Линклар

2011 йилда ўзбек суди ҳукми билан “Бекободцемент” ширкати акцияларининг назорат пакетидан айрилган Қозоғистондаги United Cement Group холдинги ўз таркибидаги "Қувасойцемент" компаниясини ҳам йўқотиш хавфи остида қолди.

“Қувасойцемент” очиқ ҳиссадорлик жамияти акцияларининг назорат пакети Ўзбекистон ҳукумати ихтиёрига ўтказилиши мумкин.

Ўзбекистон ҳукуматига яқин ахборот агентликлари тарқатган маълумотга кўра, йирик саноат корхоналаридан бири бўлган “Қувасойцемент” заводи ҳиссадорларига тегишли бўлган 40 миллиард сўмлик акция ҳибс қилинган. Мазкур завод акциялари назорат пакети Қозоғистоннинг United Cement Group ширкатига тегишли эди.

2011 йилдан Ўзбекистон Давлат мулк қўмитаси United Cement Group ширкатига қарашли “Бекободцемент” корхонаси акцияларининг 51 фоиздан кўпроғига эгалик қила бошлаган.

Жорий йил бошида “Бекободцемент” раҳбарияти цементни ноқонуний ишлаб чиқариш ва экспорт қилишда айбланиб Тошкент вилоят суди ҳукми билан турли йилларга озодликдан маҳрум қилинган эди. Суд ҳукми билан завод акцияларининг 51 фоиздан кўпроғи ҳукумат ихтиёрига ўтказилган.

“Бекободцемент” ҳиссадорлик жамиятининг United Cement Groupга тегишли бўлган акцияларининг Ўзбекистон Давлат Мулк қўмитаси фойдасига ўзлаштирилишидан норози бўлган ушбу ширкат, Ўзбекистонни халқаро судга беришни режаламоқда. Бу ҳақда Ўзбекистондаги қатор ярим расмий ахборот агентликлари хабар қилди.

Хабарларда айтилишича, “Бекободцемент” акционерлик жамияти акцияларининг давлат фойдасига ўтказилиши United Cement Group холдинги норозилигига сабаб бўлган. Унга қадар, United Cement Group “Бекободцемент” акциадорлик жамиятининг 51,53% акциаларига эгалик қилган. Акцияларнинг қолган қисми Ўзбекистон давлати ҳиссасида бўлган.

2011 йилда Тошкент вилояти прокуратураси “Бекободцемент” акционерлик жамияти раҳбарияти ва бошқармасига нисбата жиноий иш қўзғаб, бир қанча айбловлар қўйган эди. Жумладан, “Бекободцемент” акционерлик жамияти ноқонуний маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш, ҳамда солиқ тўловларидан қочиш каби айбловлар қўйилган эди. Бу жиноий иш натижасида “Бекободцемент” заводи директори, россия фуқароси Сергей Никитин ва унинг бир қанча шериклари қамалган эди.

- Ўзбекистон суд тизимида адолат топилмас экан, демак қозоқ ширкатининг халқаро судга мурожаат қилиши табиий ҳол. Назаримда, Қозоғистоннинг United Cement Groupнинг халқаро судга мурожаат қилиши кутилган иш. Ҳозирги шароитда ҳар бир давлатнинг сармоя муҳити тўғрисидаги тасаввурлар мавжуд.

Агар бирор-бир давлатда битта бўлса ҳам сармоядор муаммога учраб, давлатдан чиқиб кетар экан, бу ҳолат бошқа сармоядорларга ҳам сигнал бўлиши мумкин¸ дейди қозоқ ширкатининг Ўзбекистонда дуч келаëтган муаммоларинини шарҳлаган Қозоғистон тадбиркорлари Мустақил ассоциацияси вице-президенти Тимур Назханов.

Озодлик бу жараëнга ойдинлик киритиш мақсадида кун давомида United Cement Group холдингининг Олмаотада жойлашган бош қароргоҳига қўнғироқ қилди. Бироқ 6 июл куни Қозоғистонда давлат байрами бўлганлиги сабабли, ушбу холдинг ва бошқа давлат муассасалари билан боғланишнинг иложи бўлмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG