Линклар

Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб Ўзбекистонда маркировкасиз маиший техникани сотиш тақиқланди. Янги тартиб жорий қилиниши ортидан Тошкентдаги электроника дўконларининг кўпчилигида савдо тўхтаб қолди.

DVD-плеерларидан тортиб, газ плиталар, кондиционер, совутгич ва телевизорлар бундан бунё Ўзбекистонга олиб кирилар экан махсус назорат идентификация белгилари билан маркировка қилинади ва шундан сўнггина сотувга чиқарилади.

Ўзбекистон Божхона қўмитасининг ўзини таништирмаган ходими, Озодлик билан суҳбатда, бундан мақсад контрабандага қарши кураш эканини таъкидлади.

- Маркировка қилиниши лозим бўлган 11 турдаги импорт истеъмол товарлари белгиланди. Бу тартиб республикамизда соғлом рақобат муҳитини яратиш ва шу орқали контрабанда товарларининг четдан келтирилиши ва сотилиши олдини олиш мақсадида жорий этиляпти,- деди Ўзбекистон Божхона қўмитаси вакили.

Мамлакат ҳудудига олиб кириладиган маиший техника молларини сотувга чиқаргунга қадар махсус назорат идентификация белгилари билан маркировка қилиш 2012 йилнинг 1 январидан жорий этилганди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Истеъмол товарларининг айрим турларини Ўзбекистонга четдан келтиришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2012 йилнинг 1 январига қадар Ўзбекистонга олиб келинган ва сотувга чиқарилган молларни 1 июлга қадар идентификация белгиларисиз чакана савдо тармоқларида сотилиши мумкин эди.

Эндиликда Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилган 11 турдаги маиший техника моллари махсус назорат идентификация белгилари билан мажбурий маркировка қилинади. Янги тартибни амалга татбиқ этиш жараёнини божхона ва солиқ қўмиталари назорат қилади.

- Бунинг учун истеъмол молларини импорт қилаётган одамлар ёки юридик шахслардан тўловлар олинмайди,- деди Ўзбекистон Божхона қўмитаси расмийси.

Ўзбекистонда айрим маиший техника моллари мажбурий маркировка қилиниши тартиби жорий этилиши ортидан мамлакатдаги кўплаб дўконлар, жумладан, “Флешка” Техно-Марказидаги дўконларнинг аксарида товарлар савдоси тўхтаган, пештахталар бўшаб қолган.

Бу марказдаги "Philips" дўкони ходими савдо тўхтаб қолишига янги тартибнинг жорий қилингани сабаб бўлганини айтади.

- Энди келяпти йўлда. Келаётган моллар маркировка билан чиқаяпти-да, маркировка 15 кун олар экан - дейди Тошкентдаги Philips дўкони ҳодимларидан бири.

1 июлдан маркировка қилиниши керак бўлган 11 турдаги маиший техника моллари таркибига духовка, кондиционер, музлатгич, уй-рўзғор идишлари ва кир ювиш машиналари, принтер, чангютгич, электр плиталар, DVD ва мусиқа ускуналари, монитор ва телевизор каби электроника моллари киради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG