Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:05

Фарғона бозорлари бўйича ўнта жиноий иш очилди


Сўнгги тўрт ой давомида Фарғона вилоятидаги бозорларда ўтказилган 300 та текширув натижалари бўйича ўнта жиноий иш қўзғатилди.

Фарғона вилоят Солиқ бошқармасидан олинган маълумотга кўра, жорий йилнинг март ойи бошидан буён вилоят бозорларида жами 300 та текширув ўтказилиб, уларнинг 210 таси рейдлар кўринишида бўлган.

Ўзини ошкор қилмасликни сўраган фарғоналик солиқчига кўра, рейдларнинг барчаси Ўзбекистон Солиқ қўмитаси қошида янги ташкил қилинган Бозорлар фаолиятини назорат қилиш ҳудудий бўлинмалари томонида ўтказилган.

- Ҳозир бизнинг бозорларни алоҳида ташкилот қилиб қўйишганда. Бу рейдларда ҳозир бизнинг инспекция ходимлари қатнашгани йўқ. Уларни алоҳида битта ташкилот қилиб Солиқ қўмитаси орқали назорат қилиб боришаяпти. Улар ҳам солиқчи, лекин ҳозир қўмитанинг қошида ташкил этилдида. Ҳудудий инспекцияларга бўйсунмайдиган қилиб қўйилган ҳозир. Улар ўтказди бу рейдларни,- деди Фарғона солиқ бошқармаси ходими.

Фарғона вилоят Солиқ бошқармасининг ўзини таништирмаган яна бир ходимининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, рейдлар натижасида вилоят бозорларида зарур ҳужжатсиз савдо қилаётган бир қанча тадбиркорлар аниқланиб, маъмурий жавобгарликка тортилган. Шунингдек, унга кўра, айрим бозорлар касса аппаратлари ва терминаллар билан тўла таъминланмаган ҳолатлари ҳам қайд қилинган.

Суҳбатдошга кўра, текширувлар натижасида жами ўнта жиноий иш қўзғатилиб, ҳозирда тергов-суриштирув жараёни давом этмоқда.

Вилоятдаги текширувлар Тошкентдан келган махсус буйруқ асосида бозорлар фаолиятини мукаммаллаштириш мақсадида ўтказилгани ҳақида гапирган суҳбатдошимиз, текширув натижалари бўйича бошқа тафсилотларни очиқламади.

Фарғона бозорларидаги рейдларни ёритган Olam.uz сайтига кўра, ушбу рейдлар натижасида жами 42 та ҳолатда Ўзбекистонга ноқонуний киритилган маҳсулотлар савдоси аниқланган, 83 та ҳолатда тушум пули банкка топширилмагани қайд қилинган.

Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари савдоси билан ноқонуний равишда шуғулланаётган тадбиркорлардан 59 нафари аниқланган.

Бу ҳолатда гап оддий халқ олиб-сотарлар деб атайдиган, яъни деҳқондан маҳсулотларни арзон нархда ҳарид қилиб, кейин қимматроқ нархда сотаётган савдогарлар ҳақида кетаяпти.

Фарғоналик тадбиркор Носир акага кўра, бу каби савдогарлар бозор маъмурлари билан келишган ҳолда, тегишли ҳужжатларсиз савдо қилишади.

- Кўпи чек тўлаб ишлайверади. Менимча, камдан ками регистрация қилади. Ҳужжат менимча кўпида йўқ. Улар сотиб ўтиради писта, бодом, майиз. Аксарияти уларнинг рўйхатда бўлмайди. Бозорда энди бир хил нималарда касса аппарати қўймайди. Писта бодомларда энди бу ëқдан олиб у ëқда сотадида энди. Мисол учун кассага топширсангиз, эртага маҳсулот олишингиз керак, унга пул ололмайсиз. Қонун-қоида жуда яхшию, барибир охирига етказа олмайсиз. Ички ишлар, прокуратура, ўзлари ўша ерда ҳал қилаверадида ҳамма ишни,- дейди Носир ака.

Фарғона бозорларидаги рейдлар натижасида жами 630,6 миллион сўм миқдоридаги тамаки маҳсулотлари, спиртли ичимликлар, озиқ-овқат, қурилиш маҳсулотлари мусодара қилинган.
XS
SM
MD
LG