Линклар

logo-print

Футбол бўйича Европа чемпионатининг финал босқичида Испания терма жамоаси тарихий ғалабани қўлга киритди.

1 июл куни Киевдаги “Олимпийский” стадионида ўтказилган учрашувда испанияликлар италиялик футболчиларни 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратди ва тарихда кетма-кетига учта йирик мусобақада ғалаба қозонган илк командага айланди.

2008 йилда Европа чемпионлигини қўлга киритган испанлар 2010 йилда Жаҳон чемпионатида ҳам ғалаба қозонгандилар.

Финал учрашувида голлар биринчи таймда Силва ва Алба томонидан, иккинчи таймда эса Торрес ва Мата томонидан киритилди.



Ташқаридан қараганда, испаниялик футболчилар кечаги ўйинда ғалабани қийинчиликсиз қўлга киритгандай туюлади, ҳар ҳолда, ўйиндаги ҳисоб шундан далолат бериб турибди. Бироқ италияликларнинг финалдаги мағлубиятига сабаб бўлган бир қатор омилларни ҳам инсофан санаб ўтиш жоиз.

Биринчидан, италияликлар ўзининг сўнгги ўйинини испанлардан бир кун кейин (29 июн куни) ўтказди. Иккинчидан, ярим финалда улар ўта кучли бўлган Германия терма жамоаси билан учрашди – немислар билан ўтказилган ўйин италянларни анча ҳоритиб қўйди. Учинчидан, ўйинни тез суръат билан бошлаган ва қаторасига бир неча ҳужум уюштирган италиялик футболчилар қарши ҳужумдан бироз довдираб қолдилар ва шу билан ўйин охиригача ташаббусни ўз қўлларига ололмадилар.

Шу тариқа Испания терма жамоаси тренери Висенте дел Боске фақат Жаҳон ва Европа чемпионатларидагина эмас, балки Чемпионлар лигасида ҳам зафарни қўлга киритган мураббийга айланолди.

Маълумотларга кўра, Испания футбол жамоаси рамзлари туширилган либосларни кийиб олган ишқибозлар ўтган тун Киев кўчаларини “обод қилганлар”.

Шундай қилиб, Чезаре Пранделли шогирдлари Европа чемпионатининг кумуш медалларига соҳиб бўлдилар. Бронза эса Германия ва Португалия футболчиларига насиб қилди.

“Евро-2012” футбол мусобақасида Марио Балотелли (Италия), Фернандо Торрес (Испания), Криштиану Роналду (Португалия), Алан Дзагоев (Россия), Марио Гомес (Германия) ва Марио Манжукич (Хорватия) рақиб дарвозасига учтадан гол киритишга муваффақ бўлганлар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG