Линклар

Россиянинг Нижний Новгород вилоятида қилинган суиқасд натижасида бир нафар Ўзбекистон фуқароси ўлдирилди, оғир яраланган яна бир ўзбекистонлик аёл шифохонага ётқизилди.

Шу йилнинг 28 июн куни Нижний Новгород вилояти Богородское тумани Новинки қўрғонида маҳаллий полиция ходимлари томонидан ўқотар қуролдан ўлдирилган шахс мурдаси аниқланди.

Бу маълумотни Озодлик мухбирига тасдиқлаган Нижний Новгород вилоят прокуратураси расмийси Жанна Мордовинанинг сўзларига кўра, жиноят жойидан Богородское туман марказий шифохонасига бошидан отиб, яраланган яна бир ўзбекистонлик аёл госпитализация қилинган.

- Нижний Новгород вилоят прокуратураси Богородский туманлараро Тергов қўмитаси томонидан Ўзбекистон фуқароларига қилинган суиқасд юзасидан қўзғатилган жиноий ишни ўз назоратига олди. Новинки қўрғонидаги уйлардан бирида ўлдирилган ўзбекистонлик 48 ёшли меҳнат муҳожири, оғир яраланган аёл эса унинг 44 ёшли турмуш ўртоғи эканлиги аниқланди. Жиноят юзасидан тиббий, криминалистик, генетик ва бошқа суд экспертизалар тайинланди, деган прокуратура ходими жабрланган ўзбекистонликлар ҳақида ортиқча маълумот бера олмаслигини қўшимча қилди.

Прокуратурадан олинган маълумотга кўра, ўлдирилган шахс ва унинг аёли маҳаллий фуқаролардан бирининг уйида хизматкор бўлиб ишлаб келган.

Тергов-суриштирув ишларини олиб бораётган Нижний Новгород вилояти Тергов қўмитаси бошқармаси бошлиғи муовини, полковник Юлия Склярова тергов тугамагунича ва жиноятни содир этганлар аниқланмагунига қадар ўлдирилган ва яраланган ўзбекистонликлар тўғрисида бирор маълумот очиқланмаслиги маълум қилди.

- Яраланган аёл ҳозирча шифохонада, унинг ҳаёти сақлаб қолиниши масаласи ҳам номаълумлигича қолмоқда. Унинг соғлиги юзасидан бирор тахмин қилиш ҳам қийин. Улар оддий мардикорлар бўлган. Уларни ўлдириш кимга керак бўлгани суриштирилмоқда, дейди Тергов қўмитаси вакиласи.

Терговчилардан олинган қўшимча маълумотлардан аниқланишича, жиноятчи ўқотар қурол сифатида пистолетдан фойдаланган, ҳодиса жойида полициячилар 9 миллиметрли пистолет гилзаларини топган.

Ҳозирда Богородское туманлараро Тергов қўмитаси терговчилари мазкур факт юзасидан РФ Жиноят Кодексининг 30 моддаси 3 қисми ва 105 моддаси 2 қисми “А” банди (қотилликка уриниш ва қотиллик) асосида жиноий иш очди.

Тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда.

Озодлик 25 июн куни Нижний Новгороддаги сув омборига чўмилгани бориб чўкиб ўлган уч нафар Ўзбекистон фуқаросининг шахси аниқлангани тўғрисида хабар берган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG