Линклар

logo-print

Якунланаётган ҳафтада Ўзбекистон матбуоти фуқаролар арзига парвойи палак депутатлар, алимент тўламагани сабабли хорижга чиқа олмаётган оталар, моддий тақчиллик билан яккама-якка курашаётган ёзувчилар, балоғатга етмай чимилдиқ кўраётган келинчаклар ҳақида ёзди.

Гап деса қоп-қоп, иш деса...

Аҳоли орасида сайлов олдидан осмондаги ойни ваъда қилиб, иши битиб, улови лойдан ўтгач, айтганларини паққос эсдан чиқарадиган депутатларга ишончсизлик мавжуд.

“Ўзбекистон овози” газетаси 5 июл сонида фуқаролар мурожаатларига қулоқ солмаётган ана шундай депутатларни танқид қилади:

“Хоразм вилоятининг Шовот, Қўшкўпир туманлари, Самарқанд вилоятининг Қўшработ, Ургут ва Нуробод туманлари, Навоий вилоятининг Хатирчи, Томди ва Учқудуқ туманларида аҳолидан тушган мурожаатларга эътиборсиз қараш ҳоллари давом этмоқда. Бу туманларда ҳатто қабул кунлари тартиби, қабулда депутатлар иштироки йўлга қўйилмаган”.

“Ҳуррият” чоршанба сонида метрополитенда тиланчилик қилиб юрган қизалоқ тақдиридан нақл қилади:

“Ёрдам беринглар! Ота-онам касал. Укаларим оч. Кийишга кийимим йўқ, уларга нон олиб боришим керак. Илоё, мендан қайтмаса худодадан қайтсин, деб қўлида бир болани кўтариб олган 10-11 ёшдаги қизчани ҳар куни метрода кўришга ўрганиб қолдим”.

Муаллиф Л.Ибрагимова тўкин-сочин кунларда гадойлик қилаётган қизчанинг ҳатти-ҳаракатини тушунмайди:

“Доруломон замонда қандай инсон тиланчилик қилиши мумкин? Албатта, ишламай нон топишни ихтиёр этган, тиланишни касбга айлантирганларгина шу йўлни танлайди”.

Қаламкаш илдизи анча чуқур муаммони осонгина ечади-қўяди:

“Бунинг учун ҳар биримиз эътиборли бўлишимиз, ҳа деганда қўлига пул тутмай, танбеҳ беришимиз зарур”.

“Қарздор оталар республика ҳудудидан четга чиқолмайди”

“Инсон ва қонун” газетасида 3 июл куни эълон қилинган мақола шундай аталади.

Суд департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси расмийси Н.Тошпўлатова алиментдан қочиб юрганларга кескин чора кўрилаётганини маълум қилади. Унга кўра, Тошкент бўйича алимент тўламай келаётган 149 кишига қидирув эълон қилинган; 952 та ижро иши бўйича қарздорларнинг 9 миллиард 764,3 миллион сўмлик мулки хатланиб, савдога чиқарилган; 322 нафар шахснинг чет элга чиқиши вақтинча чекланган.

“Даракчи” эса балоғат ёшига етмаган қизларни узатиш ҳоллари кўпаяётганидан хавотир билдиради (“Бугуннинг 15-16 ёшли келинчаклари”, 5 июл). Газета саволга тутган психолог, тиббиётчи, ҳуқуқшунос ва 86 ёшли кайвони бу ҳолатни қатъий қоралайди. “Турмуш қуриш учун энг қулай давр қизлар учун 20-22 ёш, йигитлар учун эса 23-25 ёш” дея хулоса ясайди нашр.

“Новый век” газетаси “Велкам ту Ташкент?” луқмасида Тошкент аэропортига яқинларини кутиб олиш учун чиққанлар кўчада қолгани ҳақида бонг уради:

“Кутиш залидан ном-нишон қолмаган. Бу хавфсизлик важидан амалга оширилган кўринади. Лекин нима учун аэропорт раҳбарияти яқинларини соатлаб кутаётган инсонларга ғамхўрлик ҳақида ўйламайди? Аэровокзал атрофи иҳоталаб олинган, ўриндиқлар бармоқ билан санарли, яқин-ўртада соя-салқин айвоннинг ўзи йўқ. Атиги битта кафе қаққайиб турибди, у ерда ҳам отасининг нархи. Одамлар ҳеч қандай муболағасиз яйдоқ ерда ўтиришга, ётишга мажбур... Қизиқ, пойтахтга қадам қўйибоқ, асфалтга ёнбошлаганча самолёт кутаётганларга кўзига тушган хорижликлар нима деб ўйларкин?”.

Пашшадорини қаердан олган маъқул?

Расмий газеталар фуқароларга саломатлик борасида маслаҳатлар улашди.

Айни пайтда ичимлик сувининг 5-10 фоизи сув қувурининг эскириши, 20 фоизи самарасиз ускуналарнинг қўлланилиши натижасида беҳуда кетмоқда. Демак, “мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларини водопровод жўмраги остида совитаётган ёки машинасини ичимлик суви билан юваётган кишиларни кўрганимизда, бундай салбий ҳолатларга лоқайд қарамаслигимиз керак” (“Халқ сўзи” 5 июл).

Республика Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бўлим мудири Нуриддин Тошбоевга кўра, ёзда ўткир юқумли ичак касалликлари кўпаяди.

“Шунинг учун ҳар бир харидор сотувчидан сифат сертификати ёки истеъмолга яроқлилик маълумотномаси сўраши, ўз истеъмолчилик ҳуқуқларидан фойдаланиши керак” (“Ўзбекистон овози”, 5 июл).

Тошкент Дезинфекция станцияси бўлим бошлиғи М.Нурмуҳамедова эса зараркунандаларга қарши кимёвий воситаларни пулни бегона қилмай, улардан сотиб олишни тайинлайди:

“Бозорларда сотиладиган пашша ва чивинга қарши ҳар хил препаратлардан билиб-билмай харид қилманг. Улар жуда заҳарли ва нохуш ҳолатларни вужудга келтириши мумкин. Энг яхшиси, барча туманларда мавжуд ҳудудий дезинфекция станцияларига мурожаат қилсангиз, ишингиз тез ва осон битади” (Тошкент оқшоми, 4 июл)

“Биздан бошқа ташвишларинг йўқми, бўталоқларим?”

“Ёшлик” журнали 4-сонида ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст билан суҳбат чоп этган.

Адабий давраларда “Лолазор” романи муаллифи, сиёсий доираларда Ўзбекистон президентининг собиқ матбуот котиби сифатида танилган адиб ижодкорларнинг шашти пастлигини моддий қийинчилик билан изоҳлайди.

Тарихни улуғлаш борасида ўзбек халқи анча-мунча миллатга сўз бермаслигини таъкидлайди:

“Тарихимизни мақтайвериб, назаримда, аждодларимиз руҳини ортиқ даражада безовта қилиб юбордик. Буюк ўтмишга меҳримиз шу қадар кучлики, баъзида бугунги кун эсимиздан чиқиб кетади. Билмадим, худонинг қудрати билан улуғ аждодлардан бирортаси тилга кирса, балки биздан бошқа ташвишларинг йўқми, ўзларингни ўйласаларинг бўлмайдими, бўталоқларим, деб айтган бўлармиди...”

“XXI аср” хабарига кўра, Келес темирйўл божхона постида 180 та қадимий танга ва 270 дона тарихий буюм ушлаб қолинган.

Айтилишича, Тошкент-Екатеринбург поездида кетаётган қўшни давлат фуқароси Е.Красюков тарихий бойликларни ноқонуний тарзда олиб чиқишга уринган.

Хабарда ноёб буюмлар хориж фуқароси қўлига қандай тушиб қолгани очиқланмаган.
XS
SM
MD
LG