Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:33

Хоразмлик тўрт йигит Атирауда қулликда яшаяпти


Хоразмлик тўрт йигит ўз ҳамюрти Ҳамро исмли киши томонидан алдангани оқибатида, олти ойдан буён қуллик шароитда ишлаб, яшаяпти.

Хоразмлик 26 ёшли Фурқат Абдуллаевнинг айтишича, ўзи ва яна хоразмлик уч йигит олти ойдан буён Қозоғистоннинг Атирау шаҳрида бир қозоқ кишининг уйида қулликда яшаяпти.

Фурқатга кўра, хоразмлик тўрт йигит Ҳамро исмли ҳамюрти томонидан алданган.

- Ўзбекларни ўзбеклар еяпти Қозоғистонда. Бригадир дегани бўлади, улардан катталари посредник бўлади. Қозоқлармас айнан ўзбеклар бизни тиқишади катакларга. Кейин бизлар ўтираверамиз ҳеч кимга дардимизни айтолмай. Одамларни алдаб пулини олиб қочиб маза қилиб яшашиб юрибди. Азобини бизларга ўхшаган ишчилар кўради. Бизлар уй эгаси билан гаплашиб иш олдик. У каттамиз бўлганда. У келдида пулни олди, Ҳамро деган йигит, пулни олиб қочворди. Бизлар энди текинга ишлаймиз бу ерда. Ҳали уй битмаган. Уй битмай туриб пулини олиб қочишади. Алдаб, қуруқ ваъдаларни бериб олиб келишади.

Озодлик: Сизларни уйнинг эгаси ҳам қўйиб юбормаса керак.

- Қўйиб юбормайди бизларни. Бизлар қаерга бориб додимизни айтишимиз мумкин?

Озодлик: Ҳозир текинга ишлаяпсизларми?

- Ҳа.

Озодлик: Сизлардан пулни олиб қочган одамнинг оти нима?

- Ҳамро.

Озодлик: Фамилияси борми?

- Фамилиясини билмаймиз. Хоразмлик йигит.

Озодлик: Қочган бўлса, қаерга қочган бўлиши мумкин?

- Бизлар Отров (Атирау-таҳр.) деган жойдамиз. Отров территориясининг ичида юрибди. Биз шаҳарни унча яхши билмаймиз, чиқиб қарай олмаймиз.

Озодлик: Ишни буюртма қилган одамга сизлар бир тийин олмаëтганингларни тушунтирдингларми?

- Уларга барибирку. “Пулларингизни олиб қочган экан. Яна сизларга пул берамиз” демайдику.

Озодлик: Кетавермайсизларми?

- Қўйиб юборишмайди.

Озодлик: Қанақа қилиб қўйиб юборишмайди? Қамаб қўйишганми?

- Бизлар ҳам йигит бўламиз, ор-номус бор. Кейин “Ўзбеклар мана бунақа қилиб ташлаб кетди” демасин деб ўтирибмиз чидаб. Иш 900 мингга келишилган танга ҳисобида. 150 мингни еб-ичганмиз шу пайтгача. Қолган пулнинг ҳаммасини олиб қочган. 600 минг олиб қочган ҳаммаси бўлиб. 50-100 минг бор, ўшани овқатга ушлаб ўтирибмиз очдан ўлиб қолмайлик деб. Яна ўзимизники қулликка ташлаб кетди. Ўзимизники бизни қулликка отвориб кетди. Фақат телефонимизга қисиб ўтирган пулимиздан актив соламизда, интернетга кириб Озодлик ўқиймиз, Озодлик эшитамиз, ишга ҳам қўлимиз бормайди.

Озодлик: Нима еб-ичаяпсизлар?

- Макарон, картошка, пиëз.

Озодлик: Гўшт борми?

- Қанақа гўшт? Гўшт емаганимизга тахминан бир ойдан ўтди.

Озодлик: Овқат йўқ, устинглардан қулфланган, пул йўқ. Нечта кишисизлар у ерда?

- Тўртта киши. Топ-тоза қул бўлиб ўтирибмиз ака биз.

Озодлик: Мурожаат қилмайсизларми ўша ердаги органларга?

- Устимиздан қулфлаб кетган. Ипсиз боғланганмиз ҳозир.

Озодлик: Мурожаат қилмайсизларми маҳаллий полицияга, органларга?

- Бу ерда ким эшитади? Ўзимизни депорт қилиб юборишадию. Рейд бўлиб ëтибди. Борсанг, депорт қилиб юборишади.

Озодлик: Текинга ишлагандан кўра депорт бўлган яхшимасми?

- Уйда ота-онамиз бор, бола-чақамиз бор. Пул ишлаб боришимиз керакку. Ўзбекистонда бизга пул берадиган одам йўқ. Ўзбекистонда иш борми. Кетдим деб ҳамма нарсани ташлаб кетганим билан ҳеч нарса йўқку. Бу ерда биз эмас фақат. Бунақа куйиб юрганлар тўлиб ëтибди. Именно ўзбекни ўзбек қилади бу ерда. Ўзбеклар қутуриб кетишган. Олдинроқ келиб, бойиб олишиб, посредник бўлиб одам олиб келиб, ҳар бало қилишади. Пулларини беришмайди, алдашади. Келганимизга 6 ой бўлгани йўқ. Уйимизга жўнатган бўлсак, ҳар биримиз 6 ойда 300 доллар жўнатдик уйга, дейди Фурқат Абдуллаев.


********************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG