Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:35

"Қотил таксичилар" иши судга оширилди


Терговчилар иддаосича¸ ўзбекистонлик гуруҳ яхши кийинган аëлларни ўлжаликка танлаган.
Терговчилар иддаосича¸ ўзбекистонлик гуруҳ яхши кийинган аëлларни ўлжаликка танлаган.

Москвада 2011 йил январида қатор қотиллик ва бошқа оғир жиноятларни содир этганликда гумонланиб қўлга олинган беш нафар самарқандлик таксичи иши судга оширилди.

Россия пойтахтида аллақачон “қотил таксичилар” деб ном олган бир гуруҳ ўзбекистонлик таксичилар устидан тергов ўз якунига етди.

Москва шаҳар прокуратураси расмийсининг Озодликка билдиришича¸ қатор оғир жиноятларда айбланаётган Ўзбекистон фуқароларининг барчасига расмий айблов эълон қилиниб¸ жиноий иш куни-кеча судга оширилган.

Москва шаҳар суди вакиласи Марина Малигинага кўра, яқин кунларда ўзбекистонликлар устидан маҳкама жараëни бошланади.

- Ҳозирча жиноий иш қайдга олинмади. Яқин кунларда¸ 1-2 кун ичида қайдга олинса¸ 10 кунлик муҳлат ичида маҳкама кунлари белгиланади, деди Москва шаҳар суди расмйиси.

Москвада катта шов-шувга сабаб бўлган “қотил таксичилар” тўдаси сафида 24 ёшли Хушнуд Тўрақулов, 20 ёшли Абдуғани Ғаниев, 21 ёшли Дилшод Жўраев, 23 ёшли Суҳроб Ражабов ва 27 ёшли Искандар Раҳматовлар борлиги айтилмоқда.

Бу шахслар дастлабки тергов томонидан қотиллик, талон-тарож, одам ўғирлаш, қотилликка уриниш, ҳужжатларни қалбакилаштириш, тан жароҳати етказиш, наркотик моддаларни сақлаш каби жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Москва шаҳар Жануб-шарқий маъмурий округи Тергов қўмитаси раҳбари Дмитрий Шершаковга кўра, 2010 йилнинг декабридан 2011 йилнинг январ ўрталаригача Тўрақулов, Ғаниев, Жўраев, Раҳматов, Ражабов ва тергов томонидан аниқланмаган яна бир неча киши уч нафар аёлни ўлдирганлик ва улар мулкини талон-тарож қилганлик, шунингдек яна бир аёлни ўлдиришга уринганликда айбланмоқда.

“Терговчилар аёллардан бирига 20 зиёд маротаба пичоқ уриб ўлдирилганини аниқлади”, дея давом этади терговчи Шершаков.

- Бу гуруҳ ўз ваҳшийлиги, аёвсизлиги ва босқин давомида ўта шавқатсизлиги билан ажралиб турибди. Тергов бир неча ой давомида улар томонидан айни усул ва вазиятларда ҳам талон-тарож, ҳам қотилликлар содир этилганини тахмин қилмоқда, дейди терговни олиб бораётган расмий.

Шершаковнинг Озодликка билдиришича¸ айбланувчилар яхши кийинган ва қиммат сумка кўтарган ёш аёлларни Москва ташқарисидаги мавзеларнинг овлоқ кўчаларда "ов" қилиб келган. Тергов даъвосича¸ таксичи машинаси ярим йўлда гўё бузилиб қолган ва киракашнинг шериклари бошқа машинада келиб, ўлжанинг қимматбаҳо буюмларини тортиб олиб¸ ўзини ўлдирган.

24 яшар ҳамшира Оксана Ботова, 35 ёшли официант Индира Камилова, 32 ёшли фотосуратчи Елена Гушчиналар шу тариқа ўлдирилган¸ деб қўшимча қилади терговчи.

Москва прокуратураси ходимлари берган маълумотга кўра, “таксичи”ларнинг сўнгги қурбони – 51 ёшли Ольга Румянцева танасига бир неча маротаба пичоқ билан зарба берилганига қарамай тирик қолган.

Терговчининг айтишича, қотиллар машинани қонга беламаслик учун аёлларни машинадан кўчага олиб чиқиб, пичоқ билан чавақлаб ўлдирган¸ ўлжанинг телефони, узук-зираги ва ҳамëнидаги пуллари олинган.

Айни пайтда¸ ўзбекистонлик йигитлар бу жиноятга алоқадорлигини қатъиян рад этмоқда.

Россия 1-каналида кўрсатилган оператив ходимлар томонидан ўтказилган сўроқ давомида¸ айбланувчилардан бири нима учун ҳибсда ушлаб турилганини билмаслигини гапиради.

- Мен бу ерда мева-чева сотиб юрган эдим. Нима учун қўлга олинганимни билмайман. Менинг ўртоқларим безори экан, шунга ушлашгандир, дейди қатор қотилликда айбланаётган йигитлардан бири.

Жанубий-Ғарбий округ криминал полициясидан олинган маълумотларга кўра, қотилликда гумонланаётганлар изига ўғирланган телефонлардан биридан қилинган қўнғироқ орқали чиқилган. Айбланувчиларнинг биринчи гуруҳи Қозон вокзалида, уч кишилик иккинчи гуруҳ эса¸ Москва вилоятида ҳибсга олинган.

Маълум бўлишича, тинтув давомида улардан ўлдирилган аёлларга тегишли заргарлик буюмлари, мобил телефонлар, “таксичилик”да фойдаланган Audi 80 ва Hyundai Elantra русумидаги автомашиналар мусодара қилинган.

Криминал полиция ходимининг Озодликка айтишича, қўлга олинганларнинг барчаси Самарқанд вилоятидан бўлиб, улар Москвада тайинли бир жойда ишламаган.

Россия қонунчилигига кўра, қўйилаëтган айбловлар судда ўз тасдиғини топса¸ Ўзбекистон фуқароларига 20 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

“Қотил таксичилар” қўлга олингани ҳақида хабар тарқалиши ортидан Москва мэри Сергей Собянин пойтахтда ноқонуний таксичилик қилиб юрган ҳайдовчиларга нисбатан жазо чораларини қонуний асосда кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

YouTubeда тинглаш
XS
SM
MD
LG