Линклар

Прага трамвайларида "Минг малак ва бир суврат"


Прага трамвайларидан бирига ëпиштирилган "Минг малак ва бир суврат"дан парча.

Прага трамвайларидан бирига ëпиштирилган "Минг малак ва бир суврат"дан парча.

Ўзбекистонлик таниқли рассом Леким Иброҳимовнинг Гиннес рекордлар китобига кириши мумкин улкан асари 4 июлдан бошлаб Прага трамвайлари орқали тарғиб қилина бошланди.

Гиннес рекордлар китобига киритилишга лойиқ иккита рекорд учун ариза берган ўзбек рассомининг улкан асари сешанба куни Прагадаги кўргазма залига олиб келинди.

Таниқли ўзбек рассоми Леким Иброҳимовнинг юк машиналарига ортилган минг бир полотнадан иборат “Минг малак ва бир суврат “ асари Прагага келгунга қадар бир ҳафта йўл босди.

Кўргазма ташкилотчиси¸ Россиядаги "Global Festina" ширкатининг Марказий Осиë бўйича вакили Мурод Иброҳимовнинг Озодликка билдиришича, минг бир бўлакдан иборат улкан картинани монтаж қилиш ишлари чоршанба куни бошланган.

Суҳбатдошга кўра¸ Ўзбекистондан келган иккита мутахассис расм парчаларини яхлит ҳолатга келтириш учун ишга киришган.

4 июлдан бошлаб Прагадаги 50 та трамвай ўзбек рассоми асарини тарғиб қилишга киришди.

Рассом Леким Иброҳимовнинг баландлиги 8 метр узунлиги эса 60 метр бўлган “Минг малак ва бир суврат “ гигант асари илк бора Праганинг қадимий Incheba Expo кўргазмалар залида 9 июл куни намойиш қилинади.

Бу асар ҳақидаги шов-шувни кучайтириш мақсадида 50 та трамвайга кўргазма ҳақидаги плакатлар ëпиштирилган¸ дейди Мурод Иброҳимов.

Минг бинога минг малак

Озодлик мухбирининг гигант асарнинг илк намойиши учун нега айнан Прага танланди¸ деган саволига жавоб берган рассом Леким Иброҳимов шаҳарнинг визуал санъатдаги муҳим ролига тўхталди.

- Прагада мингта қадимий бино бор. Ҳар бирига биттадан малак зарур деб билдим. Қолаверса¸ бугун Прага рассомликдаги янги тўлқинлар марказига айланмоқда. Бу шаҳарда Европадаги энг баланд от ҳайкали бор. Рақсга тушаëтган бино фақат Прагада мавжуд. Телевишкага ўрмалаëтган улкан чақалоқлар ҳайкалининг машҳур муаллифи Давид Черний ҳам Прагада истиқомат қилади. Шу боис¸ дунëдаги энг улкан расм намойиши учун Прага шаҳри айни муддао¸ дейди суҳбатдош.

Леким Иброҳимовнинг Озодликка билдиришича, бу расмни яратиш учун 3 тонна бўëқ ва 600 квадрат метрга яқин махсус оҳорланган¸ нам ўтказмайдиган махсус мато сарфланган.

Леким ëки ВЛКСМ?

Ўзбекистонлик рассомнинг ғайриоддий номини эшитган кўпчиликда¸ бу исм маъно-моҳиятига оид савол туғилиши табиий.

Нега ота-онангиз сизга Леким деб исм қўйган, деб савол бердик суҳбатдошга.

- Леким дегани¸ Ленинский коммунистический союз молодёжи деган гапнинг қисқартмаси. Кейин у идора ВЛКСМ бўлган. Менинг ота –онам коммунист бўлгани учун шунақа ном қўйишган. Ўша пайтда Маркс¸ Энгелс¸ Ленин¸ Вилен¸ Трактор деган исмлар қўйишган. Янги замон тақозоси бўлган бу. Сал кейинроқ туғилсам¸ балким исмим ВЛКСМ бўлармиди¸ дейди Озодлик билан Тошкентдан туриб гаплашган рассом.

Рассомнинг ўзи гигант асари кўргазмаси бошланиши арафасида 5 июл куни Прагага етиб келишини билдирди.

Муаллиф ҳақида:

Леким Иброҳимов 1944 йили Олмаотанинг уйғур қишлоғида туғилган. 1971 йилда Тошкентдаги Театр ва рассомлик институтига ўқишга кириб, уни 1977 йил тугатган.

Россия бадиий академиясининг фахрий аъзоси.

Леким Иброҳимов нафақат рассом балки, ўз фалсафий фикрларини сўз билан ифода қиладиган файласуф ҳамдир. Леким Иброҳимовнин “Афсоналар” китоби 1994 йили Германияда немис тилида нашр қилинган.
XS
SM
MD
LG