Линклар

Қуролли қарама-қаршилик тобора кучайиб бораётган Сурияда сўнгги ҳафтада саккиз юзга яқин одам қурбон бўлган. Бу суриялик мухолифатчилар келтираётган рақамдир.

Мухолифатнинг “Сурия миллий кенгаши” деб номланган асосий органи якшанба куни тарқатган баёнотда Суриянинг турли ҳудудларида ўлдирилганларнинг аксарияти танклар ва вертолётлардан ўққа тутилиш натижасида қурбон бўлганлари айтилади.

Бу хабарларни тарқатаётган Ғарб агентликлари айни пайтда Сурия расмийлари мамлакатда хорижлик журналистлар фаолиятини ўта чеклаб қўйгани учун мазкур рақамни мустақил манбалар орқали текширишга имкон бўлмаётганини қайд этмоқда.

Якшанба куни суриялик мухолифатчилар Сурия муаммоларига бағишлаб Араб давлатлари лигаси ўтказаётган анжуманда қатнашиш учун Қоҳирага борганлар. Мазкур анжуманга БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий беш аъзоси ҳамда Қувайт, Қатар ва Ироқ вакиллари ҳам таклиф қилинган.

Шанба куни Женевада Сурия бўйича халқаро учрашув ўтказилди. Унда Сурияда амалдаги режим ва мухолифат вакиллари дохил Ўтиш даври ҳукумати тузиш чақириғи билан декларация қабул қилинган.

БМТ ва Араб мамлакатлари халқаро элчиси Кофи Аннан режасига мувофиқ, миллий бирдамлик ҳукумати деб ном оладиган бу коалиция янги конституция лойиҳасини ишлаб чиқиш ва сайловлар ўтказиш билан шуғулланиши керак.
XS
SM
MD
LG