Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:26

"КХШТдан чиқиш Каримовнинг сиëсий хатоси"


Ўзбекистоннинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан чиқишини шарҳлаëтган аксар таҳлилчилар Тошкентнинг бу демаршини бевосита Афғонистонда ўзгариб бораётган вазият билан боғлашмоқда.


“Ўзбекистон – АҚШнинг янги иттифоқчиси”

Айрим экспертлар Тошкентнинг ушбу баёноти ортида АҚШнинг қўли борлигига ишора қилмоқда.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Россия Сиёсий тадқиқотлар маркази эксперти Вадим Козюлин Ўзбекистон бугунги вазиятда ўз ҳарбий-сиёсий ҳамкорлик режаларини ўзгартираётганини айтади.

- Менимча, бу Афғонистондаги вазиятга бевосита боғлиқ. АҚШ бу минтақада янги иттифоқчига муҳтож. Эндиликда Покистон АҚШнинг иттифоқчиси эмас, кўринади. Бу вазифа Ўзбекистонга юкланиши мумкин. Ўзбекистон стратегик жиҳатдан яхши жойлашган, мамлакат ҳукумати Қўшма Штатлар билан муносабатини яхшилашга манфаатдор эканини яширмаётир. Бу ҳол АҚШга ҳам ҳар томонлама қулай. Яқин келажакда биз бу икки мамлакат ўртасида янги келишувлар имзоланиши тўғрисида эшитамиз, чунки КХШТ қоидалари АҚШ-Ўзбекистон муносабатларининг кенгайишига тўсқинлик қилаётган эди,- дейди Марказий Осиё бўйича мутахассис Вадим Козюлин.

Таҳлилчи фикрича, бошқа томондан¸ Ўзбекистоннинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан чиқиб кетиши бу гуруҳ мобиллигини оширади, турли қарорларнинг чалкаштирмасдан қабул қилиниши ва тузилма ичида муросага келиш имкониятларини кенгайтиради.

- Бу ташкилотни минтақавий муаммолар ечимини топа олмасликда, кўп масалалар бўйича муросага кела олмасликда айблаб келишади. Муаммонинг ҳаммаси айнан Ўзбекистоннинг барча масалалар юзасидан “алоҳида позицияси”га эга бўлишида эди. КХШТ қоидасига кўра, барча масалалар бир овоздан қабул қилинади. Эндиликда ташкилот Ўзбекистонинг доимий “вето”сидан қутулди. Ташкилотнинг янада жипслашиши, мобиллашишига имкон очилмоқда, - дейди эксперт Вадим Козюлин.

Козюлин аслида Тошкент раҳбариятининг “векторларни” ўзгартириши кутилган қадам эканлигини гапиради. У Россия Ўзбекистонда ҳақиқатан ўзининг мавқеини сусайтирганини айтар экан, шунга қарамасдан “икки марта ортга қайтган Ўзбекистон нега учинчи маротаба КХШТга қайта олмас экан”, дея фикр билдирди.


“КХШТ ўзбекларга тўсқинлик қилмоқда”

Яна бир сиёсий таҳлилчи - “Независимое военное обозрение” нашри муҳаррири Виктор Литовкин ҳам Ислом Каримовнинг ташкилотдан чиқиши тўғрисида қабул қилган қарорини Афғонистондан НАТО ва АҚШ қўшинларининг 2014 йилга қадар олиб чиқилиш жараëнига боғлайди.

- Яқинда КХШТга аъзо давлат ҳудудида хориж ҳарбий базалари фақат аъзо давлатларнинг бари розилик бергандан кейин жойлашиши мумкинлиги ҳақида қарор қабул қилинди. Бу АҚШ ва НАТО билан ҳарбий ҳамкорликни кучайтирмоқчи бўлиб келаëтган Ўзбекистонга катта ноқулайликлар яратди. Эртага НАТО ва америкаликлар қўшинларини олиб чиқади, у ердан олиб чиқилаётган техникани иттифоқчи мамлакатларга совға қилиш ҳақида гапирилаяпти. Ўзбек ҳукумати нафақат АҚШ билан муносабатларни яхшилаш, балки ўз ҳудудида йирик ҳарбий базаларни жойлаштиришга тайёргарлик кўраётган бўлиши эҳтимолдан холи эмас,- дейди ҳарбий эксперт Виктор Литовкин.

Виктор Литовкин моддий фойда олаётганига қарамасдан¸ бу қадам Ўзбекистоннинг сиёсий хатосидир, деган фикрда.

“Америкаликларнинг ўз иттифоқчиларидан инсон ҳақлари ва демократия принципларига сўзсиз риоя қилишни талаб қилиб келиши Ислом Каримов ҳукуматини оғир вазиятга тушириб қўйиши мумкин”, дейди таҳлилчи Литовкин.

- Ўзбекистонда эса бундай вазиятни ҳар бир қадамда учратиш мумкин. Шу сабабли турли “рангли” инқилоблар Ислом Каримовни ҳар лаҳзада кутиб туриши муқаррар. Ахир у бир маротаба Андижон воқеаларидан кейин бундай вазиятга тушиб кўрди, - дея фикр билдирди “Независимое военное обозрение” нашри масъул муҳаррири Виктор Литовкин .


“Марказий Осиёда вазият мураккаблашиши мумкин”

Ўзбекистон ва КХШТ ўртасидаги вазиятни изоҳлаган МДҲ давлатлари институти директор муовини Владимир Жарихин Ўзбекистон аслида КХШТнинг тўлақонли аъзоси бўлмаганини гапиради.

- Ўзбекистон 1999 йилда ташкилотдан чиқиб 2006 йилда ортга тўлиқ КХШТ аъзоси бўлиб қайтмаган ҳам эди. У қисман, формал тарзда аъзолик қилиб келди. Бу шунчаки 2005 йилги воқеалар учун Европа ва бошқалар танқидига жавоб эди. Ўзбекистон бу ташкилотни тарк этиши энг аввало Коллектив хавфсизликка катта фойда келтиради¸ деган фикрдаман.

Бошқа томондан, Тошкентнинг бу демарши Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги вазиятни янада мураккаблашишига олиб келиши мумкин: Ўзбекистон-Қирғизистон ва Ўзбекистон-Тожикистон ўртасидаги мунозарали вазиятларда Россия кимнинг тарафини олиши ҳам аниқ бўлади, - дея хулосалайди МДҲ давлатлари институти директор муовини, сиёсий таҳлилчи Владимир Жарихин.

КХШТ 1992 йилда Тошкентда ўтган анжуманда минтақавий хавфсизлик гуруҳи сифатида ташкил этилган эди. КХШТга Ўзбекистондан ташқари Арманистон, Беларус, Россия, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон аъзо бўлган.
XS
SM
MD
LG