Линклар

Покистон Жанубий таъминот тармоғини очишга рози


Покистон ҳукуматининг транзит йўлини очишини кутаëтган юк машиналари сони мингларга етган.

Покистон ҳукуматининг транзит йўлини очишини кутаëтган юк машиналари сони мингларга етган.

Исломобод ҳукумати Афғонистондаги НАТО қўшинларига мўлжалланган таъминот юклари транзити учун ўз ҳудудини очишга рози бўлди¸ дея баëнот берди АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон сешанба куни покистонлик ҳамкасби Ҳино Раббоний Ҳар билан ўтказган телефон суҳбатидан сўнг расмий Исломобод НАТО юклари транзити учун ўз ҳудудини очишга рози бўлгани ҳақда маълум қилди.

2011 йилнинг ноябр ойида Покистон ўз ҳудуди орқали Афғонистондаги НАТО қўшинларига таъминот юклари олиб ўтиш йўлларини норозилик тариқасида ёпиб қўйган эди.

Бунга НАТО ҳужуми оқибатида 24 покистонлик аскарнинг ўлгани сабаб бўлган эди.
АҚШ ҳукумати НАТО ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган покистонлик аскарлар учун Покистондан узр сўрайди, деб айтди Ҳиллари Клинтон.

“Ташқи ишлар вазири Ҳар ва мен покистонлик ҳарбийлар ўлимига сабаб бўлган хатоларни тан олдик. Бу инсоний талафотлар учун узр сўраймиз, бундай хатоларга бошқа йўл қўймаслик учун Покистон ва Афғонистон ҳамкорлик қиламиз”, деди Клинтон.

Аввалроқ Покистон янги Бош вазири Ража Парвез Ашраф етти ой давом этган НАТО таъминот тармоғи блокадаси Покистон ва НАТО давлатлари ўртасидаги алоқалар ривожига тўсқинлик қилаётганини таъкидлаган эди.

Покистон қандай шартлар асосида НАТО учун ўз чегарасини очишга рози бўлгани ҳозирча аён эмас.

Афғонистонда НАТО етакчилигидаги ҳарбий амалиётлар 2014 йил охиригача якун топиши ва шу йил бошидан коалиция кучлари ўз ҳарбий техникасини олиб чиқишни бошлаши айтилган.

Май ойида Чикагода ўтган НАТО саммитида жанубий транзит йўлини очиш борасида Покистон билан музокаралар барбод бўлган эди.

Покистон билан юзага келган чигалликлар охири НАТО раҳбариятини Марказий Осиё ва Россия орқали ўтадиган Шимолий таъминот йўлига юз буришга мажбур қилган эди.

Ўтган ҳафта НАТО расмийлари Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиёнинг яна икки давлати билан Афғонистондаги ўн минглаб зирҳли машина, контейнер ва қурол-яроқни мамлакат ҳудуди орқали олиб чиқишни кўзда тутувчи битим борасида келишгани ҳақида маълум қилган эди.

Ўз ҳарбий техникасини Покистон орқали олиб чиқиш НАТОга анча арзонроқ ва қулай. Лекин таҳлилчилар Покистон орқали ўтадиган йўл ҳали ҳам таҳликакли бўлиб қолаётганини айтишади.

Сешанба куни Толибон ҳаракатининг Покистондаги бўлими мамлакатдан ўтадиган НАТО юкларига ҳужумлар уюштиришини эълон қилди.
XS
SM
MD
LG