Линклар

“Эркин микрофон”га 29 июн куни мурожаат қилганлардан икки нафарининг арзу ҳоли битта мазмунда бўлди.

“Ишим чаппа бўлиб кетишидан қўрқаман” - 1

Биринчиси Фарғонадан.

Анча хат-саводи бор, ҳуқуқларини биладиган, уларни ҳимоя қилишни ҳам уддалай оладиган тингловчимиз ўта тушкун аҳволда куни кеча бўлиб ўтган воқеани айтиб берди.

Айтишича, у милиция ходимлари кўча бўйида савдо қиладиган аёллардан бирининг товарларини йиғиштириб олиб кетаётганида аралашган. Милиция ходимларидан товарни мусодара қилиш учун ҳужжатлари бор-йўқлигини сўраган.

Оддий бир фуқародан бундай журъатни кутмаган милиционерлар суҳбатдошимизнинг ўзини милиция идорасига олиб кетган. Бир муддат сўроқ қилгач, қўйиб юборган.

Лекин айтишича, унинг кўргиликлари ҳали тугагани йўқ. “Милиция ходимлари энди мени тинч қўймайди”, деди хавотир билан тингловчимиз.

Воқеа тафсилотларини “Эркин микрофон”да эшиттириш учун айтиб беришни истамади.

-Унда нега телефон қилдингиз, деб сўрадик.

-Ҳеч йўқ сизлар эшитиб қўйинглар, дедим, деди, айтганларим эфирга кетса, иш чаппасидан кетиб қолмасин, деб қўрқаман.

“Ишим чаппа бўлиб кетишидан қўрқаман” - 2

“Эркин микрофон”га 29 июн куни мурожаат қилган яна бир тингловчимиз шу кунда Москвада тирикчилик қилиб юрганини, икки кун олдин Наманган вилоятидаги уйига биров ҳужум қилганини айтиб берди.

Айтишича, ҳужум қилган шахс унинг хотинини калтаклаган.

Лекин воқеа жойига етиб келган милиция ходимлари жиноятчини қўйиб юборган.
Оиласи номидан ариза ёзмоқчи бўлаётган қариндошларини милиция бўлимига киритмаяптилар ҳам.

Бу тингловчимиз ҳам воқеа тафсилотларини “Эркин микрофон”да эшиттириш учун айтиб беришни истамади.

Унда нега телефон қилдингиз, деб сўрадик.

Ҳеч йўқ сизлар эшитиб қўйинглар, дедим, - деди, - айтганларим эфирга кетса, иш чаппасидан кетиб қолмасин, деб қўрқаман.

Хайр, дедик.

Хайр, деди.

Бир соатдан кейин Москвада ишлаб юрган йигит яна қўнғироқ қилди.

Айтаман, деди.

Айтинг, дедик.

- Мен Ўзбекистон фуқароси. Москва шаҳрида меҳнат қилиб юрибман. 27 июн кечаси соат 12да менинг уйимга, унинг исмини билмайман, уйга бостириб кириб, темир эшикни синдириб кираяпти уйга.

Озодлик: Сизнинг Ўзбекистондаги уйингизга бостириб киришдими?

- Ҳа.

Озодлик: Ўзбекистондаги уйингиз қаерда?

Намаган вилояти, Норин тумани Ҳаққулобод шғаҳар Салимбек исломов кўча 2-уй, 6-хонадон. Менинг аëлим Бозорова Холидахон Мамажоновна. Иккита фарзандим бор. каттаси 7 яшар, кичкинаси 6 яшар. Уйда эркак одам йўқ бошқа.

Озодлик: Демак 28 июнга ўтар кечаси сизнинг уйингизга бир киши бостириб кирганми бир неча кишими?

- .....

Суҳбатнинг давомини қуйида тинглашингиз мумкин.



Суҳбат сўнггида суҳбатдош Ўзбекистон президентига мурожаат қилди. “Сиздан ош-нон, пул сўрамайман, оилам тинчилиги таъминланиши таъминлаб беришингизни, жиноятчини ўртоғи бўлгани учун ҳимоя қилаётган милиция ходимини жазолашингизни сўрайман”, деди жумладан у.

Суҳбат давомида суҳбатдошимиз жиноятчи дўстини қўйиб юборган милиция ходимининг исм-фамилиясини ҳам айтди. Биз исмни, айбсизлик презумцияси принципидан келиб чиқиб, суҳбатдан кесиб ташладик.

Бу воқеа ўрганиши мумкин ва ўрганиши зарур бўлган милиция амалдорлари истаса бирпасда аниқлай олади жиноятни яширган милиция ходимининг ким эканлигини.

Воқеа содир бўлган хонадан манзили суҳбат давомида аниқ-тиниқ айтилди.

********************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG