Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:13

Тожикистонда педофил ўқитувчи ҳибс қилинди


Тожикистоннинг Хатлон вилоятидаги мактаблардан бирининг бошланғич синф ўқитувчиси ўз ўқувчиларига жинсий зўравонлик қилганликда айбланмоқда.

Хатлон вилоятининг Абдураҳмони Жомий туманидаги мактабларнинг бирида бошланғич синфларга дарс берган 32 ёшли ўқитувчи Т.С, жабр кўрган ўқувчилар ота-оналарининг шикояти асосида ҳибсга олинган.
Бу борада Озодликка шу туман прокуратураси терговчилари маълум қилди.

Абдураҳмони Жомий туман прокуратурасининг терговчиси Завқибек Тўраевнинг айтишича, ўқитувчига нисбатан Тожикистон жиноят Кодексининг 139- моддаси 2-қисми (14 ёшга етмаган шахсга нисбатан шаҳвоний хусусиятга хос зўравонлик ҳатти-ҳаракатлари) ва 142-моддаси (ахлоқсиз ҳатти-ҳаракатлар) асосида жиноят иши очилган ва тергов давом этаяпти.

Прокуратура ходимининг таъкидича, ўқитувчи сўнгги икки йил давомида иккинчи синфда ўқиган олти нафар қизга нисбатан ахлоқсиз ҳатти-ҳаракатларни раво кўрган.

“Олий маълумоти бор. Қўрғонтепа шаҳридаги Носири Хусрав педагогика унверситетини муваффақиятли битирган. Ўзи ҳам яхши оилада, педагог оиласида тарбия кўрган. 2001 йилдан буён Қулсанг қишлоғидаги мактабда муаллим бўлиб ишлаб келган. Дастлабки тергов жараёнида у 2010 ва 2012 йиллар шу иш билан шуғуллангани аниқланди”, дейди терговчи Завқибек Тўраев.

Айни пайтда туман ички ишлар бўлимининг вақтинча сақлаш қамоқхонасида қолаётган ўқитувчи уч фарзанднинг отаси ҳамдир.

Абдураҳмони Жомий туманининг Қулсанг қишлоғи аҳолиси бу ҳодисани кескин қоралаб, агар ихтиёрларида бўлганида ўқитувчини тошбўрон қилиб, қишлоқдан ҳайдаб чиқаришларини айтишди. Жабрдийдаларнинг ота-оналари эса мавзу юзасидан журналистлар билан суҳбатлашишни истамадилар.

Туман прокуратураси қишлоқ аҳолиси педагогни ўзларича суд қилмасликлари учун барча чора-тадбирларни кўраётгани айтилди.


Хатлон вилоят прокуратурасининг маълум қилишича, Вахш водийсида ўқувчиларига нисбатан ўқитувчи томонидан ахлоқсиз ҳатти –ҳаракат иккинчи марта қайдга олинмоқда.

Хатлон прокуратураси расмийси Гулмаҳмад Бобоевнинг айтишича, ўтган йили Жалолиддин Румий туманида ўн етти ёшли шогирди билан жинсий алоқа қилган бир ўқитувчи ҳибсга олинган.

“Бу ҳодиса мактаб ҳудудида рўй бергани сабабли мактаб директори ва туман таълим мудири вазифасидан бўшатилди. 27 ёшли бўйдоқ ўқитувчи 11 -синфда ўқиётган талабаси билан ахлоқсизлик қилган ва бу ҳолатлар тасвирини мобил телефонларига тушириб борган”, дейди вилоят прокуратураси масъули Бобоев.

Прокуратура масъулининг айтишича, педофилия билан шуғулланган ўқитувчининг айби маҳкамада ўз тасдиғини топган ва у жарима тўлаш билан қутилиб қолган.

“Аммо, - дейди прокурор Бобоев, - бошланғич синф ўқитувчиси осонлик билан қутулмайди. Зеро республика жиноят Кодексида бирданига бир неча болага нисбатан ахлоқсиз ҳатти-ҳаракатлар қилган кишига 15 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси белгиланган”.
XS
SM
MD
LG