Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:03

Исломий тўйлар расмийлар асабини бузмоқда


Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот идоралари исломий тўй қилган шахслар билан фаол қизиқа бошлаган. Бу ҳақда Ўзбекистон ичида фаолият юритувчи Эксперт ишчи гуруҳи маълум қилади.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, маҳаллий милиция ва махсус хизмат ходимлари тўйдан кейиноқ бундай хонадонларга келиб, ёш келин-куёв ва уларнинг ота-оналари билан “профилактик суҳбатлар” ўтказмоқдалар, уларнинг нима учун айнан исломий тўй қилгани билан қизиқмоқдалар, айрим пайтларда эса уларни тушунтириш хати ёзишга мажбур қилмоқдалар.

Айтилишича, сўнгги пайтларда исломий тўй қилиш мамлакатнинг Андижон, Фарғона, Наманган, Хоразм, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида анча оммалашган. Эл орасида “оқ тўй” ҳам деб аталадиган бундай тўйлар “қизил” (яъни, советча) тўйлардан дастурхонда ичкилик бўлмаслиги, базм учун машшоқлар чақирилмаслиги, улар ўрнига кўпинча бирор илмли кишининг маъвиза қилиши, тўйхонада эркаклар ва аёллар алоҳида-алоҳида ўтқазилиши билан ажралиб туради.

ЭИГ маълумотларига кўра, исломий тўй ўтказиш таклифи кўпинча куёв томондан чиқаяпти. Бундай тўйлар камчиқимлиги билан ҳам фарқланишини урғулаган ҳуқуқ фаоллари улар кўпроқ Россия ва Қозоғистонда ишлаб келган ва ўша ерда бемалол диний ибодатларини қилиб юрган меҳнат муҳожирлари томонидан ўтказилаётганини қайд этадилар. Шу ўринда Эксперт ишчи гуруҳи хоразмлик Бунёд билан содир бўлган воқеани баён этади.

27 ёшли бу йигит Уфа шаҳрида савдо билан шуғулланиб юрган пайтда Ислом дини билан яқиндан танишган ва ўтган йилдан намоз ўқий бошлаган.

“Яқинда уйландим. Март ойида уйга қайтдим ва биз исломий тўй қилдик. Ичкилик ичилмади, тўйни эса тўй залида эмас, уйда ўтказдик. Артист ҳам чақирмадик. Ҳаммаси тўйдан кейин бошланди. Аввал уйимизга маҳалла комитети раиси ва маҳаллий участка нозири келди. Улар “мусулмонча” тўй қилганимиз учун бизга таҳдид қилишди. Кейин эса уйимизга маҳаллий махсус хизмат вакиллари кела бошлади. Бунақа ташриф ва таҳдидлар қарийб икки ҳафта давом этди. Яқинда Россияга кетмоқчиман. Турмуш ўртоғим билан маслаҳатлашиб, уни ҳам Россияга олиб кетадиган бўлдим. Энди доимий яшаш учун ўша ёққа кўчиб кетмоқчимиз”, дея иқтибос келтиради ЭИГ хоразмлик Бунёд сўзларидан.

Маълумотларга кўра, шу кунда Ўзбекистонда жой-жойларда МХХ ва ИИВнинг маҳаллий идоралари, ҳокимият ва маҳалла комитетлари вакилларидан иборат махсус комиссиялар тузилган. Бундай комиссиялар Ўзбекистонга диндор бўлиб, яъни беш вақт намоз ўқийдиган бўлиб, соқол қўйиб, атрофдаги кишиларни исломий ҳаёт кечиришга даъват қиладиган бўлиб қайтаётган меҳнат муҳожирларини аниқлаш ва уларнинг рўйхатини тузиш билан шуғулланмоқдалар.

ЭИГ раҳбари Суҳроб Исмоиловга кўра, хориждаги диний эркинлик туфайли исломий тушунчаларини кенгайтириб ва ватанга ибодатларни адо этадиган бўлиб қайтаётган бундай меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонда давлатнинг дин борасидаги сиёсати туфайли таъқибга учраш эҳтимоли катта бўлиб, улар ўзларини фаол диндор сифати тутаверсалар, диний экстремизм, аксилконституциявий фаолият ва террорчиликда айбланиши ҳам мумкин.

ЭИГ раҳбари Суҳроб Исмоилов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:31 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG