Линклар

logo-print

Муҳаммад Мурсий Миср президенти сифатида қасамёд қилди


Миср Президенти М. Мурсий.

Миср Президенти М. Мурсий.

Мисрда 17 июн куни ўтказилган президент сайловида ғалаба қозонган Мусулмон Биродарлиги исломий ҳаракати номзоди Муҳаммад Мурсий 30 июн куни янги президент сифатида қасамёдга келтирилди.

Мисрда бир пайтлар фаолияти таъқиқланган Мусулмон Биродарлиги исломий ҳаракатининг вакили Муҳаммад Мурсий 30 июн куни мамлакат янги президенти сифатида қасамёд қилди.

Тантанали маросим пойтахт Қоҳира шаҳридаги Олий конституциявий судда бўлиб ўтди.

- Аллоҳ номи билан қасам ичаманки, мен республика тизимини ҳалол ҳимоя қиламан. Конституция ва қонун устиворлигини ҳурмат қиламан. Халқ манфаатларига хизмат қиламан. Мамлакат мустақиллигини сақлайман ва хавфсизлигини таъминлайман, – деди Мисрнинг янги президенти.

Муҳаммад Мурсий 60 йил олдин Мисрда монархия ағдарилганидан бери мамлакатнинг бешинчи президенти бўлди.

Айни пайтда, Мурсий Араб дунёсида илк бор ўтказилган эркин сайлов натижасида Мисрнинг исломий қарашдаги биринчи президентдир.

29 июн куни Қоҳиранинг Таҳрир майдонида мамлакат мусулмонлари ва насронийларига қилган мурожаатида Мурсий, Мусулмон Биродарлиги ҳаракати орзу қилганидек, Исломий давлатга ишора қилмай, “фуқаровий, миллий ва конституциявий давлат” барпо этишни ваъда қилди.

Миср Олий конституциявий суди 14 июн куни сайлов ҳақидаги қонуннинг айрим бандларини конституцияга зид топиб, ўша қонун асосида ўтган йил охирида сайланган парламентни тарқатиб юбориш ҳақида қарор чиқарган.

Аксар ўринларни исломий қарашдаги депутатлар эгаллаган парламент тарқатиб юборилганидан бери Мисрни маршал Ҳусайн Тантавий бошчилигидаги Олий ҳарбий кенгаш бошқариб келмоқда.

Парламент тарқатилганидан сўнг Олий ҳарбий кенгаш қонун чиқариш салоҳиятига эга бўлган.

Муҳаммад Мурсий армия генералларини лавозимидан бўшата олмайди.

Чунки ҳарбийлар президентни аллақачон бундай салоҳиятдан мосуво қилган.

АҚШда мухандислик бўйича таълим олган 60 ёшдаги Муҳаммад Мурсий президент сайровида 51,7 фоиз овоз олган.

Сайловдаги унинг рақиби, ўтган йил бошида ҳокимиятдан ағдарилган собиқ президент Ҳусни Муборак даврида Бош вазир бўлиб ишлаган, собиқ генерал Аҳмад Шафиқ эса сайловчиларнинг 48,3 фоиз овозини олган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG