Линклар

ЕИга раислик Кипрга ўтади


Бугундан бошлаб Европа Иттифоқига раислик қилиш ваколати Кипрга ўтади. ЕИнинг энг кичик мамлакатларидан бири бўлмиш Кипрда 800 мингга яқин одам истиқомат қилади.

Евроҳудуд бўйлаб қулоч ёйишда давом этаётган қарз бўҳрони бу мамлакатга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади – яқинда Кипр расмийлари молиявий ёрдам учун евроҳудуднинг бошқа мамлакатлари ва Халқаро валюта жамғармасига мурожаат қилиш истагини билдирганлар. Экспертларга кўра, ўзини ўнглаб олиш учун 10 миллиард долларга эҳтиёж сезаётган Кипр иқтисодиётидаги муаммолар бевосита Грециядаги қарз бўҳрони билан боғлиқ.

Кипрнинг ЕИдаги раислигига қарши Иттифоққа кириш учун номзод мамлакат мақомига эга бўлган Туркия кескин норозилик билдираётганди. Туркия оролнинг турк жамоати томонидан 1974 йилда ташкил этилган Шимолий Кипр Республикасини тан олган ягона мамлакат бўлиб ҳисобланади.

Туркия расмийлари Кипр раислиги остида ўтган ЕИнинг барча тадбирларини олти ой давомида бойкот қилишни ваъда қилмоқдалар. Анқара Кипр Республикаси расмийларини оролдаги турк жамоати билан музокара ўтказишни истамасликда айблаб келади.
XS
SM
MD
LG