Линклар

logo-print

Муҳаммад Солиҳ: Қуролли кураш сўнгги чора

  • Алишер Сиддиқ

ЎХҲ раиси Муҳаммад Солиҳ ва муассислар мажлиси аъзоси Намоз Нормўмин.

ЎХҲ раиси Муҳаммад Солиҳ ва муассислар мажлиси аъзоси Намоз Нормўмин.

“Араб Баҳори”дан илҳомланган бир қанча дунёвий ва исломий гуруҳларни бирлаштирган мухолифатдаги Ўзбекистон халқ ҳаракати Ўзбекистон ҳукуматига қарши кураш йўлида сўнгги чора сифатида куч ишлатишни оқлашини баён қилди.

Мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳ 29-30 июн кунлари Чехия пойтахти Прагада ўтган Ўзбекистон Халқ ҳаракати 2-қурултойида Араб баҳори “мустабид тузумларга” қарши фақат тинч йўл билан курашиш лозимлиги ҳақидаги иддаони инкор қилганини таъкидлади.

- 22 йил давомида нима қилдингиз, деган хоинона дашномларга маъруз қилаётган ўзбек мухолифати аҳволини бир тасаввур қилинг. Бу зулмга қарши тинч йўл билан курашиш имконсиз эканини ва кутилган натижа бермаслигини биз ҳам кўрмаяпмизми? Кўряпмиз. Биз Каримов режимини зўравонлик билан ағдариш ниятимиз йўқлигини ҳеч қачон исбот қила олмадик. Биздан ҳеч биримиз бу зулмга қарши қўлга қурол олиб курашиш биз учун ҳалол деб ҳеч қачон ўртага чиққанимиз йўқ. Бугун ҳам ўртага чиқаётганимиз йўқ. Кучли ва қақшатқич зарбани Араб баҳори берди. Ва бу зарба дунё золимларига қарши қуролли мужодалани бир онда машруъ қилди, яъни легитим қилди, деди ЎХҲ раиси.

Муҳаммад Солиҳ фикрича, “Араб Баҳори” ислом ва демократия бир биридан айри тушунчалар эмаслигини кўрсатган. Айни пайтда ушбу мухолиф гуруҳ аъзолари ўзларининг радикал исломий қарашлардан узоқ эканини исботлашга ҳам уринди.

“Таянч” маданий-маърифий жамияти раҳбари собиқ имом ва Жаслиқ қамоқхонаси маҳбуси Муҳаммадсолиҳ Обутов ҳаракатнинг ҳалифалик ўрнатиш ғояларидан анча йироқлигини айтди.

- Биз Ўзбекистоннинг бугунги мавжуд ҳудудини, мавжуд конституциясини, қонунларини тан оламиз ва шу қонунлар асосида Ўзбекистонда янги адолатли режим ўрнатмоқчимиз. Диктатор режимини олиб, ўрнига ҳақиқий, конституция амал қиладиган режим ўрнатмоқчимиз. Биз ҳалифат эмас, конституциявий режимда яшашни хоҳлаймиз ва шу йўлда ҳаракат қияпмиз, деди Муҳаммадсолиҳ Обутов.

Кузатувчилар фикрича, қурултой давомида илгари сурилган муҳим таклифлардан бири хорижда Ўзбекистон ҳукуматига параллел равишда амал қиладиган, мухолифат аъзоларидан иборат муқобил ҳукуматни яратиш таклифидир. Бу фикр анжуман давомида камида уч марта янгради. АҚШдаги Колумбия университетининг Марказий Осиё ва Кавказ масалалари бўйича тадқиқотчиси ва ЎХҲ маслаҳатчиси, профессор Питер Синнотт мухолифатнинг муқобил ҳукумат сифатида ишлай бошлаши ҳаёт мамот масаласи эканини таъкидлади.

- Менимча, мухолифат ўзининг дунёдаги имиджига жиддий ёндашмоғи лозим. Айнан шунинг учун мухолифат муқобил ҳукумат сифатида амал қила бошлаши муҳимдир. Хорижда яшаётган миллионлаб Ўзбеклар орасидан мухолифат ўзи учун молия, қишлоқ хўжалиги, банк, экология ва бошқа соҳалар бўйича мутахассисларини топиши ва мухолифатга жалб этиши керак. Мухолифат Ғарб давлатлари ва ўз халқига давлатни бошқаришга тайёр эканини исботлаб бериши керак, дейди профессор Синнотт.

Прага қурултойи Ўзбекистон Халқ ҳаракати таъсис этилганидан буён айни форматда ўтказилаётган иккинчи учрашувдир. Қурултой давомида ҳаракат раҳбари Муҳаммад Солиҳ молиявий сабаблар туфайли бундай қурилтойларни ҳар йили эмас, ўч йилда бир марта ўтказишга келишилганини билдирди.

“Биринчидан техник сабаблар, иккинчидан молиявий сабаблар бизни қурултойни ўтказиш муддатини 3 йилга чўзишга мажбур қилди. 60 га яқин одамни тўплаш учун, биласиз, жуда катта иш қилиш керак”, деди ЎХҲ раҳбари.

Халқ ҳаракатининг 2-қурултойи Прагадаги беш юлдузли Corinthia Hotel меҳмонхонасида ўтказилганига қарамасдан, умуман олганда ҳаракатнинг молиявий аҳволи ҳозирча анча суст қолаётгани кўринди. Ушбу мухолиф гуруҳнинг даромад манбалари ҳусусида Муҳаммад Солиҳ гапни қисқа қилди:

“Мусулмон давлатлари бизга ҳеч нарса бераётгани йўқ, афсус. Ҳомиймиз - бизни яратган Зот. Иккинчидан, ҳомийимиз бизнинг халқимиз. Манбамизни яна ортиқча очиқлашнинг ҳеч хожати йўқ менимча. Ҳозирча биз мана шу қурултой ўтказишга, 60-70 одамни чақиришга имкониятимиз етяпти ва келажакда имкониятларимиз кенгайишига умид қилиб қоламиз."

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG