Линклар

Қозоқча социалистик реализм


Остона ва Қозоғистон қўриқчиси - Суперқаҳрамон.

Остона ва Қозоғистон қўриқчиси - Суперқаҳрамон.

Остонада ëш кинорежиссëрлар суратга олган филмлар танлови ўз ишини якунлади. Унда Остонада амалга оширилган буюк бунëдкорликни тамсил қилувчи ижобий қаҳрамон иштирокидаги филмлар ғолиб деб топилди.

Мамлакат парчаланиб кетиш таҳдиди остида қолган. Қўлларида қурол ушлаган ëвуз одамлар Остонанинг ялтироқ кўчаларида изғийди. Мамлакатни бу ëвузлардан қутқариш учун Қозоғистонга қаҳрамон керак.

“Элбоши” деган расмий мақом олганига қарамай¸ ҳатто президент Нурсултон Назарбоев ҳам бундай қаҳрамонга интиқ.

Осиëнинг ëш киночилари бундай интиқликка “лаббай” деб жавоб бериб¸ Қозоғистон ва қозоқлар эртасини ëвузлардан қутқаришга қодир қаҳрамонлар галереясини яратдилар.

3 июл куни Остонада ўз ишини тугатган Ëшлар санъат фестивалида ғолиб деб топилган кинорежиссëрлар айнан шундай қаҳрамон образини яратганлари учун ғолиблик шоҳсупасига кўтарилдилар.

Бу танлов кейинги йилларда Ҳолливудда машҳур киноюлдузлар иштирокида филмлар суратга олиб келаëтган қозоқ кинорежиссëри Тимур Бекмамбетов уюштирган Остона халқаро жанговар филмлар фестивалининг таркибий қисмидир.

Ëшлар санъат фестивалида иштирок этган Осиëдаги юздан ошиқ кинорежиссëрдан Қозоғистоннинг ëш¸ шижоатли ва ҳаëт қайнаган пойтахти Остона рамзига айланувчи оригинал қаҳрамон яратиш учун ўз ижодий маҳорати ва тасаввурини ишга солиш сўралди.

Жорий йил декабр ойида Остонанинг Қозоғистон пойтахти сифатида расман иш бошлаганига 15 йил тўлади ва бу сананинг катта тантана билан нишонланиши кутилмоқда.

Афтидан¸ киночилар орасида махсус танлов ўтказиб¸ Остона рамзи бўлишга лойиқ қаҳрамонни топиш истаги ана шу тантаналар билан боғлиқ.

Қисқа метражли жанговар филмлар категориясида ғолиб топилган Владимир Сим Озодлик билан суҳбатда маҳаллий қаҳрамонга эҳтиëж борлигини айтар экан¸ Остонанинг Эйфел минораси бўлган Бойтеракда Spiderman¸ яъни Ўргимчак одамнинг ўрмалаб юришини тасаввур қилиш қийинлигини таъкидлайди:


- Агар Ўргимчак одам Бойтерак устида сакраб юрса¸ бунинг қозоқ халқи орасида акс-садо беришига ишонмайман. Шу боис мен бир оз хаëл-тасаввурга эрк бериб¸ қозоқлар ўтмишидаги қаҳрамонни келажакда қайтаришга қарор қилдим. Шу тариқа Абулхайр образи пайдо бўлди¸ дейди Остонада ўз ишини тугатган Ëшлар Санъат фестивали ғолибларидан бири Владимир Сим.

Танловда ғолиб деб топилган Симнинг қисқаметражли филмида¸ дарҳақиқат¸ ўрта асрлардаги қозоқ хони Абулхайр ҳақидаги эртак замонавий дунëга мосланади¸ ўтмиш хони ëвузларни енгишга қодир сеҳрли қудрат соҳиби сифатида келажакка қайтади.

Филм бошланар экан¸ Абулхайр кечаю кундузи кўзни қамаштирадиган осмонўпар бинолар макони бўлмиш замонавий Остонага кириб келади. Филм давомида бир неча бор Абулхайр мозий ва келажак ўртасида сафар қилади¸ ëвузларнинг қуролларини ўз сеҳри билан тортиб олади ва Остонанинг келажак авлодларга бус-бутун етказилишини таъминлайди.

Остона танловида ëш режиссëрлар турли жанрда ишланган филмлари билан қатнашди. Қирғизистон собиқ президенти Роза Ўтунбоеванинг ўғли Атай Садибакасов қисқа метражли анимацион картина билан қатнашди.

Унинг “Суперқаҳрамон” деб номланган бу филми Хитой ва Жанубий Кореядан қатнашган режиссëрлар асаридан сўнг анимацион картиналар орасида учинчи ўринни эгаллади.

Филм бошланишида сўнгги илғор технологиялар билан жиҳозланган хавфсизлик маркази ходимлари ўғирлик ҳақида хабар оладилар.

Шундан сўнг Ҳолливуд филмларидагига уйқаш ўғриларни қувлаш саҳнаси бошланади. Полиция ўғрилар изини йўқотдим деганда¸ улар устида улкан кўланка пайдо бўлади.

Кўк¸ қора ва олтинранг кийим кийган¸ кўриниши қозоқ-қирғизга менгзаш қудратли эркак ўғрилар машинасини ўз оëқлари остида эзғилайди.

Бу қаҳрамон либоси устидан боғлаган камарида Қозоғистон байроғидаги нақш акс этган. Унинг елкалари ортидаги қудратли олтин қанотлари яна шу қозоқ байроғида суратланган чўл бургути қанотларига уйқаш.

Ëвуз ўғриларни адолат ўрнатувчи полициячилар қўлига топширгач¸ олтин қанот қаҳрамон яна кўкда ғойиб бўлади.

Кейинги кадрлар Остонадаги Оқ ўрда президент саройига кўчади. Бу ерда жиддият билан нималарнидир муҳокама қилаëтган оқ сочли кекса одамнинг орқаси кўринади. Машваратни бузишни истамаган ëрдамчи оқсоқол қулоғига нималарнидир шивирлайди. Оқсоқол секин бош ирғитади.

Бу кадрлардан Оқ ўрдада ўтирган Нурсултон Назарбоевнинг Остона ва Қозоғистоннинг асл ҳимоячиси экани англашилади. Лозим бўлганда сеҳрли қаҳрамонни ëвузларни маҳв этишга юборган ҳам¸ айнан Назарбоев бўлиб чиқади.

Қўшни мамлакат собиқ президенти ўғлининг Назарбоевни “суперқаҳрамон” қилиб кўрсатган бу филмини танлов ҳайъатида ўтирганлар баробарида¸ Назарбоевнинг ўзи ҳам ғолибликка саралаган бўлса¸ ажаб эмас.
XS
SM
MD
LG