Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:03

ЎХҲга алоқадорлар Ўзбекистонда сўроқ қилинмоқда


Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг Прагадаги қурултойида қатнашиб, Тошкентга қайтганлар ҳам сўроққа тутилмоқда.
Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг Прагадаги қурултойида қатнашиб, Тошкентга қайтганлар ҳам сўроққа тутилмоқда.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик ҳизмати ертўласида уч шахс мухолифат етакчиси Мухаммад Солиҳ билан алоқалари юзасидан сўроққа тутилган. Тошкентдаги Инсон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси бу ҳақда маълум қилди.

Алянс раҳбари Елена Урлаеванинг Озодлик радиосига айтишича, ҳибсга олинган Абдурасул Мамараҳимов хамда Жамолиддин Абдураҳмоновлар "Озод деҳқонлар" ҳаракати собиқ раҳбари Нигора Ҳидоятовага қарши кўрсатма беришга мажбурланган.

– Ўзбекистон Халқ ҳаракати варақаларини тарқатгани учун ҳибсга олинган ва Конституциявий тузумни ағдаришга уринганликда айбланаётган бу йигитлар ертўлада қийноққа солинган ва Нигора Ҳидоятовага қарши кўрсатма беришга мажбурланган,- дейди Урлаева.

Ҳибсга олинганлардан бири 2010 йилда Нигора Ҳидоятова ва Муҳаммад Солиҳ Туркиянинг Истанбул шаҳрида учрашиб, Ўзбекистонда давлат тўнтаришини амалга ошириш ҳақида гаплашганликларига гувоҳ бўлганини иддао қилган.

Нигора Ҳидоятованинг ўзи терговда кўрсатма берганлар билан юзма-юз учраштирилган маҳал улардан бирини билишини, қолганларини танимаслигини айтган.

Ҳидоятованинг айтишича, ҳозир Ўзбекистон Миллий хавфсизлик ҳизмати Ўзбекистон конституцион тузумига тажовуз қилиш банди бўйича очилган жиноят ишлари бўйича уни 18 июндан гувоҳ сифатида сўроққа чақирмоқдалар.

Шундай сўроқлардан бирида Ҳидоятова ўзига қарши кўрсатма берганлардан бири билан юзма-юз учраштирилган.

– Ҳибсга олинганлардан бири билан мени учраштиришганида мен уни танимаслигимни айтсам, у мени танишини, 2010 йил 14 июн куни Муҳаммад Солиҳнинг Истанбул шаҳрининг шарқий қисмида жойлашган вилласидаги йиғинда мен билан учрашгани ва шу йиғинда Ўзбекистонда давлат тўнтаришини амалга ошириш мухокама қилинганини айтди. Бу қип-қизил ёлғон. Биринчидан, мен Муҳаммад Солиҳ билан таниш эмасман. Иккинчидан, бунақа учрашув бўлмаган, мен унинг уйида ҳеч қачон бўлмаганман. Учинчидан, варақалар ҳақида гап кетяпти. Ахир бизда Конституциянинг 29 моддаси бор ва у ерда хоҳлаган одам хоҳлаган маълумотни олиши ва тарқатиши мумкинлиги ҳақида аниқ қилиб ёзилганку,- дейди Нигора Ҳидоятова.

Ўзбекистон Халқ ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳ ҳам Озодлик билан суҳбатда Нигора Ҳидоятова билан Ўзбекистонда давлат тўнтариши ҳақида гаплашмаганини таъкидлади.

Лекин, жаноб Солиҳ МХХ ертўласида сўроққа тутилганлардан икки нафарини танишини айтди.

– Жамолиддин Абдураҳмонов Эрк фаоли бўлган. Мамараҳимов Абдурасул деган инсон эса икки йил аввал бир баҳона билан бу ерга келиб мен билан танишган ва Рауф Парфига яқин одамман дегани учун мен уни қабул қилганман. Ўшандан бери биз у киши билан кўришганимиз йўқ. Уч ой аввал эшитишим бўйича у одам Тожикистон-Ўзбекистон чегарасидан ўтаётган пайтда қўлга тушган ва чегарани бузганликда айбланиб, қўлга олинган. Бугун бу одам бизни танигани учунми ёки бошқа бир сабабларга кўрами, ундан бир фитнада қўлланиб, уни бизга ва бизга мутлақо алоқаси бўлмаган инсонларга қарши қўллашаяпти,- дейди Солиҳ.

Нигора Ҳидоятовага кўра, ўзи ва Муҳаммад Солиҳга қарши кўрсатма беришга мажбурланаётган айбланувчилар қийноққа солинган бўлиши мумкин.

– Айбланувчилар қийноққа солингани шундоқ сезилиб турар эди ва ҳатто айбланувчилардан бирининг қулоғи яхши эшитмай қолганини менга айтди. Қулоғи нимага яхши эшитмай қолиши мумкин ахир,- дейди Ҳидоятова.

Айни пайтда Нигора Ҳидояова ҳам, Муҳаммад Солиҳ ҳам инсонлар варақа тарқатгани учун ҳибсга олиниб, қийноққа солинаётганининг ўзи адолатсизликнинг бир кўриниши эканини айтишади.

– Тарқатилаётган CD ҳамда варақаларимизда ҳеч қанақа ғайриконституциявий, ғайриқонуний бир нарса йўқ. Агар Ўзбекистон ҳуқуқ органлари Жамолиддинни шу ахборотларни тарқатаётгани учун қийноққа солаётган бўлса, шу органларнинг ўзлари Конституцияга қарши жиноят қилишяпти,- деди Муҳаммад Солиҳ.

Инсон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси раҳбари Елена Урлаеванинг айтишича, Ўзбекистон Халқ ҳаракати билан алоқадорликда айбланиб, ҳозирда кўплаб мухолифат фаоллари ҳамда уларнинг яқинлари сўроққа тутилмоқда.

– Муҳаммад Солиҳ билан алоқадорлиги учун кўпларини ҳибсга олишяпти, сўроққа чақиртиришяпти. ЎХҲ раҳбарларидан бири Отаназар Орипов икки кун аввал ташкилотнинг Прагадаги қурилтойидан қайтиши билан, у ва ўғли сўроқ қилинган. Улар Солиҳ бериб юборган компютерлар ва варақаларнинг тарқатилиши юзасидан сўроқ қилинган. Лекин тарқатилган варақалар ва электрон воситалардаги ахборот аксилконституциявий характердами, бу бошқа масала. Бу юзадан зудликда экспертиза ўтказмоқ керак, сабаби кўплаб ҳибслар кутиляпти,- дейди Елена Урлаева.

Айни пайтда Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг 29-30 июн кунлари Прага шаҳрида ўтказилган қурултойи қатнашчиларидан яна бири, Хоразмдаги “Нажот” ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубов ҳам 5 июл куни Хива туманида сўроққа чақиртирилган.
XS
SM
MD
LG