Линклар

Кремл ноҳукумат ташкилотларини сараламоқчи


Янги қонун кучга кирса¸ у шундоқ ҳам босим остида ишлаб келаëтган ҳақиқий ноҳукумат ташкилотлари фаолиятига нуқта қўйиши мумкин¸ деган ташвиш билдирмоқда кузатувчилар.

Янги қонун кучга кирса¸ у шундоқ ҳам босим остида ишлаб келаëтган ҳақиқий ноҳукумат ташкилотлари фаолиятига нуқта қўйиши мумкин¸ деган ташвиш билдирмоқда кузатувчилар.

Россия Давлат думасидаги ҳукмрон партия вакиллари мамлакатда фаолият юрғизаëтган ноҳукумат ташкилотлари ишини “шаффоф ва масъулиятли” қилиш даъвосида янги қонун лойиҳасини ҳозирладилар.

Хориж ҳукуматлари ëхуд халқаро ноҳукумат гуруҳлари берган грантлар асосида фаолият юрғизиб келаëтган Россия ноҳукумат ташкилотлари яқин келажакда ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлиши мумкин.

Ҳукмрон “Единая Россия” партияси фракцияси ҳозирлаган янги қонун лойиҳаси барча ноҳукумат ташкилотлари учун қайта рўйхатдан ўтишни шарт қилиб қўяди.

Рўйхатдан ўтиш учун эса¸ бу ташкилотлар¸ кимдан¸ қанча ва қайси мақсадда пул олаëтганини очиқлаштириши лозим.

“Ноҳукумат ташкилотларига оид қонунга киритилиши таклиф этилаëтган ўзгартишлар лойиҳасини мен тайëрладим. Хориж жосуслари¸ нақд пулларни ҳозирлаб қўяверинглар!” деб ëзди “Единая Россия” фракцияси аъзоси¸ лойиҳа муаллифи Александр Сидякин ўз Twitter саҳифасида.

Таклиф этилаëтган ўзгартишга доир¸ янги нашрдаги қонун кучга кирганидан сўнг барча ноҳукумат ташкилотлари қайта рўйхатдан ўтиши лозим¸ мабодо бу муддат ичида регистрациядан ўтмаса¸ улар фаолияти олти ой ичида бутунлай тўхтатилади.

Бундан ташқари¸ ноҳукумат ташкилотлари ўз молиявий манбалари ҳақида ҳар олти ойда тегишли идораларга батафсил ахборот бериб туришга мажбур.

Ўз вақтида ҳисоб бермаган¸ ëки тўлиқ бўлмаган ҳисобот тақдим этганлар бир миллион рус рубли (30.240 АҚШ доллари)га қадар жаримага тортилади ëхуд 4 йилгача қамоқ жазосига ҳукм этилади.

Сидякиннинг айтишича¸ бу ўзгартишлар кўплаб ноҳукумат ташкилотларини “фитначилик”дан қайтариб¸ уларнинг”асл башараси”ни фош қилишга ëрдам беради:

- Биз фуқаровий жамият қуришни истаймиз. Фуқароларимиз қайси ноҳукумат ташкилоти Россиядаги фуқаровий жамият маҳсули экани¸ қайсиларининг эса хориждагилар томонидан молиялаштирилаëтгани билишга ҳаққи бор¸ деди Сидякин Озодлик билан суҳбатда.

Ноҳукумат ташкилотлари фаолиятига оид Россия қонунчилигига киритиш таклиф этилаëтган ўзгартишлар лойиҳаси ҳуқуқ фаолларининг жиддий эътирозига сабаб бўлаëтир.

Танқидчиларнинг айтишича¸ амалдаги қонунга кўра¸ ноҳукумат ташкилотлари ўз молиявий манбаларига тегишли барча маълумотни шундоқ ҳам очиқлаб келаëтир.

Улар фикрича¸ бу ўзгартишлар воситасида Кремл Владимир Путиннинг ҳокимиятга қайтишига норозилик билдириб келаëтган ноҳукумат ташкилотларини жамоатчилик олдида ëмон отлиққа чиқармоқчи.

Москвадаги Ҳелсинки гуруҳи хориж молияси ҳисобига фаолият юрғизаëтган ташкилотлардан бири. Мазкур гуруҳ фаолларидан бири Людмила Алексееванинг бу ўзгартиш ташаббусчилари ниятининг ëмон эканига шубҳаси йўқ.

- Бу қонун жирканч мақсадни кўзламоқда. Улар телевизорга чиқиб олиб¸ қаранглар бу ташкилотлар ўзларининг хориж ҳукуматлари жосуси эканини ўзлари ҳам тан олди¸ деган пропаганда учун материал тўпламоқчи. Афсуски¸ аҳолининг бир қисми инсон ҳақлари учун курашаëтганлар Россияга душман давлатлар манфаатига хизмат қилади¸ деган гапга гўлларча ишонади¸ дейди Алексеева.

Ўз умрининг аксар қисмини инсон ҳақлари ҳимоясига бағишлаган Людмила Алексеева¸ ўзи ишлаëтган каби ташкилотлар¸ Россияда молия манбалари топиш имконсиз бўлгани боис¸ хориж грантларига ишлашга мажбур эканини айтади.

Лойиҳа танқидчиларига кўра¸ ушбу қонун қабул қилинса у Россиядаги ҳақиқий ноҳукумат ташкилотларини йўқ қилиш жараëнини легаллаштириши мумкин.

Қонун лойиҳаси¸ Адлия вазирлигига экстремистик фаолиятда гумонланган ноҳукумат ташкилотлари идорасида исталган пайтда тафтиш-текширув ўтказиш ҳаққини ҳам беради.

- Олдимизда “Единая Россия” бўлмаган¸ ҳукуматга ëқмаган ҳар қандай ташкилотни ëмон отлиқ қилишга замин яратувчи қонун лойиҳаси турибди.

Бу иш ўта мужмал бир шаклда амалга оширилмоқда. Ҳатто қонун лойиҳасида ноҳукумат ташкилотининг қанча ва қай шаклда пул олиши мумкинлиги ҳам кўрсатилмаган¸ дейди сиëсатшунос Марк Урнов.
XS
SM
MD
LG