Линклар

logo-print

Қирғиз расмийсига кўра, чегарани аниқлаш бўйича Ўзбекистон ҳукумати комиссиясига янги раис сайлангани чегара борасидаги қирғиз-ўзбек музокараларини жонлантирди.

Фарғонада ўзбек-қирғиз чегарасини аниқлаш бўйича музокараларнинг навбатдаги босқичи якунланди.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини аниқлаш давлатлараро комиссияси баҳсли ҳудудлар масаласини ҳал этиш юзасидан музокараларнинг янги форматини белгилаб олди.

Қирғизистон ҳукумати расмийларининг билдиришича, бундан буён ўтказиладиган музокараларда шу кунгача аниқланмаган 10 та ҳудуд масаласи муҳокама қилинади.

- Аниқланмаган ҳудудларда чегара чизиғини белгилаб олайлик, деган қарорга келдик. Шу мақсадда 10 та ҳудудни танлаб олдик. Бу ҳудудлар масаласи 24 июл куни Ўшда ўтадиган музокараларнинг навбатдаги босқичида муҳокама қилинади. Бунгача Ўзбекистон аниқланган, лекин баҳсли бўлиб қолаётган ҳудудлар масаласини ҳал қилиб олишни таклиф қилаётган эди. Бироқ биз ҳали аниқланмаган ҳудудлар масаласини кўриб чиқиш мақсадида бу таклифга рози бўлганимиз йўқ, деди Қирғизистон ҳукуматининг чегарани аниқлаш ва чегара ҳудудларини ривожлантириш бўлими бошлиғи Қурбанбай Искандаров.

Қирғиз расмийси чегарани аниқлаш бўйича Ўзбекистон ҳукумати комиссиясига янги раис сайлангани қирғиз-ўзбек музокараларини жонлантирди деб ҳисоблайди. Қурбанбай Искандаровнинг айтишича, Ўзбекистон комиссиясининг эски раиси чегарани аниқлаш ишини ортга тортиб келган.

- Биз Ўзбекистон томонига керакли ҳужжатларни тақдим этганмиз. Аммо Ўзбекистон томони аввалги учта учрашувда чегара юзасидан ўз ҳужжатларини бизга тақдим этмай, ишни ортга суриб келган, деди Қурбанбай Искандаров.

Қирғизистонлик айрим сиёсатчилар эса қирғиз томони чегараларни аниқлаш юзасидан тўлақонли фаолият юрита олмаяпти, деб ҳисоблайдилар. Парламент депутати Улуғбек Қўчқўровнинг айтишича, ўзбек-қирғиз чегарасини аниқлаш жараёнида сўнгги бир неча йил давомида олға силжиш кузатилмаган.

- Чегара масаласида қатъий чораларарни кўра олмаяпмиз. Қирғизистон фойдасига ҳал бўлиши мумкин бўлган ҳудудлар юзасидан ҳам амалий ҳаракатлар қилинмаяпти. Ҳукуматнинг марказий тузилмалари маҳаллий ҳокимиятлар билан чегара масаласида мувофиқлаштирилмаган тарзда фаолият кўрсатаётгани учун ҳам шундай ҳолатлар юзага келаяпти, деди Улуғбек Қўчқўров.

Расмий маълумотга кўра, ўзбек-қирғиз чегараси юзасидан сўзлашувларнинг кейинги босқичи 24 июлда Ўш шаҳрида бошланади.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг узунлиги бир ярим минг чақиримдан кўпроқ. Мазкур ҳудуднинг 300 чақирими шу кунгача аниқланмаган.
XS
SM
MD
LG