Линклар

logo-print

Ўзбекистонда ўтган бир ҳафта ичида ноқонуний риэлторлик фаолияти билан шуғулланиб келган 45 “қора маклер” қўлга тушган. Уларнинг 42 нафари қарийб уч ярим минг доллар миқдорида жаримага тортилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси маълум қилди.

Ўтган йилгача истаган шахс ҳеч қандай ҳужжатсиз риэлторлик қилиши мумкин эди.

2011 йилнинг 23 июнидан Ўзбекистон Республикасининг “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги қонуни кучга кирди.

Мазкур қонун риэлторлар зиммасига лицензия ва малака сертификати олиш, даромадидан солиқ тўлаш мажбуриятини юклади.

- Авваллари риэлторлик фаолияти тўғрисида қонун йўқ эди. Одамлар ҳар гал, квартира олмоқчи ёки сотмоқчи бўлишаркан, воситачи-фирибгарлар тузоғига тушиб, алданиш ҳавфи остида қолишар эди. Бугун қонун бор. Лицензиясиз маклерлик энди ғайриқонуний фаолият саналади,- дейди Тошкентдаги кўчмас мулк бозорини мониторинг қилувчи “Sion Research” маркази вакили Алексей Новиков.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, ҳозир мамлакат кўчмас мулк бозорида расман рўйхатга олинган 2516 та ташкилот воситачилик хизмати кўрсатади.

Бироқ норасмий манбаларга кўра, “қора маклер”ларнинг сони ҳам камаймаган. Улар энди яширин фаолиятга ўтишган.

- Қора маклерлар ҳам борлигини тахмин қиламан. Лекин ҳозир мамлакатда маклерлик фаолияти тартибга солинар экан, бундай воситачилар камайган. Одамлар кўпроқ ишончли, лицензияси бор риэлторларга мурожаат эта бошлади,- дейди Алексей Новиков.

Айни пайтда Интернетда Ўзбекистон кўчмас мулк бозоридан тирикчилик қилувчи юзлаб маклерни топса бўлади.

– Лицензия бўлди нима, бўлмади нима. Барибир ҳаммаси нотариус орқали бўладику. Ҳукумат лицензияни маклерларни ҳам уй сотувчиларни ҳам талаш учун ўйлаб топган,- дейди ўз исмини айтмаган тошкентлик қора маклерлардан бири.

Қора маклерлар уй олди-сотдиси шартномасида кўрсатилган нархнинг уч фоизини, уйни ижарага бериш шартномасидан эса бир ойлик ижара ҳақининг 50 фоизини олади.

“Sion Research” маркази вакили қора маклерлар орқали иш қилиш жуда хавфли эканини айтиб, бундай даллолардан эхтиёт бўлишни маслаҳат қилади.

- Қора маклер орқали квартира сотиб олиб, боши балодан чиқмай юрган кўплаб одамларни учратганмиз. Кўпгина холларда уй олиш сир-синоатларини билмайдиган ҳаридорлар аҳмоқ бўлиб қолишади,- дейди Новиков.

Риэлторлик фаолияти учун лицензия эса ҳаммага ҳам берилавермайди.

Эндиликда риэлторлик фаолияти билан шуғулланиш учун махсус ўқув курсларига қатнаш, имтиҳон топшириш, малакали сертификат олиш лозим бўлади ва шундан кейингина лицензия берилади.

Ўзбекистон Адлия вазирлигига кўра, 1 июн ҳолатига кўра Ўзбекистонда жами 746 нафар жисмоний шахсга риэлтор малака сертификатлари ҳамда 110 та юридик ва 10 та жисмоний шахсларга риэлторлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия берилган.
XS
SM
MD
LG