Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:02

“Хайрулла конституция кунигача чиқиши мумкин”


Хайрулла Ҳамидов.
Хайрулла Ҳамидов.

Навоий қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган Хайрулла Ҳамидовнинг яқинлари унинг Ўзбекистон конституциясининг 20 йиллиги муносабати билан озодликка чиқиши мумкинлигини айтмоқда.

Бу ҳақда Озодликка 27 июн куни ўғли билан учрашиб қайтган Хайрулланинг онаси Муқаддас опа маълум қилди.

Муқаддас опага кўра, Хайрулла жорий йил 8 декабрида Ўзбекистон конституцияси қабул қилинганининг 20 йиллиги муносабати билан катта амнистия қабул қилиниши кутилаётгани ва ўзининг ҳам ушбу амнистияга тушиши аниқлиги ҳақида гапирган.

- Худо хоҳласа¸ янгиликлар бўлиб қоларкан конституциянинг 20 йилликларига. Чиқиб қолади шунгача¸ Худо хоҳласа. Конституциянинг 20 йиллигига¸ Худо хоҳласа амнистия чиқаркан. Айтиб қўйинг мухлисларга шу яхши хабарни. Ўтган кун ўша ерда эдим. Бориб учрашдим. Яхши, соғ-омон ишлаб юрибди. Соғлиқлари ҳам яхши. Бориб келдим, яхши. Ҳаммага салом деб юборди ўғлим. Ишлаб юрибди. Нима қилсин ишлаб юрибди, яхши. Кайфият энди турмада қанақа бўлади болам? Энди иложи йўқ. Ҳозир ишлаяпти. Ватаним деб ишлаб ëтибди. Нима бўлса ҳам яхши ишлаб ўзингни кўрсатиб яхши юргин деб келдим, дейди Муқаддас опа.

Хайрулла ўзининг ҳар хил сценарийлар ёзиб, маҳкумлар билан спектаклларни саҳналаштираётгани ва қамоқ саҳнасида “Қувноқлар ва зукколар” ҳамда “Заковот” танловлари уюштираётгани ҳақида онасига гапириб берган.

- Ижод қилиб нарсалар ëзиб ëтибди ўша ерда ҳам ишлаб. Клубда ишлайдию, ижодкорку. Шеърлар ëзаркан, ишқилиб ҳамма нарса қилиб ëтибдида. КВН, “Заковат” қилиб ëтган экан. Энди ўзига яраша иш бўладию ҳамма жойда. Яхши ишлари. Байрамларга амнистия бўлса, Худо хоҳласа тушиб турибди.

Озодлик: Янги ëзган шеърларидан бериб юбормадими?

- Ўзи келса¸ Худо хоҳласа¸ олаверасизлар, деди Муқаддас опа ўғлининг чиқишига ишонч билан.

36 яшар Хайрулла Ҳамидов “Ўзбекистон футболи”, республика телевидениесида мухбир ва спорт шарҳловчиси бўлиб ишлаб келган. Қамалгунга қадар у футболга бағишланган “Интерфутбол”, “Чемпион” газеталарида танқидий руҳдаги мақолалари билан чиқаётган эди.

Хайрулла Ҳамидов Тошкентдаги “Наврўз” радиоси орқали эфирга узатилган “Холислик сари” эшиттириши, кейинчалик эса “Одамлар орасида” газетасидаги фаолияти билан ўзбекистонликлар орасида шуҳрат қозонган.

Хайрулла Ҳамидов 2010 йилнинг 21 январ куни ҳибсга олинган эди.

2010 йил 27 май куни Тошкент вилоят Жиноят ишлари бўйича суди Хайрулла Ҳамидовни "Жиҳодчилар" диний-экстремистик гуруҳига алоқадорликда айбдор, деб топиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилган эди.

Хайрулла Ҳамидовнинг қамалишини қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, Ҳюман Райтс Уотч, Халқаро Амнистия каби ташкилотлар кескин қоралаган ва унинг озодликка чиқарилишини сўраб келмоқда.
XS
SM
MD
LG