳибсга олинган эди. Бу ўз навбатида рус-тожик муносабатларининг совушига сабаб бўлганди.

Жорий йил феврал ойида эса Тожикистон Мудофаа вазирлигининг “Supreme Food” ширкати билан ҳамкорлик қилган МИ-8 вертолёти Афғонистоннинг Зобул вилоятида қулаб тушиши натижасида тўрт нафар тожикистонлик ҳалок бўлганди.

YouTubeда тинглаш
XS
SM
MD
LG