Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:43

Сеулда Марказий Осиë билан ҳамкорлик муҳокама этилмоқда


Ўзбекистонлик дипломатлар 5 июл куни Жанубий Корея пойтахтида ўтадиган “Корея Республикаси – Марказий Осиё” форумида иштирок этади.

Иштирокчи мамлакатларнинг Tашқи ишлар вазирлари даражасида олтинчи марта ўтказилаётган бу анжуманда турли соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга оид масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Иқтисодиёт, маданият, таълим, туризм соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш, ахборот-телекоммуникация технологиялари, қурилиш ва транспорт жабҳасида тажриба алмашиш мақсадида ташкил этилгани айтиладиган “Корея Республикаси – Марказий Осиё” форумининг бешинчи йиғини 2011 йил ноярида Ўзбекистон пойтахтида ўтказилганди.

Мазкур форум 2007 йил ноябридан буён ҳар йили ўтказиб келинади.

Тошкент анжуманидан олдинги форум ҳам (2010 йил ноябрида) Жанубий Корея пойтахтида ўтказилганди.

Бу анжуманларнинг Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликка нечоғли наф келтираётгани аниқ эмас, аммо уларнинг Тошкент ва Сеул ўртасидаги иқтисодий алоқаларга ижобий таъсир қилаётганига оид мисоллар талайгина. Хусусан, Тошкент учун оқсоқ жабҳа ҳисобланмиш сармоя жалб қилиш ишида икки мамлакат вакиллари ўртасидаги учрашувлар яхши натижалар бераяпти.

Кореяликлар Ўзбекистондаги тоғ-кон саноати, нефт ва газ ишлаб чиқариш, нефт-кимё саноати, қурилиш, автомобилсозлик, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги жабҳаси ҳамда юксак технологиялар соҳасида ҳамкорлик қилишга кўпроқ рағбат билдирмоқдалар. Айниқса, “Навоий” эркин иқтисодий ҳудудида ташкил этилаётган қўшма корхоналар Тошкент томонидан ваъда қилинаётган қатор имтиёз боис кореялик тадбиркорлар учун жозиб бўлиб турибди.

Ўзбекистон билан 20 йилдан буён савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириб келаётган Жанубий Корея Тошкентнинг ташқи ҳамкорлари ўртасида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келади.

Ҳозиргача Жанубий Корея Ўзбекистон иқтисодиётига ётқизмоқчи бўлган сармоя маблағларининг умумий ҳажми 5 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетган ва уларнинг 2 миллиард доллардан кўпроғи ўзлаштириб бўлинган.

Шунингдек, Жанубий Корея ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари легал равишда ишлаётган оз сонли мамлакатлар қаторига киради. Асакадаги "Uz-Daewoo" автозаводи ишга тушиши арафасида ўзаро меҳнат муҳожири алмашиш бўйича икки мамлакат ўртасида бошланган ҳамкорлик, аввалгидек бўлмаса-да, ҳали-ҳануз давом этиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG