Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:29

Тошкент кўчаларига видеокамералар ўрнатилади


Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги билан бирга амалга оширадиган бу лойиҳага давлат бюджетидан 20 миллион доллар маблағ сарфланади.

Тошкент кўчаларидаги қатновни назорат қилиш мақсадида ўрнатилиши айтилаëтган автоматик видеокузатув тизимини жорий этишга сарфланадиган маблағнинг яна бир қисми¸ айтилишича¸ Ўзбекистон банклари тарафидан молияланади.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигида техник жихозлаш билан шуғулланадиган мутахассиснинг Озодликка билдиришича¸ Тошкент кўчаларида видеокузатув ўрнатиш лойиҳаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси тарафидан амалга оширилмоқда.

- Бошқарма бошлиғининг ўринбосари Ғайрат Болтабоев бу ишга раҳбарлик қилаяпти¸ деди ўзини таништиришни истамаган мутахассис.

Суҳбатдошга кўра¸ автоматик кузатув тизими 2012 йил охиригача ўрнатилади¸
2013 йил бошига бориб бутун Тошкент шаҳри кузатув тизими камералари билан жиҳозланади.

Кузатув тизимлари ўрнатиш бўйича ўзбекистонлик 28 яшар мутахассис Анварга кўра¸ бундан олдин Тошкент кўчаларида кузатув камералари қисман ўрнатилган эди.

- Биз бу тизимни ўрнатишда қатнашганмиз. Тошкент кўчаларида светофорлар ëнига ўрнатилган бу ускуна машина номерларини аниқлаб расмга олиб¸ қайд қилиб қўяди. Аммо бу марказлашмаган тизим эди¸ дейди бу мутахассис.

Суҳбатдошга кўра¸ Тошкент каби катта шаҳарнинг ҳануз марказлашган кузатув тизимига эга бўлмагани катта камчилик.

Хавфсизлик учун 20 миллион

Тошкентни кузатиш учун давлат бюджетидан 20 миллион АҚШ доллари ажратилиши билдирилди. Бу кўпми ë оз?

Бу маблағ ўзлаштирилмасдан коррупциячилар кармонидан жой олмаслигига қандай кафолат бор?

Кузатув камералари мутаxассисига кўра, расман 3 миллионга яқин одам яшайдиган¸ бир миллиондан зиëд автомобил қатнайдиган Тошкент каби пойтахт шаҳар учун тузукроқ кузатув ускунаси олинса¸ 20 миллион етмаслиги ҳам мумкин.

Айни пайтда МДҲ ҳудудида¸ хусусан Россияда кузатув системаси ташкил қилиш билан боғлиқ коррупцион жанжаллар кузатилган.

2010 йили Россия Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан Москвадаги кўчаларга кузатув камераси ўрнатилган эди. Кейин маълум бўлишича аксар камералар сохта бўлиб¸ бош экранга олдиндан ëзиб олинган тасвирларни узатиб турган.

Бундай коррупцион схема бюджетдан ажратилган пулларнинг аксариятини ўзлаштиришда қўл келиши айтилади.

Минг кўзли шаҳар

Тошкент шаҳрида¸ норасмий маълумотларга кўра¸ 30 мингдан кўпроқ милиция ходими бор.

Бундан ташқари¸ уларга бириктирилган посбонлар тизими маҳалла оқсоқоллари билан биргаликда шаҳарни доимий “кузатади”.

Халқаро стандартлар ва ЕХҲТ тавсияларига кўра¸ 5000 кишига бир полиция ходими тўғри келиши керак. Ўзбекистонда эса бу стандартдан 16 баробар кўп милиция борлиги айтилади. Тахминларга кўра¸ Ўзбекистонда 350 кишига бир полицияичи тўғри келади.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Малик Абдураззоқовнинг айтишича¸ Ўзбекистонда полиция давлатига хос барча унсурлар бор.

- Тотал назоратнинг барча унсурларини шаҳарда кўришимиз мумкин. Айниқса¸ президент ўтиши эҳтимоли бор кўчалар қаттиқ назорат қилинади.

Суҳбатдошга кўра¸ бир қарашда Тошкентга ягона марказлашган кузатув тизими ўрнатиш жоиз эмасдай.

Лекин мамлакатни кундан-кун чулғаган қўрқув яна ҳам қаттиқроқ назоратни тақозо қилади¸ дейди таҳлилчи.

Камералар нимани кўради?

Ўзбекистонга кузатув тизимларини ўрнатган мутахассис¸ ҳозир Европада ўрнатилган кузатув тизимлар мисолида бу саволга жавоб берди.

- Бу камералар йўлдаги уловларнинг бутун ҳаракатини изчил кузатиб¸ сурункали қайд қилиб қўйиш кучига эга.

Бу тизим машина русуми ва давлат рақамларини ўқиб махсус маълумотлар базаси орқали солиштириб текшириши мумкин¸ дейди суҳбатдош.

Суҳбатдошимиз бундай тизимнинг ижобий эканлиги ва Ўзбекистондаги йўл ҳаракатини тартибга солиш ҳамда милиция ҳодимларининг коррупциясига барҳам беришига ишонади.

- Марказлашган тизимда алоҳида олинган бир милиционер қизил чироқни кесиб ўтган ҳайдовчини пора эвазига жазодан қутқара олмайди. Буни қилиш учун бутун системани ўчириб қўйишга тўғри келади. Бу эса қилиб бўлмайдиган мушкул иш¸ дейди суҳбатдош.

Халқаро ҳисоботларда дунëнинг энг авторитар режими сифатида кўрилган Ўзбекистон каби давлатда кузатув камералари фуқароларнинг фундаментал ҳуқуқларига хатар сифатида кўрилади.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигини техник жихозлаш билан шуғулланадиган мутахассисга кўра¸ бу кузатув тизими фақат йўлдаги транспорт қатновини кузатиш учун ўрнатилмоқда.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси маълумотларида Ўзбекистонда 3 миллион автомашина рўйхатга олинган¸ бу машиналарнинг 40 фоизи эса биргина Тошкент шаҳрида қайддан ўтган.
XS
SM
MD
LG