Линклар

Бозорга боришга юрагим безиллайди, оёғим тортмайди. Кун сайин осмонга сапчиётган нарху наво капалагимни учиргани етмагандек, жанжалу ёқалашишлар устидан чиқаман. Ҳар доим.

Билмадим, дуо кетганми ё бозор иблис топинадиган жой бўлгани учунми...

Эски жўва (деҳқончасига айтганда – Чорсу) Тошкентнинг энг кўҳна бозорларидан бири. Бутун Эски шаҳарни бўлмаса ҳам, унинг ярим-ёртисини боқади. Дипломини сандиққа солиб, ўзини тижоратга урган домласи ҳам, мактабни ёлчитиб ўқимаган омиси ҳам шунда. Тирикчилик-да энди. Отанг бозор, онанг бозор дермиди?

Чорсуга саррофлар турадиган томондан кирсангиз, йўл бўйлаб арзонгаров моллар сотаётган ёймачи аёлларни кўрасиз. Топган-тутганини ерга ёйганича ўтган-кетганга умидвор тикиладиган қиз-жувонларга дийдаси тошдан қаттиқ кимсанинг ҳам раҳми келади. Саратон офтоби забтига олиб қиздириб ётибди, бояқишлар бўлса, битта-яримта кўйлакчами, пайпоқми сотиб, уч-тўрт сўм фойда қилсам деган илинжда ҳақ деб ўтирибди.

Шу ердан хаёлчан ўтаётганимда, бирдан шовқин кўтарилди. Аёллар ерга ёйган молларини оҳорини йўқотган чойшабга ошиғич ўраб, чор томонга урра қоча бошлади. Ит қувлаган соқовдек.

Бу манзара Сизга ҳам таниш, а? Бехато топдингиз, ёймачилар қочгани жой излаб қолишига сабаб – милиционерларнинг рейди! Тўрт миршаб ашаддий каллакесарларни қувлаётган алфозда жон-жаҳди билан чопяпти. Хавфдан аввалроқ хабар топган ёймачилар, ҳайтовур, қочиб қутулди. Аммо ортда қолган тўрттаси таъқибчилар илкига тушди. Ўзига хон, кўланкаси майдон тартиббонлар узоқ йиллардан бери тутқич бермаган ўта хавфли рецидивистни ушлаган изқувардек бир-бирига мамнун боқади, “ўлжа”ларни Кўкалдош мадрасасига қарама-қарши қурилган идорасига судрайди.

(Милиция таянч пункти идораси одам ошиб ўтолмайдиган узун панжара билан ўралган. Ўғри бор, тўғри бор – яхшилаб иҳоталамаса бўлмайди-да идорани. Кейин, бозордаги авомунносга ҳам ишонч йўқ, феъли айниб бирдан бостириб келиб қолса, ҳимояланишга қулай).

“Асира”лар эса қармоққа илкис илинган балиқлардек ўзини ҳар томонга отади, чангакдек тутган қўллардан қутулишга бесамар уринади. Миршабларнинг шери мардлигига шаҳодат берувчи манзара. Нима дедингиз?!

Бунақа пайтда тинчлик посбонларига истайсизми-йўқми, ҳазор-ҳазор тасанно айтиб юборасиз! Наполеонни Москва остонасидан улоқтирган Кутузов бўлиб кет-е! Яшавор, шоввоз! Аёлларни (оддий аёллар эмас, “контрабандачи”лар-а!) қанча кўп судрасанг, кам бўлмайсан, погонингда юлдузлар чаппар уриб гуллайди!

Қўлга тушган тўрт аёлдан учтаси тақдирга тан берди: мусодара буюмларини кўтарган посбонлар ортидан эргашди. Аммо улардан бири – афтидан, боши қийинчиликлардан чиқмагани – осонликча таслим бўлгиси келмади.

Бир қўлида чойшабга тугилган молларни, иккинчи қўлида уни ушлаб олган милиционердан юлқиниб чиқишга интилди. Урина-урина асаблари соб бўлган ёймачи милиционерга ташланди, ожиз муштлари билан ура кетди. Таъқибдан қочавериб, юрак олдирган, турмуш машаққатларидан зада бўлган аёл шу лаҳзада портлади:

– Жонимдан тўйдирдиларинг ҳамманг! Отиб ташла! От мани!

Ўзига ўлим талаб қилган заифанинг кўзларида нафрат олови ёняпти. Мияларни қиздираётган саратон қуёши тафтига тоб бериш мумкин, лекин нафрат оловига тоқат қилиш қийин. Иложсизлик, умидсизлик ҳам бор бу нигоҳда!

Миршабнинг юз-кўзида эса заҳарханда кулгу зуҳур этиб турибди. “Зарарли унсур”ларга қарши курашда ҳамдарликка асло йўл қўйманман!” дея тантанали қасам ичган бўлса керак азамат...

Милиция ёймачи аёлларни контрабанда моллар савдосида айблаяпти. Хўп, модомики, мусодара этилаётган буюмлар контрабанда экан, унда нега фалон миллион сўмлик контрабанда қўлга тушгани ҳақида пешма-пеш ғалаба рапорти бераётган божхоначилар чегарада ушлаб қолмади уларни?

Ё, моллар ҳушёр божгирларимизнинг кўзини шамғалаб қилиб, ер остидан лаҳм қазиб ёки ёруғлик тезлигида ҳаракатланадиган учқичга ортиб келтирилганми? Э-ҳа, соддалигим қурсин, балки бу моллар нақ “дипломатик иммунитет”га эга, манаман деган божхоначи ҳам мушугини пишт деёлмайдиган “Абу Сахий” фирмаси ёрдамида келтирилгандир? Cаволлар кўп, аммо уларга жавоб қайда?..

Миршаблар идораси олдида бир қучоқ хитойи кўйлаклар чанг-тупроққа беланиб ётибди. Йўқ, оддий буюмлар эмас, ҳаёт ташвишларини нозик елкасига ортмоқлашга мажбур аёлнинг умидлари, илинжлари чанг-тупроққа беланиб ётибди...

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG