Линклар

logo-print

Тошкент Коллектив хавфсизлик ташкилотидан яна чиқади


Ўзбекистон президенти кўпдан бери КХШТ олий даражали йиғинларига бормай қўйган.

Ўзбекистон президенти кўпдан бери КХШТ олий даражали йиғинларига бормай қўйган.

Ўзбекистон ҳукумати яна бир бор Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан чиқиш жараëнини бошлади. Тошкентнинг ташкилот котибиятига бу ҳақда расмий нота юборгани ҳақида хабарларни КХШТ расмийси Озодликка тасдиқлади.


“Ўзбекистон расман КХШТдан чиқиши ҳақида билдирди. КХШТ котибиятига бу ҳақда тегишли нота келиб тушди”, деди Озодлик билан суҳбатда КХШТ матбуот котиби Владимир Зайниддинов.

Ушбу расмийга кўра¸ ҳозирда Тошкентнинг бу сўрови "ўрганиш босқичи"да.

- Мазкур нота КХШТ Бош котиби Николай Бордюжа номига йўлланган. Бордюжа эса¸ ҳозир таътилда. Ҳозирда бизга юборилган ҳужжатларга ҳуқуқий жиҳатдан баҳо берилмоқда ва аъзо давлат раҳбарларига тегишли ҳисобот ҳозирланмоқда¸ деди Озодлик билан суҳбатда Зайниддинов.

Айни пайтда¸ Озодлик манбаларининг билдиришича¸ бундан тўрт кунча олдин Москвага йўлланган Тошкент расмий нотасида¸ "Ўзбекистон ҳукумати томонидан илгари сурилган аксар фикрларнинг эътиборсиз қолдирилгани" юзасидан эътироз билдирилган ва айни шу жиҳат ташкилот аъзолигидан чиқиш учун асослардан бири ўлароқ келтирилган.

Бу нота ҳақида хабар тарқатган Интерфакс ахборот агентлигининг Москва дипломатик доираларидаги манбасига кўра¸ кейинги йилларда Ўзбекистоннинг намойишкорона тарзда ташкилот тадбирларида иштирок этишдан бош тортиб келгани бошқа аъзолар учун қийинчилик туғдириб келган.

“Бунинг оқибатида бир неча марта ҳуқуқий-норматив базани шошилинч тарзда ўзгатиришга тўғри келган”, дея таъкидлаган ўзини очиқламаган Интерфакс манбаси.

Ўзбекистон ҳукуматининг КХШТ ичидан туриб¸ унинг фаолиятини фалаж қилиб келаëтгани Россия ва унинг етагидаги аъзолар эътирозига учраб келаëтган эди.

Ўз аъзолик мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаб келаëтган Тошкентни ташкилотдан чиқариш таклифи¸ анчадан бери юқори сиëсий доираларда муҳокама қилинаëтган эди.

"Мен Россия президентига ўз мулоҳазаларимни йўлладим¸ биз Ўзбекистон бўйича қарор чиқаришимиз лозим. Чунки Ўзбекистон ўйнаëтган уч томонлама ўйин унинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотида қолишига изн бермайди”¸ деган эди ўтган йилнинг 26 октябр куни КХШТ Парламент ассамблеяси кенгаши қатнашчилари олдида чиқиш қилган Беларус президенти Александр Лукашенка.

“Ўзбекистон ҳозирга қадар КХШТнинг бирор жиддий ҳужжатини ратификация қилган эмас. Шу муносабат билан мен сизлардан бу масалани КХШТ Парламент ассамблеяси доирасида кўриб чиқиш имконини топишни сўрайман”¸ дея изоҳлаган эди ўз эътирозини Лукашенка жумладан.

“Бугунги дунë ниҳоятда беқарор бўлгани боис¸ бу масалада ҳазиллашиб бўлмайди. Ўзбекистон бўйича қатъий ва бир ëқли қарор қабул қилиш керак. Биз ҳеч кимни ҳайдаб чиқараëтганимиз йўқ¸ аммо ҳамкорлик қилмоқчи бўлсангиз¸ марҳамат қилиб¸ КХШТ қоидаларига амал қилинг”¸ дея давом этди ўшанда ўзи ҳам яқинларгача КХШТ лойиҳаларини бойкот қилиб келган Беларус президенти.

"Ҳатто Ўзбекистон ҳам¸ охир-оқибат КХШТсиз ўз мустақиллигини сақлаб қолиш жуда қийин бўлишини англаб етади. Аммо бу Ўзбекистоннинг ўз иши ва биз унга аралашмаймиз”¸ дея огоҳлантирган эди бундай эҳтимол оқибатларидан КХШТ Парламент ассамблеяси кенгаши қатнашчилари олдида чиқиш қилган Беларус президенти Александр Лукашенка.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Андижон воқеаларидан кейин туғилган халқаро босим пасайгач¸ айниқса¸ 2009 йилнинг февралида КХШТ доирасида тезкор кучларни тузишга доир шартномани “ўзгача фикри” инобатга олиниши шарти билан имзолаганидан бери¸ Москва етагидаги бу ташкилот йиғинларини эътиборсиз қолдириб келади.

Айни пайтда¸ Владимир Путин Россия президентлигига қайтгач¸ КХШТ тузилганининг 20 йиллиги Москвада байрам қилинди ва бу тантанали тадбирда Ислом Каримов ҳам иштирок этди.

Аксар кузатувчилар¸ Путиннинг қайтиши Москва НАТО га рақиб сифатида ташкил этган бу минтақавий хавфсизлик ташкилотидаги Ўзбекистон роли фаоллашишига туртки бўлишини тахмин қилаëтган эди.

Ўзбекистон Коллектив хавфсизлик ташкилотига 2006 йилда, 2005 йилнинг 13 май куни Андижонда юз берган қонли воқеаларидан кейин халқаро ҳамжамит томонидан босимга учраб¸ Россия паноҳига қайтган пайтда қайта қўшилди.

Ундан аввал 1992 йилда Тошкентдаги йиғинда тузилган мазкур ташкилотдан Ўзбекистон 1999 йилда чиққан эди.

КХШТга Ўзбекистондан ташқари Арманистон, Беларус, Россия, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон киради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG