Линклар

logo-print

Ўзбекистон Бош прокуратураси Сурхондарё, Қашқадарё, Сирдарё, Жиззах, Бухоро ва бошқа вилоятларида қишлоқ жойларида намунавий лойиҳа бўйича уйлар қурилишида қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаган.

Бу ҳақда Олам.уз сайти хабар қилади.

Маълумотларга кўра, қурилишдаги қонунбузарлик фактлари бўйича прокуратура жорий йилнинг 4 ойи давомида 355 та жиноий иш қўзғатган.

Назорат органи ходимлари туман ҳокимликлари уй қурилиши учун ер участкаларини танлашга етарлича масъулият билан ёндошмаётгани, белгиланган муддатларга амал қилинмаётганини ва жойларда тендер савдоларининг ўз вақтида ташкил этилмаслиги одатий ҳолга айланганини қайд этганлар.

Шунингдек, қурилиш материалларининг тўлиқ ҳажмда етказиб берилмаётгани, уларнинг етишмовчилиги пудратчи ташкилотларни уларни бозор нархида ўзлари сотиб олишга мажбур қилаётгани таъкидланган.

Прокуратура ходимларига кўра, Сирдарё ва Сурхондарё вилояти аҳолисидан охиригача етказилмаган тайёр уйлар бўйича шикоятлар ва мурожаатлар келиб тушяпти, бироқ қоғоздаги ҳисоботларда ҳаммаси 100 фоизга бажарилгани қайд этилган.

Куни кеча ўтказилган Ўзбекистон Бош прокуратураси идоралараро мажлисида қишлоқ жойларда уйлар қурилишида айрим қурилиш-монтаж ишлари сифатсиз бажарилгани, йўллар ўз вақтида барпо этилмагани, янги маҳаллаларга газ, электр энергияси ўз вақтида ўтказилмагани ҳам урғуланган. Мажлисда, шунингдек, ташқи муҳандислик объектлари, транспорт коммуникациялари ва ижтимоий инфратузилма қурилишига доир қонунчилик ҳужжатларига амал қилиш зарурлиги таъкидланган.

Маълумотларга кўра, ўтган йили Ўзбекистонда умумий майдони 1 миллион метр квадратни ташкил этувчи 7500 та хусусий уй-жой қуриб битказилган. Расмийлар бу ишлар Ўзбекистон Республикаси президентининг 2009 йил 3 августида қабул қилган “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан амалга оширилаётгани айтмоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG