Линклар

Тошкентда пойтахт кўчаларини реклама ва бошқа мазмундаги наклейка, эълон ҳамда варақалардан тозалаш тадбирлари бошланди.

Тошкентни ëпишқоқ эълонлардан тозалаш ташаббуси билан чиққан Ўзбекистон Экологик ҳаракати Тошкент бўлими фаоллари маҳалла оқсоқоллари билан бу борада бир битимга келишди.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси раиси Алишер Жўраевнинг Озодликка билдиришича, шаҳарни наклейкалардан тозалаш ташаббуси шу йилнинг март ойида пайдо бўлган:

- Дарахтлар ва бекатларга турли эълонлар ëпиштирилгани қиш кетганидан кейин яққол кўринди. Дарахтларни ҳимоя қилиш мақсадида шундай ташаббус билан чиқдик. Энг катта тозалаш тадбиримиз 17 июл куни бутун шаҳар бўйлаб ўтказилади. Биргина Чилонзор метроси ëнидаги ўнминглаб дарахтларга наклейка ва эълонлар ëпиштириб ташланган, дейди суҳбатдош.

Мулозимга кўра, бу ҳаракатдан асосий мақсад шаҳар ҳуснини бузиб, дарахтларга зарар етказаëтган реклама ва бошқа мазмундаги ëпишқоқ эълонларга қарши кураш.

Ўрмонга ўт кетса ҳўлу-қуруқ баробар ëнади


Бу ташаббус пайдо бўлган шу йилнинг март ойида мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг Ўзбекистондаги ëшлар қаноти деб тақдим қилинаётган ва ўзларини “Чўлпон” деб атаган гуруҳ Тошкентдаги бозор, маҳалла гузарлари ва бекатларга танқидий руҳдаги варақаларни ëпиштириб кетишган эди.

Тошкентдаги "Мегпланет" савдо маркази олдиа мухолифат варқалари тарқатилган эди.

Тошкентдаги "Мегпланет" савдо маркази олдиа мухолифат варқалари тарқатилган эди.

"Чўлпон" ташкилотига бириккан ўзбек ëшлари Тошкентнинг Юнусобод мавзесида жойлашган "Мегапланет" дўкони олдида автомобил ва таксиларнинг ойналарига "Эркин юрт" газетасининг навбатдаги сони ёпиштириб кетилгани акс этган фотосуратлар Озодликка етиб келган эди.

Варақаларда ҳукуматнинг киракашлар ва таксичилар фаолиятига оид чекловларга бўйсунмаслик чақириғи чоп этилган эди.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси раиси Алишер Жўраевга кўра, шаҳарни наклейкалардан тозалаш ташаббуси ҳам айнан март ойида очиқланган.

Шаҳар кўчаларида ҳукуматга қарши варақалар пайдо бўлиши билан бу ташаббус ўртасида боғлиқлик йўқлигини айтган мулозим айни вақтда Экоҳаракат ташаббусининг пировардида экстремистик чақириқлар олдини олиш эҳтимоли ҳам таҳсинга лойиқ¸ деб билади:

- Ўрмонга ўт кетса ҳўлу-қуруқ баравар ëнганидек, бу тозалаш мобайнида бу нарсанинг ҳам олди олинади. Ўйлаб қолади. Варақа илаëтган фуқаро ўйлайди. Илвотган одам орқа олдига олдин битта қараган бўлса¸ энди иккита қарайди. Биров расмга олмаяптимикан деб ўйлайди. Биров видеога солмаяптимикан деб ўйлайди. Тушунвотсизми? дейди Жўраев.

Расмий чеклов кун тартибида


Тошкент шаҳрида ëпишқоқ эълонлар тарқатиш билан шуғулланадиган иккита ширкат вакиллари бир бирларидан мустақил тарзда шаҳарда эълон ëпиштириш бўйича ҳали расман чекланмаганини Озодликка билдиришди.

- Хоҳлаганча наклейкани чоп қиламиз, қизларимиз кўчаларга ëпиштириб чиқишади.

Озодлик: Қанақадир чекловлар борми.

- Чеклов йўқ. Фақат матннинг 60 фоизи ўзбекча бўлиши керак.

Озодлик: Матн юзасидан бирор чеклов борми.

- Масалан¸ қанақа матн?

Озодлик: Ўзбекистон президенти конституцияга амал қилсин¸ деган.

- Бунақа матнни бера олмаймиз. (кулиб) Тўғриси, биз ишлаб чиқарган барча маҳсулот СНБ назоратидан ўтади, дейди эълон бериш соҳасида ишловчи тошкентлик.

Суҳбатдош 7 июл куни бўладиган Тошкент шаҳар Халқ депутатлари кенгаши навбатдаги йиғилишининг кун тартибида шаҳар кўчаларидаги тозалик, хусусан, кўчаларга ëпиштириладиган варақалар масаласи бўлажагини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG