Линклар

logo-print

Ўзбек спортчилари болалар олимпиадасига қўйилмади


Uzbek children do not participate in the Olympics

Uzbek children do not participate in the Olympics

Постсовет ҳудудидаги криминал авторитетлардан бири саналган Ғафур Раҳимов Ўзбекистон Олимпия қўмитаси вице-президентлигидан олиб ташланганидан сўнг¸ ўзбек спортчилари мазкур қўмита ҳомийлигида ўтказилаëтган халқаро спорт мусобақасига жўнатилмади.

“Ўзбекларнинг иштирок эта олмаслигига ачинамиз!”

Ўзбекистон ёш спортчиларининг Якутскда бошланган “Осиё болалари” V Халқаро спорт ўйинларида иштирок эта олмаслиги тўғрисидаги маълумот сўнгги дақиқада - 5 июл куни мусобақалар очилиш маросими пайтида аниқ бўлди.

Бу хабарни Озодликка тасдиқлаган “Осиё болалари” ўйинлари дирекцияси расмийси Александр Соколов ўзбек спортчиларининг мусобақаларда иштирок эта олмаслиги сабаблари ҳозиргача номаълум бўлиб қолаётганини билдирди:

- Ўзбекистон терма жамоаси сўнгги дақиқада сабабларини тушунтирмасдан келмаслигини маълум қилди. Уларнинг ўзлари Россияга учишдан олдин бу ҳақида хабар топган, ваҳоланки ариза расмийлаштирилган, биз томондан спортчиларни кутиб олишга ҳамма нарса¸ турар-жойдан тортиб емагига қадар тайёр эди, дейди Александр Соколов.

Олимпиада расмийси¸ 1996 йилдан буён 5- маротаба ўтказилаётган “Осиё болалари” ўйинларида ёш ўзбек спортчилари доимо фахрли ўринларни эгаллаб келганини эслата туриб¸ Ўзбекистон терма жамоаси иштирок эта олмаслигидан жуда афсусда эканини айтади:

- Айтишим мумкинки, Ўзбекистон IV Ўйинларда жами 10 та медал: бешта олтин, учта кумуш ва иккита бронза медали соҳиби бўлган. Уларнинг иштирок этмаслиги жуда ачинарли ҳол, чунки “Осиё болалари” спорт ўйинлари МДҲ доирасида Халқаро Олимпия қўмитаси патронати остида фаолият қилаётган ягона лойиҳадир. Соддароқ айтадиган бўлсам, бу ўзига хос болалар Олимпия ўйинларидир, дейди “Осиё болалари” ўйинлари дирекцияси расмийси Александр Соколов.

Ўзбекистоннинг халқаро болалар ўйинларида иштирок эта олмаслигини шарҳлаётган Россия оммавий ахборот воситалари бу воқеани МДҲ ҳудудида криминал авторитет сифатида танилган ҒафурРаҳимовнинг расмий Тошкент билан кучайган муаммоларига боғламоқда.

Ўзбекистондаги энг машҳур криминал авторитетлардан бири Ғафур Раҳимов¸ норсамий манбаларга кўра¸ Тошкентдаги қудратли иқтисодий кланлар билан зиддиятга киришгач¸ 2010 йилдан бери Бирлашган Араб амирликларида ихтиёрий сургунда яшаб келмоқда.

61 ёшли Ғафур Раҳимов июн ойида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари ва Ўзбекистон Миллий Бокс федерацияси президенти лавозимларидан четлатилган эди.

Россия матбуотининг ëзишича¸ ҳамон Осиë спорт тизимлари масъулларидан бири бўлиб қолаëтган Ғафур Раҳимов¸ Якутскда бошланган “Осиё болалари” V Халқаро спорт ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этган, айни пайтда Саха-Якутия президенти билан учрашув ўтказган.

Ўзбекистон терма жамоасининг ўйинларда иштирок этмаётганини таҳлил қилган Саханинг “Наше время” нашри, бунга маълум даражада Тошкент раҳбариятининг бизнесмен Ғафур Раҳимов билан муносабатлари таранглашганини сабаб бўлганини тахмин қилмоқда.

“Вазирлигимизга ҳайфсан эълон қилинди!”

Озодлик ўзбек спортчиларининг Якутскдаги болалар мусобақаларига кела олмагани сабабларини аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига мурожаат қилди.

Ўзбекистон Маданият ва спорт вазири ўринбосари, Махсус олимпия қўмитаси президенти Дмитрий Адисман Озодлик мухбирига спорт вазирлигидаги айрим амалдорлар эътиборсизлиги туфайли болалар аэропортдан ортга қайтишга мажбур бўлганини айтади.

- Болаларимиз яхши тайёргарлик кўрган эди, 98 кишига биз болалар паспортини тайёрлаган эдик, ота-оналаридан рухсатномалар олинган эди, чиқиш визалари қилинган эди... Оддий техник хато туфайли биз чиқиб кета олмадик. Содир бўлган вазият ортидан бизнинг Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлиги ҳайфсан олди, дейди Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси расмийси Дмитрий Адисман.

Бу техник сабаб эса¸ Адисманга кўра¸ билетлар нархи билан боғлиқ.

"Қўмита олдиндан Якутия авиаширкатларидан бири орқали билетлар буюртма қилди. Бироқ айнан мусобақа бошланишидан бир неча кун олдин, авиақатновни ўз зиммасига олган авиакомпания фақат транзит орқали болаларни Якутскга етказиб қўйиши мумкинлигини маълум қилди.“Бизнинг Миллий олимпия қўмитамиз якутиялик “Осиё болалари” дирекцияси ва якутиялик касбдошларимиздан расмий кечирим сўради”, дея давом этади Адисман.

- Якутияга ҳаво йўли берилмагани аниқланди. Самолëтлар алмашиши натижасида нархлар ҳам икки баробар ошди. Биз эса бундан икки баробар кам миқдорда пулни Молия вазирлигига тақдим этган эдик. Уни қайтариш учун анча вақт кетади. Шу сабабли биз яхшироқ тайёрланиб кейинги ўйинларда иштирок этишга қарор қилдик, дейди Ўзбекистон Спорт вазирлиги муовини Дмитрий Адисман.

Адисман сўзларига кўра, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси катталарнинг Осиё Олимпиадасига тайёргарлик билан овора бўлиб, болалар олимпиадасига етарли эътибор кўрсата олмаган.

Дмитрий Адисман иддаосича¸ мазкур ҳодисада бирор сиёсий сабаб йўқ. Расмийнинг таъкидича¸ айрим Россия оммавий ахборот воситаларининг ўзбек спортчиларининг мусобақаларда иштирок эта олмаганини куни-кеча Ўзбекистоннинг КХШТдан чиқиб кетиши билан боғлашга уриниши асоссиздир.

Халқаро Олимпия қўмитаси, Осиё Олимпия кенгаши ва ЮНЕСКО ҳомийлиги остида ўтказилаётган “Осиё болалари” V Халқаро спорт ўйинларида дунёнинг 27 мамлакати ва Россиянинг 8 минтақасидан келган ëш спортчилар қатнашмоқда.

Ташкилий қўмита маълумотига биноан, мусобақаларда 3000 га яқин ёш спортчи 20 спорт тури бўйича 230 комплект медал учун кураш бошлади.
XS
SM
MD
LG