Линклар

logo-print

Қирғизистонда бир неча ой ичида иккинчи маротаба мадраса мударриси балоғатга етмаган ўғил болаларга жинсий зўравонлик қилганликда айбланмоқда.

Ҳали тўққиз ёшга тўлмаган Алим (исми ўзгартирилган) Бишкек шаҳридаги 3-болалар касалхонасида даволанмоқда. Алим касалхонага Ўш шаҳридан олиб келинганига 4 кун бўлди. У Ўш шаҳрининг Черемушки мавзесида жойлашган “Сулайман-Тоо” мадрасасида таълим олаётган пайтда мадраса мударриси томонидан зўрланганини айтмоқда.

- Мударрис мени зўрлаганини ота-онамга айтишга қўрқдим. Чунки мударрис “айтсанг калтаклайман” деб қўрқитган эди. Ота-онамга мадрасага боришдан бош тортишимни айтдим. Аммо улар менинг гапимга қулоқ солмай, диний таълим оласан деб мажбуран мадрасага жўнатаверишди, -деди Алим.

“Касалини яширсанг истимаси ошкор қилади” деганларидек, мадраса мударриси томонидан боланинг зўрлангани тасодиф туфайли маълум бўлди. Бу ҳақда ўғлини мадраса мударриси зўрлаганини иддао қилаётган Алимнинг онаси Дилбар гапириб берди:

- Боламнинг истимаси кўтарилиб, ҳожатга ҳам бора олмай қийналиб қолди. Шифокорлар боламни текшириб, унинг зўрланганини аниқлашди. Бир томондан ислом динининг обрўсини ўйлаб индамай қўя қолай дедим. Аммо боламнинг қийналганини кўриб “зўравон жазосини олиши керак”, деб ҳисобладим. Биз оиламиз билан намоз ўқиймиз, шунинг учун бу қарорга келишимиз осон бўлмади, -деди Дилбар.

Алимнинг онаси бола зўрланганини аниқлаган шифокорлар касалхонага милиция чақиришганини ва мударрисга қарши жиноят иши очилганини айтиб ўтди. Шифокорларга кўра, жинсий зўрланган бола руҳий жиҳатдан ҳам жароҳатланган. У одамлардан қўрқиб қолган.

Ўш шаҳар милицияси матбуот котиби Замир Сидиқовнинг айтишича, Алимни жинсий зўрлаганликда гумонланаётган мадраса мударриси 4 июл куни қамоққа олинган.

- Ўш шаҳрининг Черемушки мавзеидаги Шота Руставелли кўчаси 9-уйда жойлашган “Сулайман-Тоо” мадрасаси мударриси, 1990 йилда туғилган Ўш шаҳри турғуни қўлга олинди. Дастлабки тергов пайтида у 25 июн куни мадраса ичида 2003 йилда туғилган ўқувчисини жинсий зўрлагани аниқланди, -деб билдирди Замир Сидиқов.

Қирғизистон муфтияти эса матбуотни мазкур воқеа юзасидан эхтиёткорлик билан ахборот тарқатишга чақирмоқда. Муфтиятнинг мадрасалар бўлими бошлиғи Рустам Гулматов бундан олдин ҳам Бишкекдаги мадраса мударрисларидан бирига мана шундай тухмат қилинганини айтиб ўтди:

- Мадрасада ким бўлган, воқеа қандай юз берган - бу масалаларни диққат билан ўрганиш керак. Негаки, ислом мударрислари обрўсини тўкиш мақсадида ҳам мана шундай тухматлар қилиниши мумкин. Масалан, бундан аввалроқ Бишкекдаги Ак-Орго мавзесидаги мадраса мударриси ҳам бачабозликда айбланган эди. Бироқ тергов давомида бу тухмат экани аниқланган. Мударрис оқланган. Шунинг учун ҳам тергов натижаларини кутамиз. Агар мударрис ҳақиқатан ҳам болани зўрлаган бўлса, у сўзсиз жиноий жавобгарликка тортилиши шарт, - деди Рустам Гулматов.

Айни пайтда Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари жорий йилда балоғатга етмаган қизлар ва ўғил болаларга нисбатан жинсий зўравонлик қилиш ҳолатлари ўтган йилга нисбатан анча кўпайганини билдирмоқда. Мана шундан келиб чиққан ҳолда қирғиз жамиятида педофилларни кимёвий йўл билан бичиш масаласи муҳокама қилинаётир..

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG