Линклар

Собиқ Омбудсмен¸ Ар-Намус партиясининг қирғиз парламентидаги фракцияси аъзоси Турсунбой Бакир ўғли мамлакат парламентида ишловчилар ва бу ерга кирувчилар учун кийиниш тартиби жорий қилиш таклифи билан чиқди.

Айни кунларда Бишкекда ëз қуëши қизитгандан қизитмоқда. Ҳаво ҳарорати 33 даражадан ошган ëз қуëши парламент ичидаги баҳслар ҳовурини ҳам оширмоқда.

Иссиқ туфайли кийимлар қатини ечиб¸ имкон қадар енгиллашиб олган парламентда ишловчи қиз-жувонлар¸ исломий кўз қарашлари билан танилган депутат Турсунбой Бакир ўғли нафсониятига тегибди.

Парламент биноси ичкарисидаги очиқ-сочиқликдан уялиб¸ қаерга қарашини билмай қолганини эътироф этган депутат¸ халқ нойиблари ишловчи бу бинога аëлларнинг мини юбкалару ўйма ëқалар¸ баданга ëпишган кийим билан кийишини тақиқлаш ғоясини ўртага ташлади.

"Ҳозиргина танаффусга чиқдим. Коридорда олдимдан мини юбка кийган қиз юриб қолди. Шу қизга қарамай деб кўзимни бошқа жойга олсам¸ қоқилиб йиқилиб тушай дедим”¸ деди парламент минбарига чиқиб Турсунбой Бакир ўғли.

Исломий қарашлари билан танилган Бакир ўғли бу кўрганларидан зорланиб¸ парламент биноси ичида мини юбка ва баданга ëпишиб турадиган кийим кийишни тақиқлаш таклифини илгари сурди.

Twitter тармоғида анчагина фаол бўлган депутат ҳозирда ўз ғоясини жамоатчиликка тарқатиш билан машғул.

"Советларгача қирғиз аëлларининг либоси исломий эди. Момоларимиз узун кўйлак¸ рўмол ва элечек кийишган"¸ дея зорланди депутат ўз твитларидан бирида.

Турсунбой Бакир ўғли бошлаган ташаббусни Қирғизистон парламенти қошидаги Ахлоқ ва қоидалар қўмитаси илиб кетди ва кийиниш қуюшюонининг нафақат парламент биноси ичида ишловчилар¸ балки унга кирувчилар¸ хусусан журналистларга ҳам таллуқли бўлиши лозимлигини талаб қилишга ўтди.

Бу тақиққа оид 26 июн куни ҳозирланган қонун матни депутатлар ëзги таътилдан қайтгач¸ муҳокамага қўйиладиган бўлди.

Ҳужжат лойиҳасида калта юбка¸ ўйма ëқа¸ футболка¸ жинси¸ очиқ кавуш ва ҳатто атир сепганларни парламент биносига киритимаслик таклиф этилган.

Тақиқ нафақат кийимнинг шакли-шамойили¸ балки унинг ранггига ҳам тааллуқли – парламентга фақат қора¸ кул ранг¸ қўнғир ва оқ ранг кийганлар қўйиладиган бўлди.
Бундай кескин чекловнинг жамоатчилик орасида қарама-қаршилик уйғотганини тасаввур қилиш қийин эмас.

Мухолифатдаги Ата-Журт партияси депутати Достон Жумабеков таклиф этилган қуюшқоннинг қуюшқондан чиққанини айтади:

- Атир сепишни тақиқлашга ҳожат йўқ. Ҳар ким ўзига ëққан атирини сепишга ҳақли. Шахсан мен¸ ҳаддан ташқари калта юбка кийилишига қаршиман. Рисоладагидай¸ ўртача узунликдаги юбка кийишларига эътирозим йўқ. Худди шундай¸ аëлларнинг қайси рангда кийим кийишини ҳам чеклаш ҳаддан ошиш бўлади¸ дейди мухолифатчи депутат.

Ҳукмрон Ата Мекен партиясининг парламентдаги намояндаси¸ машҳур ëзувчи Чингиз Айтматовнинг қизи Ширин Айтматова дунë бўйича расмий идораларда кийинишга оид муайян қоидалар борлигини айтади. Айни пайтда¸ бу депутат аëл¸ бундай қоидаларнинг парламент биносига кирувчиларга тааллуқли бўлишига ҳожат йўқ¸ деган фикрда:

- Агар бундай қоидалар истаганини кийишга ўрганиб қолган журналист ëки фуқаровий жамияти вакилларига ҳам жорий этиладиган бўлса¸ бу бошқа масала. Менимча¸ аксар депутатлар бундай чекловни журналистлар ëхуд парламент биносига кирувчиларга ҳам татбиқ қилишга зарурат йўқлигини яхши биладилар¸ дейди Ширин Айтматова.

Парламент қўмитаси ҳозирлаган ҳужжатнинг депутатлар ëзги таътилдан қайтгач¸ овозга қўйилиши кутилмоқда.

Унгача ëз қуëши ҳовуридан тушиб¸ салқинлаган ҳаволар парламентда ишловчи аëлларни устки кийимлар қатини кўпайтиришга мажбурлаши тайин.

Хонимлар устидаги кийимларнинг қалинлашиб¸ узунлашгани эса улар кийимини қолипга солиш ғоясининг оташин тарафдорларини ҳам ҳовурдан туширса¸ ажаб эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG