Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:57

Ўзбекистон бозорларида мева-сабзавот арзонлади


Нархларнинг тушиб кетганини баъзилар ҳукуматнинг ички бозорни ҳимоялаш юзасидан кўраётган чоралари маҳсули, деб баҳоласа, таҳлилчилар мева-сабзавот экспорти билан шуғулланувчи бир неча гуруҳ учун яратилган шароит оқибати¸ демоқда.

Ўзбекистон бозорларида мева-сабзавот нархлари кескин тушиб кетди.

Баъзи бозорларда, масалан, 1000 сўмга 5 кило бодринг сотиб олиш мумкин.

Тошкент вилояти, Янгийўл шаҳри бозоридаги нархларни шу ерлик Парпи акадан сўрадик.

- Бодринг 1000 сўмга 5 кило. Чидамаган деҳқон ташлаб ҳам кетиб юбораяпти. Помидор 1000 сўмга 4 кило, 5 кило. Ўзим сотиб олдим.

- Ўтган йили қандай эди нархлар?

- Бултур шу кунларда бодрингнинг бир килоси 1000-1200 сўм эди. Помидор камида 1500 сўм эди.

Янгийўллик Парпи аканинг айтишича, мевалар – гилос ва ўриклар нархи ҳам ўтган йилгидан анча арзон.

Фарғонада ҳам бу йил арзончилик.

- Помидорни 1000 сўмга 3 кило ҳам беради. Бодрингнинг ўртача нархи 500 сўм, деб хабар қилди фарғоналик Маъруфжон ака.

Тошкентнинг Чорсу бозорида 6 июл куни бир кило помидорнинг ўртача нархи 600 сўм, бир кило бодрингнинг ўртача нархи 500 сўмни ташкил қилди.

Тошкентлик иқтисодчи Миркомил Тошкандийнинг айтишича, ўтган йилнинг 6 июлида нархлар камида 50%га баланд эди.

Янгийўллик Парпи ака нархлар тушиб кетганидан жуда хурсанд.

- Арзончилик бўлганидан халқ ҳам хурсанд. Яқин орада бундай арзончилик бўлмаган эди.

Хўш, арзончиликнинг сабаби нимада? Маҳсулот ҳар йилгидан кўпроқ етиштирилдими ёки бошқа сабаб борми?

Парпи аканинг айтгани:

- Сабаби шуки, Янгийўл туманидан Қозоғистонга чиқиб кетадиган йўл бор эди. Ўша йўлдаги божхонани бу йил умуман беркитиб ташладилар. Шунинг учун Қозоғистон ва Россияга маҳсулот чиқара олишмаяпти.

Бунга ўхшаш фикрни иқтисодчи Миркомил Тошкандийдан ҳам эшитдик.

- Сабаби, ҳозир чегараларимиз ниҳоятда мустаҳкам. “Темир девор” қурилган. Ўзбекистондан мева-чева у ёқда турсин, пашша ҳам чиқиб кетолмайди.
Қимматчиликдан арзончилик яхши, албатта. Лекин бу – масалага харидор позициясидан ёндошишдир, холос.

Нархлар тушиб кетган бир шароитда деҳқоннинг аҳволи нима кечаяпти?

- Деҳқон яйрамаяпти. Деҳқон офтобда куйиб, ёзи билан қилган меҳнатига қишга базўр етадиган нонини топаяпти, холос, деди янгийўллик Парпи ака.

Бозорларда мева-сабзавотнинг кўп эканлигига Ўзбекистон ҳукумати уни экспорт қилишни истамаганидан эмас, балки Қозоғистону Россиядай катта бозорларнинг импорт қилишни истамаганидандир, балки?

Россия ҳукумати жорий йил баҳорида Ўзбекистондан самолёт ва поездларда келувчилар багажида мева-сабзавот келтирилишини тақиқлаб қўйганини айтмаса, бошқа кенг миқёсли тақиқ жорий этмаган.

Қозоғистон эса, асли ўзбекистонлик иқтисодчи олим Сапарбой Жубаевнинг айтишича, Ўзбекистондан мева-сабзавот импорти учун эшикларини доимо очиқ тутади.

- Қозоғистонда мева-сабзавот йўлини тўсадиган ҳеч қандай чеклов йўқ. Аксинча, ҳукумат жанубий вилоятлар ҳокимларига Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистондан кирадиган маҳсулотларга кенгроқ йўл очиб қўйишни тайинлайди. Чунки, масалан, Остона шаҳрида бир кило бодринг нархи бир доллардан ортиқ, деди Остонадаги Евроосиё институти доценти Сапарбой Жубаев.

Унинг айтишича, Ўзбекистондан мева-сабзавот импорт қилишига Қозоғистоннинг Божхона Иттифоқига кирганининг ҳам таъсири йўқ.

Суҳбатдошларимизнинг айтишича, Ўзбекистондан мева-сабзавот мутлақо чиқарилмаяпти, деб ҳам бўлмайди.

Фарғоналик иқтисодчи Маъруфжон Абдураҳмонов масалани кейинги кунларда атайлаб ўрганди. Унинг айтишича, мева-сабзавотни баъзи таниши кучли бўлганлар, пули борлар ташқарига олиб чиқаяпти.

Мазкур масалани бир неча йил ўрганган асли ўзбекистонлик иқтисодчи, Евроосиё институти доценти Сапарбой Жубаев Ўзбекистон ҳукуматининг қишлоқ хўжалик маҳсулотларига оид ҳар йили қабул қиладиган қарорларини назарда тутиб бундай деди:

- Бу қарорлар айрим гуруҳларнинг бойишига хизмат қиладиган қарорлар бўлиб қолмоқда. Ва бу фикрга келганимга ўн йиллар бўлиб қолди.
XS
SM
MD
LG