Линклар

Чехия Республикаси пойтахти Прага шаҳридаги “Corinthia” меҳмонхонасида Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг (ЎХҲ) иккинчи қурултойи давом этмоқда.

Ўзбекистон Халқ ҳаракати Муассислар мажлиси аъзоси Намоз Нормўминнинг Озодликка айтишича, 29 июн куни бошланган икки кунлик қурултойнинг биринчи кунида учта масала муҳокама қилинган.

Дастлаб ҳаракат раиси Муҳаммад Солиҳ ташкилотнинг ўтган бир йил давомида олиб борган фаолияти ҳақида ҳисобот берган.

Ташкилот низоми ва дастурига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масаласи муҳокама қилинган.

Шунингдек, Ўзбекистон Халқ ҳаракати раҳбариятини қайтадан сайлаш масаласи кўрилган.

Намоз Нормўминга кўра, қурултойда иштирок этаётган делегатлар Муҳаммад Солиҳни Ўзбекистон Халқ ҳаракати раиси этиб қайта сайлаган.

29 июн кунги йиғилишда ЎХҲнинг тафтиш комиссияси тузилган ва унинг аъзолари сайланган.

Нормўминга кўра, Муҳаммад Солиҳ ҳисобот қилганидан сўнг қурултой ЎХҲ бир йил давомида олиб борган фаолияти қониқарли деб топган.

Делегатлар бу қарорни ҳаракат Ўзбекистонда ва хорижда оёққа тура олгани ҳамда жамоатчиликка ўзини танита олгани билан изоҳлаган.

Муассислар мажлиси аъзоси Намоз Нормўминга кўра, ЎХҲ низомига қуйидаги тузатишлар киритилган:

- Моддий ва бошқа ташкилий имкониятлардан келиб чиққан ҳолда бундан буён ЎХҲ қурултойи уч йилда бир марта ўтказилади.

- Марказий котибият ўрнига бўлимлар бошқаруви таъсис қилинади.

- Муассислар мажлиси кенгайтирилгани инобатга олинган ҳолда тегишли қарорлар қабул қилинади.

Ўзбекистон Халқ ҳаракати қурултойининг иккинчи кунида раҳбарият томонидан тайёрланган қарор лойиҳаси тасдиқланиши режаланган.

Мазкур қарор лойиҳасида қуйидагилар устивор режа қилиб белгиланган:

1. Тарғибот воситаларида янги, янада самарали услубларни кенгроқ қўллаш;

2. ЎХҲ ни Ўзбекистон халқига танитиш ҳаракатини яна-да кенгайтириш лозим. Ҳаракатнинг яхлитлиги ва мақсадларини теранлаштириш зарур: ҳукумат тарғиб этаётган туғилишни чеклаш каби ғайримиллий сиёсатни халққа тушунтириш, болаларнинг мажбурий меҳнати, жиноятларни яшириш, коррупция ва порахўрликни рағбатлантириш каби режим табиатидан келиб чиқаётган иллатларни аёвсиз фош қилиш;

3. Талабалар ва армиядаги аскар ёшлар ўртасида ташвиқотни ошириш;

4. Бугунги кунда бунинг ҳеч кандай имкони бўлишига қарамасдан, хориждаги мухолифат лидерларининг оқланиб, ватанга қайтишлари учун ҳуқуқий замин яратиш йўлида режали иш бошлаш.

Бу ишга халқаро ҳуқуқ ташкилотларини жалб қилиш, адвокатларни даъват этиш. Бу билан ЎХҲнинг Ўзбекистонда қонунан тан олинишига, легализациясига замин яратиш;

5. Ўзбекистондаги сиёсий ва ижтимоий аҳволнинг реал манзарасини муҳокама қилиш учун тараққий қилган давлатлар билан маслаҳат савиясида алоқалар ўрнатиш. Ўзбекистондаги аҳволдан дунё давлатларини мунтазам хабардор қилиб туришни устун савияда ташкил қилиш;

6. ЎХҲ Ўзбекистондаги мавжуд режимнинг дафъатан йиқилишига ва ҳатто бунинг оқибатида келиб чиқадиган катта хаос (истиқрорсизлик) эҳтимолига ҳам тайёр туриш. Бу эҳтимол устида ишлайдиган ва уни таҳлил киладиган тадқиқот ва таҳлил бўлимини очиш.

Қурултой тугаганидан сўнг журналистлар учун матбуот конференцияси ўтказилиши режаланган.

ЎХҲ қурултойида Ўзбекистон, АҚШ, Канада, Туркия ва Европа мамлакатларидаги элликка яқин ўзбек мухолифати вакиллари иштирок этмоқда.

ЎХХ ўтган йил май ойида Германия пойтахти Берлинда ўтган 1-қурултойда таъсис этилган эди.

Қуйидаги ташкилотлар Ўзбекистон Xалқ ҳаракати (ЎXҲ) таъсисчиларидир:

1. Ўзбекистон Эрк демократик партияси.

2. Таянч Маданий-маърифий жамияти.

3. Ўзбекистон Демократик кучлари форуми.

4. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти.

5. Эркин сайловлар учун жамияти.

6. Нажот инсон ҳуқуқлари жамияти.

7. Чўлпон ёшлар ташкилоти.

8. Ёшларнинг мустақил вакили.

9 . Мустақил шахслар вакили.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG