Линклар

Тошкент Юридик институти ректори ишдан олинди


Тошкент марказидаги Сквер - Амир Темур хиëбонида жойлашган Тошкент Юридик институтибиносига кириш.

Тошкент марказидаги Сквер - Амир Темур хиëбонида жойлашган Тошкент Юридик институтибиносига кириш.

Тошкент Давлат Юридик институтини 12 йил давомида бошқарган профессор Мирзаюсуф Рустамбоев олий ўқув юртларига навбатдаги имтиҳонлар бошланиши арафасида ректорлик лавозимидан бўшатилди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, 57 яшар профессор Мирзаюсуф Рустамбоев айни қабул жараёни кетаётган пайти кутилмаганда Тошкент Давлат Юридик институти ректорлигидан олинди.

Тошкент Юридик институтининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, Рустамбоев 2 июл куни Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан ишдан олиниб, унинг ўрнига мазкур институтда маънавият ишлари бўйича ректор ўринбосари лавозимида ишлаб келган юридик фанлари доктори Омонулла Муҳаммаджонов тайинланган.

- Бизда душанба куни ректор ўзгарди. Рустамбоев ўрнига Омонулла Муҳаммаджонов ректор бўлди. Сабабларини биз билмаймиз. Юридик институти Адлия вазирлигига қарайди. Улар ўзгартирди ректорни, деди Юридик институти ходими.

Суҳбатдошимиз¸ қабул кетаётган пайтда ректорнинг ўзгартирилиши институт ходимлари учун кутилмаган воқеа бўлганини қўшимча қилиб қўйди.

Юридик институтининг бошқа бир ходими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Рустамбоевнинг ишдан олинишига бироз ойдинлик киритди.

Исмини ошкор қилмаётганимиз суҳбатдошга кўра, Рустамбоев Юридик институтда ўтказилган текшириш натижасида ишдан олинган.

- Адлия вазирлиги институтимизда текшириш ўтказди. Шундан кейин Рустамбоев ишдан олинди. Ҳозирча текшириш натижалари маълум эмас. Бироқ Рустамбоевни Адлия вазирлиги олди ишдан, дейди Юридик институти Қабул бўлимида ишлаëтган расмий манба.

Республика ҳуқуқ идораларига яқин 12.uz сайти Юридик институтда ректор алмашиши Ўзбекистон президенти қарорига кўра амалга оширилгани ҳақида ёзди.

Uzmetronom.com сайти эса Мирзаюсуф Рустамбоев “ўз хоҳишига кўра ишдан олингани”нини хабар қилди. Айни пайтда мазкур сайт Рустамбоевнинг ишдан кетишига “институтда авж олган коррупцияга алоқадорлиги” сабаб бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.

Юридик институтда коррупциянинг ниҳоятда авж олгани¸ институтга кириш учун Ўзбекистонда ўзига хос рекорд ўрнатиб келаëтган миқдорда пора бериш шартлиги айтиб келинади.

Хусусан¸ Тошкентдаги Эксперт ишчи гуруҳининг Ўзбекистон олий ўқув юртларига кириш учун тўланадиган пора нархига оид ўтказган мониторинг натижаларига кўра, Тошкент Юридик институти пора нархининг юқорилиги бўйича республикада биринчи ўринни эгаллайди.

Жорий йилда Юридик институтга “кириш нархи”нинг 35 мингдан 40 минг АҚШ доллари атрофида экани айтилаяпти.

2010 йилда Юридик институт ректорининг биринчи ўринбосари, юридик фанлари доктори Даврон Аҳмедов имтиҳонлар пайти пора олаётганида махсус хизмат томонидан ушланган эди.

Ўша пайтда бу воқеага Мирзаюсуф Рустамбековнинг ҳам алоқадорлиги, унинг ҳам порахўрликда гумон қилинаётганига оид хабарлар пайдо бўлган эди.

Бу воқеадан кейин юрак хуружи ташхиси билан касалхонага ётқизилган Рустамбоевнинг ҳатто ишдан кетиш ҳақида ариза ёзгани ҳам айтилган эди.

Лекин Даврон Аҳмедов маҳкамага тортилиб, қамоққа ташланди, Рустамбоев эса яна икки йил ректорлик курсида қолди.

Собиқ иттифоқ даврида қисқа муддат Ўзбекистон Бош прокуратурасида фаолият кўрсатган Мирзаюсуф Рустамбоев мустақиллик даврида Юридик институтда оддий методистликдан ректорлик даражасигача кўтарилди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Рустамбоев 2000 йилдан то жорий йилнинг 2 июлигача мамлакатдаги энг обрўли олийгоҳлардан бири Тошкент Юридик институти ректори лавозимида ишлаб келди.

2005 йилдан Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати бўлган Рустамбоев Олий Мажлиснинг қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича раис ўринбосари ҳам эди.

Ҳозирда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг расмий сайтида Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг раис ўринбосари лавозими вакант тарзида кўрсатилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG