Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:41

“Қуйлиқ” бозорқўми гаров эвазига ҳибсдан чиқарилди


Тошкентдаги “Қўйлиқ” деҳқон бозори директори Усмон Муталибов иқтисодий жиноятларда айбланиб, бир ой ҳибсда сақлангач, гаров эвазига озодликка чиқарилган. Айтилишича, порахўрликда айбланаётган бозор директори устидан тергов давом этмоқда.

Жорий йилнинг май ойида Тошкентдаги энг йирик бозорлардан бири - “Қўйлиқ” деҳқон бозори директори Усмон Муталибов ҳибсга олиниб, бир ойдан зиёд вақт давомида ҳибсда сақлангандан сўнг гаров пули эвазига ҳибсдан озод қилинди.

“Қўйлиқ” бозори маъмуриятининг ўзини таништирмаган ходими, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, Усмон Муталибовнинг бир ой давомида ҳибсда бўлганини тасдиқлади. Бироқ унга очилган жиноий иш тафсилотларидан бехабарлигини айтди.

Лекин "бозорқўмга нисбатан очилган жиноят иши бўйича тергов давом этмоқда", деди суҳбатдошимиз.

Uzmetronom.com сайти Муталибовнинг пора олаётган пайтда ҳибсга олишгани тўғрисида хабар қилди.

“Қўйлиқ” бозорининг ўзини ошкор қилмаган бошқа ходимининг Озодликка айтишича, Муталибов икки ой аввал бозор директори лавозимидан бўшатилган ва ҳозирда унинг ўрнига Шокирбек Музроббеков тайинланган.

Кейинги йилларда коррупцияга қарши кураш доирасида Тошкентда бошқа бозорларнинг раҳбарлари ҳам жиноий жавобгарликка тортилди.

Жорий йилнинг 19 январ куни шаҳардаги "Чинни бозор" маъмурияти, солиқ инспекцияси ва СЭС ходимларидан иборат жами 20 дан ортиқ шахс коррупция ва давлат мулкини ўзлаштириш билан боғлиқ жиноятларда айбланиб, ҳибсга олинган эди.

Шу кунларда уларга нисбатан маҳкама давом этаяпти, айримлари узоқ йиллик қамоққа ҳукм қилинди. Жумладан, бозорда қурилиш ишлари учун масъул бўлган Фарҳод Абдураззоқов 15,5 йиллик муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

2010 йилнинг феврал ойида Тошкентдаги энг катта улгуржи бозорларидан яна бири бўлган “Карвонбозор” маъмурлари ҳам иқтисодий жиноятларда айбланиб, ҳибсга олинган эди.

Норасмий маълумотларга кўра, “Карвонбозор” раҳбарияти 30 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пулни ўзлаштирганликда айбланган.

Баъзи норасмий манбалар Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудидаги шу каби бозорларда содир бўлган жиноятлар ортидан айни кунларда Республика Давлат Солиқ қўмитасининг Бозор ва савдо комплексларини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи ҳам терговга тортилганини айтмоқда. Аммо ҳозирча бу хабар расман тасдиғини топгани йўқ.
XS
SM
MD
LG