Линклар

2012 йилнинг 1 июл куни ўзбек миллий валютаси - сўм муомалага киритилганига 18 йил тўлди. Мутахассисларга кўра¸ ўтган давр мобайнида сўм ўз қадрини қарийб 500 мартага йўқотган.


1994 йилда бир АҚШ доллари олти сўмга алмаштирилган бўлса, 2012 йилнинг 1 июлига келиб бир доллар “қора бозорда” 2,900 сўм атрофида алмаштирилмоқда.

Ўзбекистон Марказий банки курси бўйича бир АҚШ долларининг сўмга нисбатан курси 1884.75 сўмни ташкил этмоқда.

Ўзбекистонда уйлар, автомобиллар, дўконлар, катта миқдордаги маҳсулотлар, тижорат моллари, қиммат нарсалар эркин муомаладаги валюта, асосан, долларга сотилади.

Кундалик эҳтиёжидан кўп сўм топган ўзбекистонликлар пулни қандай сақлаётганларини билиш мақсадида "Ҳафта саволи" рукнининг бугунги сонида респондентларга “Ортиқча пулингизни қандай валютада сақлайсиз?” деган савол билан мурожаат қилдик.

Мадина, тадбиркор:

- Фақат долларда сақлайман. Сўмда сақлашни тасаввур ҳам қилолмайман. Чунки кундан кун сўм қадрсизланаяпти, яна қандай изоҳлаш мумкин буни? Мана мен савдодаман. Бугун тушган савдомнинг пулини эртагача ëки индингача сақлашга қўрқаман. Одамлар сақлаб банкротларга тушган.

Эсингиздами¸ 1998 йилда доллар қанақа ўйнагани? Ўшанда Россияда ҳам ўйнади, ўзимизда ҳам ўйнади. 170 неччи сўмда юрган аҳволидан доллар 500 неччи сўмга кўтарилиб кетди. Қанча бизнесменларимиз банкрот бўлиб кетди. Анча крутой бизнесменлар синиб кетди. Бугун қилинган савдонинг пули жуда узоқ бўлса эртагача ëки индингача сақланиши мумкин. Бир-икки сўм ўйнаб турганига нима қилинмайди. Бугун 5-10 сўмга қимматлабди¸ деб ўтирилмайди. Шартта олинади. Бўлмаса бизнесмен ютқазиб қолади. Қўрқаман пулимни сўмда сақлашга.

Маҳбуба, фармацевт:

- Сўм яхши. Биз ишимизни сўмга оборот қиламиз доим. Ортиқча пулимиз бўлса, сўм бўлиб тураверади. Бизлар долларга айлантирмаймиз. Долларлик ишимиз йўқ бизнинг. Қаëққа борсанг ҳам барибир ўзингнинг сўмингни сўрайди бу ерда. Мебел олишга борсак ҳам бир хил магазинларда “Доллар оласизларми” десак, “Йўқ сўмга айлантириб келинглар. Биз сўмда оламиз пулни” дейишди. Ҳамма жойда сўм ўтгандан кейин бизларга сўм қулайда. Долларни энди тижоратчилар, чет элга чиқадиганлар ишлатса яхши уларга. Биз фақат ўзимизнинг ички бозорда савдо қилганимиз учун сўм бизга қулай. Ҳозирча ортиқча пул йўқ. Бўлса, керакли бирор буюмни олиб қўямиз.

Иброҳим, пенсионер:

- Аввало мен шу кеча-кундузда ўйлаб қарасам ҳали ортиқча пул ҳақида ўйлашга анча ëшлик қиларканман. Ўзбекистондаги жорий ижтимоий-иқтисодий вазиятдан келиб чиқиб. Ҳозир оиламнинг зарурий эҳтиëжлари учун ўзимизнинг миллий сўмда етарли пул топа олсам ҳам Худога шукур қилаяпман. Масалан тирикчилик, даромад битта тўланадиган пенсия ҳисобидан бўлаëтгандан келиб чиқиладиган бўлса, мабодо Оллоҳ бир имконият бериб, ортиқча пулим бўлган тақдирда ҳам долларда сақлаш мен учун маъқулроқ. Нимага деганда ҳозир Ўзбекистоннинг миллий сўмига ишонч йўқ. Бугунги 1000 сўм эртага бугунгидай кучга эга бўлмаяпти. Шундай бўлгач, қуруқ қоғозни йиғиб қўйишнинг нима кераги бор.

Санжарали Имомов, драматург:

- Мустақил Ўзбекистоннинг сўмини ҳеч нарсага алмаштирмайман, десам қип-қизил алдоқчилик, муттаҳамлик қилган бўламан. Тилёғламалик қилган бўламан. Эл қатори, тўғри келса доллар, тўғри келса мол олиб қўяман. Нима қилиб ушасам ушайман, ҳар ҳолда сўм сақламайман. Пасайиб кетяпти деган сўз, қадри борку ўзи пасайиб кетяпти деган бўламиз. Сўмнинг мутлақо қадри бўлмаганидан кейин тушунарлику. Элликка борган одамга эмас, 13 ёшли болага сўмни сақлайсанми десангиз, эсимми ебманми, дейди. Чунки 13 яшар бола ҳам сўмнинг қадри аллақачон қолмаганини билади.

Паркент туман ИИБ ходими:

- Ака¸ бу саволга жавоб ўйлаб кўрганимиз йўқ. Ўйлаб кўрсак бир жавобини берармиз. Майлими? Ҳозир хизматда эдик. Линиямиз жуда банд бўлиб кетди. Жуда кўп одамлар бизга алоқага чиқяпти. Узр, лекин.

Оминахон - тикувчи:

- Топган пулимни сўмда сақлайман. Сўмда сақлашнинг яхши тарафи қачон пул керак бўлса, олиб ишлатаверасиз. Долларни қачоон алиштираман. Бизани шароитда сўм ишлатиш қулай. Масалан, бозордан нарса сотиб олишда ҳам сўм қулай. Пластик карточка ҳозир унчалик ишлатилмаяпти. Банкоматлар йўқ. Хом-ашёни ҳам фақат сўмда олиб, маҳсулотимизни сўмга сотамиз. Шунинг учун сўмни ишлатиш бизга қулай. Шу сабабли топган пулимнинг ҳаммасини сўмда сақлайман. Асосан сўм ишлатаман.

Исломбек, Москва:

- Энди ўзбек пулида сақлайман деса, ҳамма кулиб юборса керак ҳозир ўша ерда ўтирганларнинг ўзи ҳам. Бу бўлмаган нарса. Ўзбек валютаси ҳам ўзига хос валюта ҳисобланади Ўзбекистон ичида. Ортиқча пулга ер олиб қўйганман. Россияда ер масаласи жуда кучли. Москва кенгайтирилаяптию Москва областига қараб. Шунинг учун ҳозир Москва области томонларда 1-2 миллион рубл турган участкалар 2 йилнинг ичида камида 10-12 миллионга чиқиб кетади. Пул йиғмай ер оламан.

Мавлуда, Сурхондарë:

- Мен биринчи гуруҳ ногирониман. Вақти-вақти билан 5-6 ойда даволаниб тураман. Ҳозир ўқийман. Масалан ҳозир ҳаммага маълум баъзи бир талабалар дарсини пулга қилдиради, ўзлари дарс қилмайди. Ўшаларнинг дарсини қиламан, нафақам бор. Хуллас қўлимдан келадиган ўшанга ўхшаган ишларни қиламан. Уйдагилардан ҳеч қачон пул сўрамаганман. Соғлиғимга керак бўлгани учун ëнимда 500 мингдан 5 миллион сўмгача ортиқча пул сақлаб юришимга тўғри келади. Агар катта пулим бўлса, АҚШ долларида сақлаб қўйган бўлардим. Чунки ҳозир ҳеч нарсага ишонч йўқ. АҚШ доллари ҳеч қачон ўлмайди. Масалан ҳозирги кунда машина олиш эҳтиëжим бўлмагани учун АҚШ долларида сақлаб қўйган бўлардим. Ҳозир АҚШ доллари кўтарилиб кетаяпти сўм қадрсизланиб. Шу нарсаларни ўйлаб ҳам энг яхшиси АҚШ доллари.

Фарруҳ, Тошкентдаги бизнес маркази ходими:

- Мен учун қандай валютада сақлашнинг фарқи йўқ. Сўм ҳам¸ доллар ҳам пул. Ўзбекистонда сўм. Бир томондан сўм яхши. Менинг сақлайдиган пулим йўқ. Уйланмаган бўйдоқ бўлсам ҳам расход кўп. Билмадим.

Лазиз, Истанбул, ошпаз:

- Турк лирасини долларга айлантираман. Ундан кейин Ўзбекистонга жўнатаман. У ердан доллар қилиб олади. Ойлик олганимда жўнатаман. Буни мен киссамда ëки банкада сақламайман. Мен бирдан Ўзбекистонга жўнатаман, ота-онам олади. Вазиятга қараб 400 доллар базан 500 доллар ҳам жўнатаман. Бир хилда умуман бўлмайди. Ўрта ҳисобда ойига 450 долларга тўғри келади. Бизларнинг оиламиз катта. Ўзбекистонда савдо қиламиз. Магазинимиз бор. Машина оламиз, уй соламиз, пул сақламаймиз, ўзбекчиликни биласиз энди.

Ҳурматли муштарий, Сиз ҳам "Ҳафта саволи"га жавоб ёзмоқчи ёки шу мавзуда маълумот бермоқчи бўлсангиз "Шарҳлар" тугмачасини босиб, фикр-мулоҳазаларингизни ёзиб қолдиришингиз мумкин.


YouTubeда тинглаш

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG