Линклар

Қирғизистонда Ижтимоий тараққиёт вазири Равшан Собиров коррупцияда айбланиб 5 июн куни кечқурун қамоққа олинди. Миллий хавфсизлик қўмитасининг маълум қилишича, аввалроқ вазир ёрдамчиси 10 минг доллар пора олаётганида қўлга тушган.

Вазир ёрдамчиси тергов пайтида порани Равшан Собиров кўрсатмаси билан олганини айтган. Равшан Собиров мана шу кўрсатмага асосан коррупцияда гумонланиб ҳибс қилинган.

- Тергов жараёнида вазир ёрдамчиси ўз бошлиғининг кўрсатмаси билан хорижий ширкат вакилидан икки марта пора олганини айтиб берди. У 30 июнда 5 минг доллар пора олиб, вазирга берган. Вазир ёрдамчиси 4 июн куни ўша ширкат вакилидан яна 10 минг доллар пора олаётганида қўлга тушган, - деди Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитасиинг номи сир тутилишини илтимос қилган расмийси.

Маълумотда айтилишича, вазир хориж ширкатига 20 минг доллар эвазига мамлакатда фаолият юритиш ҳуқуқини олиб беришни ваъда қилган.

Равшан Собиров Қирғизистондаги Тожик миллий-маданий марказининг президенти, мухолифатдаги “Ата Мекен” партиясидан парламент депутати бўлган. Ўтган йили парламентдаги ҳукумрон коалиция уни ижтимоий тараққиёт вазири лавозимига кўрсатган эди.

Қирғизистондаги тожик диаспораси ўз миллатдошлари бўлган Равшан Собировнинг ҳибс қилиниши юзасидан президент Атамбаевга мурожаат жўнатишмоқчи. Аммо Тожик миллий - маданий маркази раиси ўринбосари Қодир Мурубатов мурожаат матни эндигина тайёрланаётгани муносабати билан унинг мазмунини айтиб беришни истамади.

Парламентдаги “Ата Мекен” фракцияси ўз партиядошларининг қамоққа олиниши нақадар қонуний бўлганини яқин кунларда муҳокама қилади. Бу тўғрида парламент депутати Бакитбек Калмаматов маълумот берди.

- Депутатлар ўзаро маслаҳатлашдик ва фракция лидери билан гаплашдик. Яқин кунларда Миллий хавфсизлик қўмитасининг коррупцияга қарши кураш агентлиги раҳбарияти ва Равшан Собиров иштирокида бу масалани фракция йиғинида муҳокама қилмоқчимиз. Собировнинг қўлга олиниши қонуний ёки қонунсиз эканини ҳал қиламиз. Бироқ бизнинг фракция, ким бўлишидан қатъий назар, қилган жинояти учун ҳар бир одам жавоб бериши керак деган нуқтаи назарда собит, - деди Бакитбек Калмаматов.

Равшан Собировнинг адвокати Кубаничбек Ташбалтаев, агар ўз ҳимоясидаги одамнинг айби 48 соат мобайнида исботланмаса, озод этилишини маълум қилди.

Июн ойида Қирғизистонда коррупцияда айбланиб парламент депутати Нариман Тулеев ва бошқа бир қатор ҳукумат амалдорлари қўлга олинган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG