Линклар

logo-print

Эрон: “Шаҳоб-3” синови муваффақиятли ўтди


"Шаҳоб-3" ракетаси “Буюк Пайғамбар 7” номли ҳарбий машқларнинг иккинчи кунида синовдан ўтказилди.

"Шаҳоб-3" ракетаси “Буюк Пайғамбар 7” номли ҳарбий машқларнинг иккинчи кунида синовдан ўтказилди.

Эрон матбуоти Исломий Республика ҳарбийлари Исроил ҳудудигача етиб бора оладиган “Шаҳоб-3” русумидаги ракета синовини муваффақиятли ўтказганини хабар қилди. Айтилишича, “Шаҳоб-3” ракетаси икки минг километр масофагача бўлган нишонни ура олади. Исроил билан Эрон ўртасидаги масофа эса минг километрдир.

“Шаҳоб-3” ракетаси 2 июл куни бошланган “Буюк Пайғамбар 7” номли ҳарбий машқлар доирасида синовда ўтказилган.

Синов Теҳроннинг мунозарали ядровий дастури борасида Эронга босимни кучайтириш мақсадида Европа Иттифоқи томонидан Эронга қарши жорий қилинган нефт эмбаргоси 1 июлда кучга кирган пайтга тўғри келди.

“Фарс” ахборот агентлиги Эроннинг турли минтақаларидан ўнлаб ракета Кавир чўлидаги нишонга қарата учирилганини хабар қилди.

Республика Гвардиясининг Ҳарбий ҳаво кучлари бўлими қўмондони генерал Амир Али Хожизода ҳарбий машқлар давомида 300 километрдан 1300 километргача уча оладиган ракеталар синовдан ўтказилганини маълум қилди.

Эрон ҳарбий машқлардан кўзланган мақсад мамлакат кучлари ташқи душманга жавоб қайтара олишини намойиш қилишдан иборат эканини айтмоқда.

Вашингтон ва унинг яқин иттифоқчиси бўлган Исроил Эроннинг ядровий дастурига қарши ҳар қандай чора жумладан, ҳарбий куч ишлатилиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмаган.

Айни пайтда, АҚШ муаммони дипломатик йўл орқали ҳал қилиш ниятида эканини билдирган.

Эрондаги ҳарбий машқлар дунёнинг олти қудратли давлати ва Теҳрон вакиллари сешанба куни Истанбул шаҳрида Эроннинг мунозарали ядровий дастури бўйича музокаралар бошлаши кутилаётган бир пайтда ўтказилмоқда.

Туркия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Селжук Унал Истанбул учрашувида олдинга силжиш кутилмаётганини айтди.

АҚШ, Британия, Германия, Россия, Франция ва Хитой расмийлари билан Эрон вакиллари ўртасида жорий йилда Истанбул, Бағдод ва Москва шаҳарларида ўтказилган музокараларда сезиларли натижага эришилмади.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Рамин Меҳмонпараст сешанба куни ўтказилган матбуот анжуманида агар Ғарб Эроннинг атом энергиясидан фойдаланиш “ҳуқуқи”ни тан олмаса ва тенг ҳуқуқлилик асосида келишувга эриша олмаса, музокаралар боши берк кўчага кириб қолиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Меҳмонпараст Европа Иттифоқининг нефт эмбаргоси ва АҚШнинг Эрон банкларига қарши жазо чоралари каби Ғарбнинг санциялари Теҳронни ўз позициясини ўзгартиришга мажбур қила олмаслигини яна бир марта таъкидлади.

Ғарб давлатлари Эроннинг ядровий дастури ҳарбий мақсадни ҳам кўзлаганидан шубҳаланиб, Теҳрон расмийларидан уранни бойитиш ишларини тўхтатишни талаб қилиб келади.

Бироқ Теҳрон барча айбловларни рад қилиб, Эроннинг ядровий дастури фақат тинч мақсадни кўзлаганини таъкидлаб келмоқда.
XS
SM
MD
LG